“Tik-Tok”чилар ва Калифорния синдроми

1 ой. аввал Жамият22

Ҳаётда аниқ бир мақсади бўлмаган, яшашни мусобақа деб биладиган, ўзидан бошқа ҳеч кимни ўйламайдиган, манманлик чўққисига чиққан (эгоист) инсонлар сони кун сайин ортиб бормоқда. Америкалик руҳшунослар катта тезликда ортиб бораётган бу ҳолат биринчи бўлиб дунёнинг кайфу сафо маркази Калифорнияда пайдо бўлгани учун унга “Калифорния синдроми” деб ном берган.

Бу синдромга чалиниш босқичлари қуйидагича: аввало киши дунё лаззатларига кўмилади, ҳаёти завқу шавқ, кайфу сафо билан ўтади. Бу ҳолат унда манманликни, эгоистликни кучайтиради. Манманлик эса, ўз навбатида, атрофидаги инсонларнинг безиб, ундан узоқлашиши ва кишининг ёлғизлашувига сабаб бўлади. Ёлғизлик, табиийки, бахтсизликни келтириб чиқаради. Киши ўзини ёлғиз ва бахтсиз ҳис қилгунича ё ўз жонига қасд қилади, ёки гиёҳвандлик, ичкиликка берилади ёки давомий тушкунлик, стресс ва депрессия таъсирида оғир касалликларга чалиниб, барвақт вафот этиб кетади.

Бугун ҳали мактабни ҳам тамомламаган, дунё ва ҳаёт ҳақида тасаввурлари, билим ва тажрибалари етарлича шаклланиб улгурмаган ёш авлод орасида юз минглаб обуначиларга эга, ғайриоддий машҳурлик ҳамда бойлик чўққисига чиққан ёшлар пайдо бўлмоқда. Уларнинг ҳаёти деярли тўлиқ виртуаллашди, ҳатто ухлаб ётганини, айрим ўта хос ҳолатлари, алоқа ва муносабатларини ҳам интернет орқали эфирга узатаётган ёшлар учрамоқда. «Tik-Tok уйи» деб аталган уйда қиз ва ўғилларнинг аралаш-қуралаш бўлиб яшаши, ўйин-кулгулари, шоҳона ва “бенуқсон” ҳаёти менинг назаримда юқори тилга олганим “Калифорния синдроми”нинг бошланғич аломатларидан дарак бермоқда. Эътибор беринг, бу ёшлар улашаётган видеолари фақат хурсандчилик, ялтир-юлтур, “ҳа-ҳа-ҳа”, “хи-хи-хи”дан иборат.

Баъзи ёшлар эса омма эътиборини ўзига қаратиш, тезда машҳур бўлиш, ўзига аудитория тўплаш мақсадида ҳатто ўзи ва бошқаларнинг ҳаёти учун хавфли ишларга қўл урмоқда. Уятсиз хатти-ҳаракатлар, бемаъни қилиқлар, алмойи-алжойи гаплар, хуллас, одоб-ахлоқ ва қонун-қоидаларга зид ҳаракатлари билан кўпчиликнинг эътирозига, танқид ва дашномларига сабабчи бўлаяптилар.

Яна бир оғриқли масала шундаки, бугун бу ёшларни кузатиб бораётган тенгдошлари ғайриихтиёрий равишда уларга тақлид қилмоқда, уларга ўхшашга, улардай бир зумда машҳур ва бой бўлишга, рангоранг, тўкин-сочин ҳаётни қўлга киритишга интилмоқда, ҳеч бўлмаганда орзу қилмоқда, лолу ҳайрон қолмоқда, қўпол қилиб айтганча, уларни оғзидан сўлаги оқиб томоша қилмоқда. Айримлари эса ўз ҳаётидаги баъзи бўшлиқларни видеоларни томоша қилиш орқали тўлдиришга уринмоқда – худди ширин туш кўраётгандек.

Лекин реал ҳаёт аслида ундай эмас. Чин ҳаётда қувончнинг ёнида қайғу, висолнинг ёнида хижрон, яхши билан ёмон, баланд билан паст бор. Бойликка, машҳурликка меҳнат, илм, сабр билан эришилсагина улар бардавом бўлади, инсонга чинакам бахт, барака, хотиржамлик ва ҳузур-халоватни беради.

Тўсатдан келган бойлик ва машҳурликка эса ҳар ким ҳам дош бера олмайди, ҳамма ҳам бунинг ортидаги синовлардан муваффақиятли ўта олмайди. Ана шу имтиҳондан йиқилганларда «Калифорния синдроми» авж олишни бошлайди. Энг ёмони, бу касаллик интернет ва электрон қурилмалар замонида коронавирусдан ҳам тезроқ тарқалиб, ундан ҳам кўпроқ одамларни, айниқса маънавий иммунитети заиф, билим ва тажрибалари оз бўлган ёшларни заҳарламоқда. Бу «эпидемия» фахш, ичкиликбозлик, илмсизлик ва бидъат-хурофотлар кенг тарқалган ҳудудларда, айниқса, мисли кўрилмаган фожиаларга сабаб бўлиши мумкин.

Тўғри, Интернет ва мобил технологиялари замонида туғилган ва вояга етган бу Z авлодни чегаралаш, тийиш, бир қолипга солиш имконсиз. Чунки бу ёшлар бутун сифатлари билан суюқликларнинг хусусиятларини ўзларида мусажжам этади – босимни оширсангиз тошади, ҳарорат кўтарилса парланиб кетади, бир жойга тўпламоқчи бўлсангиз турли томонларга тарқаб кетади, идишга солсангиз тешик-тирқишлардан оқиб кетади. Энг маъқули эса ёшларни ўзлари учун қулай муҳитда ушлаб туриш ва тўғри йўлга солиш, уларга ҳалол ва харом, яхши ва ёмон, оқ ва қорани танитиш керак. Бу борада бизга энг яхши ўрнак ва намуна, шубҳасиз, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдир.

«Саҳиҳи Муслим»да ривоят қилинишича, Абу Маҳзура исмли бир бола муззинга тақлид қилиб, масҳаралаб азон айтаётган эди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам уни олдиларига чақирадилар ва азонни мазҳара қилаётганини билмаганга солиб, жиддий ва юмшоқ оҳангда: «Нақадар чиройли азон айтаяпсан! Қани, кел, бу ерда ҳам бир азон айт», деб боланинг бошини силайдилар.

Жуда уялиб кетган Абу Маҳзура бу сафар бор иқтидорини ишга солиб азон айтади. Хато ва камчиликларини тўғрилаган Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам унинг чўнтагига бир неча дирҳам солиб, қўллари билан унинг устини силайдиган ва:
«Муборак бўлсин!» дейдилар.

Абу Маҳзура бу илтифотдан жуда ҳам лол қолади. Бироздан кейин Маккада муаззинлик қилиш учун рухсат сўрайди ва узоқ йиллар Маккада муаззинлик қилади. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам силаган сочларини У зот саллоллоҳу алайҳи ва саллам қўллари теккан, деб умри давомида кесмайди. Кексаликка етганида унинг сочлари жуда узун эди. (Имом Муслим ва бошқалар ривоят қилган).

Санжар Саид

sanjarsaid