Талабалар ижтимоий ҳимояси қандай бўлиши керак?

5 кун.аввал Жамият58

Кеча навбатдаги ўқув йилидан Ўзбекистон ОТМларида стипендиядан воз кечиб, контрактни камроқ тўлаш тизими яратилиши мумкинлиги хабар қилинди. Бир қараганда бу яхши янгилик. Шу орқали контрактлар миқдори сезиларли камайиб, баҳо олишдаги порахўрликларга ҳам анча барҳам берилади (ахир кўпчилик талабалар бешлик стипендия олай, деб домласига пул бермайдими?).

Аммо бу ерда бошқа бир нозик масала юзага чиқади: стипендиялар бекор қилинса талабаларнинг аҳволи қандай кечади? Улар ижтимоий томондан қандай ҳимоя қилинади? Аслидаку, ҳозирги стипендия тизими ҳам талабаларни самарали ижтимоий ҳимоя қила олмайди. Чунки, талабаларнинг иккита асосий ижтимоий муаммоси бор – улар қорин тўйдириш ва бошпана топиш (хоҳ ижара уйи, хоҳ ётоқхона бўлсин). Бу муаммолар ўзбек талабаларини йиллардир қийнаб келмоқда. Ўзимиз ҳам талаба бўлганмиз, стипендия олганмиз. Аммо стипендияларимизни, ҳатто уйдан оладиган пулларимизни ҳам рационал сарфлай олмасдан, тезда тугатиб қўяр эдик. Қўлимизда пул бўлса катта-катта ҳаржлаб, кейин ролтону буханкага кунимиз қоларди. Уйда ейишга ҳеч вақо қолмаган кунлари шаҳар айланиб вақт ўтказишга мажбур бўлганмиз ҳам (ойлик йўл чиптамиз бўларди).

Шу ўринда баъзилар талабаларнинг ишлаши кераклигини айтиши мумкин. Мен талабаларнинг ишлашига қаршиман ва нима учунлиги ҳақида алоҳида ёзаман.

Айни пайтда Туркияда таҳсил олар эканман, бу ерда ҳам худди шундай ҳолат борлигига гувоҳ бўлаяпман. Ёшларнинг аксарияти қўлига тушган пулни оқилона сарфлай олмайди. Натижада ой охирига бориб пуллари тугаб қолади. Аммо бу ерда талабаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими яратилган. Ўзим таҳсил олаётган Кастамону университети (35 минг талаба ўқийди) мисолида баъзиларини санаб ўтсам.

Университет ҳовлисида ҳар куни соат 12 да Кастамону вилояти (беледиеси) ҳокими номидан бепул бир дона айрон ва бир ликопча пилав (қайнатилган гуруч) берилади. Жуда шоҳона тушлик эмас, аммо пули йўқ талаба учун катта сийлов.

Университет ошхонасида икки маҳал: 11:30 дан 13:00 гача ва 16:30дан 18:00гача иссиқ овқат берилади. Атиги 2 лирага (ўзбек сўмида 3,5 минг сўмча) шўрва, қуюқ овқат, салат ёки ширинлик (баъзида компот, айрон ёки мева), бир қутича (сўраса яна беришади) сув ва истаганча нон олиш мумкин. Ошхона менюси бой, тўйимли ва фойдали. Балиқ, товуқ, мол гўшти, сабзавотлар, миллий ширинликлар ҳам киритилган. Менюни университет сайти ёки мобил иловасидан кўриш мумкин.

Энг муҳими, ошхона учун алоҳида – махсус стипендия ажратилади. Талабалар унга ариза топшириб, йил давомида текинга овқатланиши мумкин. Унга махсус карточка берилади ва ошхонага киришдаги турникетга теккизиб, овқат олаверади. Шунингдек, талабалик гувоҳномасига олдиндан овқатланиш учун пул ташлаб, фойдаланиб юриш мумкин.

Талабалар ётоқхоналарида эса эрталаб ва кечқурун, ўқиш бўлмаган кунлари – байрамлар ва ҳафта охирида уч маҳалдан иссиқ овқат берилади. Ётоқхоналар текин ёки пулли бўлиши мумкин, аммо хизмат кўрсатиш сифатида барчасида юқори даражада. Ётоқхоналарда барча шароитлар мавжуд. Масжид, спорт заллари, кир ювиш хоналари, кутубхона, дарс хоналари, интернет, ҳар бир хонада музлаткич, ҳожатхона ва ювиниш хонаси ваҳоказо.

Эркаклар ва қизлар ётоқхоналари алоҳида бўлиб, қатъий тартиб-қоидалар мавжуд. Кириш-чиқишда бармоқ изи босилади ва талабанинг келган-келмагани қайд қилиб борилади. Агар талабалар белгиланган вақтгача ётоқхонага келмаса (маъмуриятни огоҳлантирмаса) васийсига СМС боради, баъзи ётоқхоналарда келмагани кунларига маълум миқдорда жарима тўлаш ҳам йўлга қўйилган.

Ётоқхонада яшайдиган курсдошларимнинг айтишича, улар учун турли шаҳарлар ва масканларга бепул саёҳатлар, зиёфатлар, суҳбат ва маданий тадбирлар ўтказиб турилади. Шунингдек, талабалар учун кўплаб тижорий объектларда чегирмалар бор. Музейлар, миллий боғлар ваҳоказо.

Ижара уйларида яшайдиган талабалар учун талабалар энг гавжум бўлган (университет жойлашган) маҳалла марказида катта кир ювиш маркази ташкил этилган. Марказда кийим ювиш, қуритиш (алоҳида ускуналар бор) ва дазмоллаш каби хизматлардан фойдаланиш текин.

Стипендия масаласига келсак, аввало Туркия ҳукуматининг расмий стипендияси, ундан ташқари турли вақфлар бурслари (стипендиялари) бор. Уларни олиш учун эълон қилинган вақтда ариза топшириш керак бўлади.

Хуллас, Туркияда талабалар – арзанда ўғилдай гап. Уларнинг тўлақонли таҳсил олишига халал берувчи ижтимоий муаммолар йўқ ҳисоби. Шарт-шароит ва имкониятлардан фойдаланиш эса бутунлай бошқа масала.

Дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам талабаларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг турли механизмлари ишлаб чиқилган бўлиб, мамлакат келажагини ҳал қилувчи авлодни тарбиялашда уларнинг турли ижтимоий муаммоларга ўралашиб қолишининг олди ҳар томонлама олинган. Аксарият давлатларда талабалар яшаш, овқатланиш, маиший масалаларда муаммоларга дуч келмайди ва асосий диққат-эътиборини фақат ва фақат ўқишга, билим олишга, тажриба ва малака орттиришга қарата олади.

Бу масала Ўзбекистон ҳукумат томонидан ҳам жиддий ўйлаб кўрилиши керак. Талабаларнинг асосий вазифаси – ўқиш. Уларнинг вақти, энергияси, фикру эътиборини ўткинчи, иккиламчи муаммо ва масалаларга сарфланмаслиги керак.

Бир нарсани унутмаслик керак! Давлат таълим учун қанча талаб қилинса шунча пул сарфлаши зарур. Яратилган шароитлардан ҳамма ҳам максимал фойдаланмаслиги мумкин, аммо юз минглаб талабаларнинг ичидан келгусида мамлакат қудратини мислсиз ошира оладиган бир неча мутахассис етишиб чиқиши аниқ. Аммо бугун ўша бир неча мутахассис майда муаммолар гирдобида қолиб кетган, улар қорин ва бошпана ташвишида иқтидори ва салоҳиятини беҳуда сарфлаб юрган бўлиши ҳеч гапмас.​

sanjarsaid