Туркияда ижара шартномаси ва коммунал тўловлар

Туркиянинг Кастамону шаҳрида яшаётганимга роппа-роса беш ой бўлди. Бу вақт ичида иккита уйга кўчдим. Биринчи сафар университет яқинидаги 1+1 уйда бир ойдан зиёдроқ яшадик, кейин сал узоқроққа 1+1 уйга кўчдик. Иккиси ҳам тўлиқ ашёли – рўзғор учун керакли техника (кир ювиш машинасидан кийим қуритиш воситасигача) ва мебеллар бор.

Кастамонуда ижара уйлари нархи ашёлари бор-йўқлиги, шаҳарнинг қайси қисмида жойлашгани, уйларнинг янги-эскилиги, иситиш тури – газ ёки кўмир/ўтин ва бошқа фарқларига қараб турлича – 400 лирадан бир неча минг лирагача.

Тўловлар

Университет яқинидаги уй учун 1100 лира (сўмга айлантириш учун 1600 га кўпайтиринг) тўлардим, ҳамма коммунал тўловлар уй эгасининг зиммасида эди.

Иккинчи уй учун эса ижара ҳақи – 800 лира (150 доллардан сал зиёдроқ), аммо барча коммунал тўловларни ўзим тўлайман. Энг қиммати газ – бир ойда 180 лирагача тўладим. Электр учун 50-80, сувга 15-17 лира, интернетга 40 лира, подъезд тозаловчи аёлга 12,5 лира.

Иссиқ сув ва иситиш тизими автоном – комби орқали. Яхши томони кунлар исиши билан комбини ўчираман, фақат иссиқ сув учун сарфланган вақти ишлайди. Натижада кунлар исиши билан газга кўпи билан 50 лира тўласам керак.

Ижара шартномаси

Биринчи марта уй эгасининг офисида, иккинчи марта кўчадаги ошхонада ижара шартномасини имзоладик. Унда тўлов миқдори, уйдаги ашёлар рўйхати ва бир неча қайдлар бор холос. Бирор жойга хато ёзиб қўйса устидан ўчириб, ёнидан ҳам ёзаверса бўларкан. Иккинчи мартада фақат шартноманинг нусхасини олдим.

Шартномада фақат менинг исм-шарифим (қизиғи турклар барча ҳужжатларда онанинг исмини ҳам ёзишаркан) ёзилди. Кимлар билан яшашимни ёзиш шарт эмас экан.

Шу билан уй эгаси уйни менинг ихтиёримга тўлиқ топширди ва қолган ҳужжатларни расмийлаштиришда уни овора қилишимга ҳожат қолмади.

Кимлик. Туркияда яшаш рухсатномаси (пластик карта кўринишида), бизни тилда айтганда прописка. Уни олиш учун ижара шартномаси нусхасини нотариусдан тасдиқлатиш керак. Нотариусга ижара шартномаси нусхаси ва 80 лира (адашмасам) пул берасиз холос. Ундан нусха олиб, керакли жойларига муҳр босади ва компьютерда рўйхатга киритиб, иккита қилиб қайтариб беради. У фақат кимлик олиш учун керак, бошқа ҳеч қаерда сўралмайди.

Газ, электр ва сувни улаш. Туркияда газ, электр ва сув учун ижарада турувчи одамнинг ўзи югур-югур қилиши керак. Яъни улар ижарачининг номига очилади, уйни тарк этса ҳаммаси узилади. Лекини шундаки, ҳар бири учун муайян миқдорда депозит тўлови бор экан. Мен ҳар уччаласи учун 800 лирага яқин тўладим.

Яхши томони шундаки, бошқа уйга кўчсангиз, 15 кун ичида депозитга тўлаган пулларингизни муаммосиз қайтариб оласиз. Коммунал тўловларни фатура дейишади. Ҳар ой, кўпроқ ишлатиб юборган вақтингизда тўрт-беш кунда ҳам уйингизга ингичка узун қоғозда қанча ишлатганингиз, қарз миқдори, аввалги ва охирги кўрсаткичлар, бошланғич ва сўнгги тўлов муддатлари каби маълумотлар ёзилган фатура келади. Ундан ташқари телефонингизга улар қайд этилган SMS-хабар ҳам келади.

Энг охирги бўлиб ой сўнгигача тўловларни қилмасангиз, кесиб кетишади. Агар яна қанчадир муддатда қарзни тўламасангиз, тўлаган депозитингиздан олиб қолишади – муаммо йўқ, қўрқитиш, дағдағаю эшик тақиллатишлар ҳам йўқ.

Айтганча, агар Туркияга яқинда келиб, ҳали кимлик олмаган бўлсангиз, фатуралари ичида бўлган ижара уй топишингиз ёки уй эгасини кимлик олгунча унинг номидан газ, ток ва сувни очишга кўндиришингизга тўғри келади.

 

sanjarsaid