Нега Ёшлар иттифоқи?

8 кун.аввал Жамият237

Шахбоз яна видео олибди. Менга деса 33 та видео тайёрласин, кўрмайман ҳам, фикр ҳам билдирмайман. Ортиқча бош оғриғи холос. Аммо яқинда «Озодлик»да Иттифоқ «троллари» ҳақидаги мақола чиққанидан кейин шу масалага муносабат билдириб ўтишни лозим топдим.

Аввало, Иттифоқ «Троллар фабрикаси»ни ишга туширибди, деган гапларни унча жиддий қабул қилмадим. Агар ўша гап чиққан медиалагердаги 150 «паҳлавон» билан бундай катта даъвони илгари суришаётган бўлса, ташкилотчиларга: «миянгиз ишлайдими, буларнинг қўлидан ҳеч вақо келмайдику», деган бўлардим. Мана, битта ч****қ бузоқ подани булғаб ўтирибди. Яна битта шоввозни биламан, «тандир ичига бекиниб олиб» Иттифоқнинг устидан кулгани-кулган.

Ҳаммамизда Иттифоққа нисбатан антипатия шаклланиб қолган. Худди қандайдир бомбани ҳаракатга келтирувчи калит сўзга ўхшайди Иттифоқ атамаси. Шу сўз қўлланилиши билан қаердан бўлса ҳам етиб борамиз ва эҳтиросларга кўмилиб танқид қилишни бошлаймиз. Гўёки Иттифоқ ҳаётдаги барча муаммоларимиз сабабчисидек. Қаердадир хато қилса ёки қоқилса, кўплашиб тепкилашни бошлаймиз, бир оғиз аслида нима бўлган эди, нима демоқчи эдинг, деб сўрамаймиз. Ҳаммасига айбдор Қуронбоев, у ишдан кетиши керак, деб ҳайқирамиз. Лекин нима учун каттақўрғонлик опер аёлни ечинтирганда ички ишлар, Марғилондаги етимхонада қизлар зўрланганда халқ таълими, Самарқандда чақалоқлар тириклай ёқилганда соғлиқни сақлаш вазирларини ишдан кетсин, деб талаб қилмадик?! Ахир Қуронбоев тўй кортежини тўхтатиб, келин-куёвни қамоққа олинглар ёки жазоланглар демаганку, шунчаки таксига ўтқазиб юборган. Мен санаб ўтган масалаларда эса инсон ҳаёти, қадр-қиммати, ор-номуси деган ўта нозик жиҳатлар ўртага ташланган эдику. Бунинг сабабларидан бирини биламан: ўша вазирларни танқид қилишга ё ақлимиз, ё духимиз етмайди (бу ҳақда аввал ҳам айтганман). Ундан кўра шу «беозор» Иттифоқни танқид қилиб, ичимиздаги бор аламу хасратларни тўкиб-сочганимиз яхши ва хавфсизроқ.

Иттифоқни танқид қилишда эса кўпчилигимизнинг «лентамиз» эскирган: соқол (Москвадаги воқеа), ҳижоб (Сурхондарё), бир литр мой (Бухоро), кортеж (Наманган) ваҳоказо. Соқол масаласида бир нарса дейишим қийин, менимча Қуронбоев ўша ерда хато қилган ва узр сўраши керак. Қолган масалаларда Иттифоқ дарҳол муносабат билдириб, муаммони ўз вақтида ва жойида ўрганиш ва чора кўриш учун гуруҳ тузиш, унга журналист ёки блогерларни ҳам жалб қилиши мумкин.

Шу кунларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган «троллар фабрикаси» масаласи ҳам ташкилот доирасида батафсил ўрганилиб, фактлар ўз тасдиғини топса, айбдорлар жавобгарликка тортилиши керак. Хусусан, Гулчеҳра Ашурова огоҳлантирилиб, хайфсан берилиши керак (менимча унга иккита ташкилотда ҳам фаолият кўрсатиб, ёшлар билан ишлаш бўйича катта тажрибага эга кадр сифатида имконият берилиши керак).

Ташкилот обрўсининг тушиб кетишида эса асосий айбдорлардан бири – матбуот хизмати. Мен Иттифоқ матбуот котиби Нодир Абдуқодировнинг интервьюлари, тадбирлардаги нутқларини кўп кузатганман. Гапни олиб қочади, бир гап атрофида айланади, аниқ факт, далилларни келтириб бера олмайди, бирор муаммо юзага келганда тўғри ҳаракат қилишни билмайди, ташкилот обрўсини тиклаш борасида аниқ стратегияси йўқ, ўзига бино қўйган демагог одам. Бундай одамлар халқ назарида турган ташкилотга фақат зарар келтиради. Агар Қуронбоев негатив фикрларни камайтиришни истаса, атрофига дунёқараши кенг, одамлар билан чиройли муомала қиладиган ва ҳар қандай салбий ҳолатни ижобийга ўзгартира оладиган кадрларни тўплаши керак. Мен бу борада «Автотест» услубларига доимо қойил қолганман. Эсингизда бўлса «Автотест» эндигина ташкил топганда устозлардан бири белгиланмаган жойда қайрилгани қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган эди. «Автотест» обрўси тўкилаётган бир вақтда ҳайдовчига чора кўрилиб, жарима тўлангани ҳақида хабар берди ва вазиятни ижобий томонга ўзгартира олди. Ваҳоланки ўша вақтларда расм ёки видео жаримага тортиришга асос бўлмас эди, бу қоида кейинроқ қабул қилинди. Кейин ҳам «Автотест» кўп марта минусларини плюс қила олди.

Аслида мен учун Ёшлар иттифоқи – жуда катта имконият. Ундан ким қандай мақсадда фойдаланаётгани – бошқа масала. Унинг устига Ўзбекистон раҳбарияти аҳолининг 65 фоизидан кўпроғини ташкил этувчи ёшлар масаласини шунчаки ўз ҳолига ташлаб қўймайди. Уларни назорат қилиш, бошқариш, ҳимоялаш, ёрдам бериш, рағбатлантириш, умуман, ёшларга оид қандай масала бўлса, барчасини ҳал учун ягона ташкилот тузган, ёшларга оид ягона давлат сиёсати юритилади. Қанча шовқин солсангиз хам ўша ташкилот ёпилмайди.

Шундай экан, Иттифоқдан унумли фойдаланиш, унинг самарали ишлаши бўйича таклифлар бериш, фаолиятида бевосита ёки билвосита қатнашиш, ажратилаётган ресурслардан ким қандай мақсадда фойдаланаётганини назорат қилиш ҳақида ўйлаш керак менимча.

sanjarsaid