Болани ким бузаяпти: бизми ёки телефон?

21 кун.аввал Жамият27

Машруткага чиқиб, энди ўриндиққа жойлашгандим, орқадан аёл кишининг эҳтиросли овози эшитилгандек бўлди. Хаёлимга келган биринчи фикр кимдир телефонида овозини баланд қилиб беҳаё фильм кўрмоқда (бузуқ каллада бошқа қандай хаёл бўлиши мумкин). Ҳайриятки, адашибман. Овоз орқа ўриндиқда ўтирган қизалоқнинг қўлидаги телефонда келар, у смартфонда мушук боқадиган ўйинни берилиб ўйнаётган экан.

Қизча мушукни туртар, у ҳар хил товуш чиқарарди (топган товушларини қаранг). Туртиб-сургани сайин қизчанинг завқи ошар, мушукнинг афтодаҳол аҳволидан кулар эди. Кейин унга бор овозида бақиришни бошлади: “опам ёмон-а, акам ёмон-а”, “жинни”, “тентак”…

Бошқа йўловчиларни билмадиму, бу ҳолат менинг асабимни бузишни бошлади. Қизни қучоғида олиб кетаётган она қизига на бас қил, пастроқ гапир, деб шовқин солишига чек қўяр, на унинг қўлидаги зорманданинг овозини пастроқ қиларди. Мушук катта аёлларга ўхшаб фикрни чалғитадиган овозларни тинмай чиқарарди. Бир-икки марта орқага қараб, онасига хўмрайиб қарадим. Машруткада ёши мендан катта одамлар ҳам борлиги учун ортиқча гап қилишдан ўзимни зўрға тийдим…

Ана энди фалсафа суқишга ўтсак. Биринчидан, боланинг оғзидан фақат салбий гаплар чиқаяпти. Жамоат жойида баланд овозда шовқин қилаяпти. Иккинчидан, гарчи ўйинда бўлса ҳам азоб беришдан лаззатланаяпти, завқланаяпти. Она жим, гўёки қизи яхши иш қилаяпти, ёки шу смартфон билан овуниб, чалғиб кетаётганидан хурсанд. Қайси бири тарбияни кўпроқ бузаяпти: бефаҳм, лоқайд онами ёки телефон? Бу биргина ҳолат.

Ҳаммада ҳам ундай эмас албатта. Ахлат уюми устида очилган гулга ўхшаб энг ёмон муҳитдан ҳам одобли инсонлар етишиб чиқиши мумкин. Лекин боланинг онгига фақат салбий фикр, ёмон сўзларнинг “запис” бўлиб боришидан ким кўпроқ зарар кўради? Албатта жамият! Энг камида бундай ота-оналардан ўзларига ўхшаган бетарбия, оғзи бузуқ болалар дунёга келади. Аввал битта бўлган бўлса, энди камида иккита-учта бўлиб машруткалар, автобусларда бошқаларнинг тинчини бузишда давом этади…

sanjarsaid