Кадрлар танқислиги синдроми

21 кун.аввал Жамият18

Ўзбекистон бугун ўта нозик, тарихий даврни бошдан кечирмоқда. Барча соҳаларда ўзгаришлар, ислоҳотлар, янгиланишлар амалга оширилаяпти. Бу ўзгаришлар малакали, билимли, тажрибали, фидойи, ҳалол ва олийжаноб мутахассисларсиз амалга ошмаслиги кундек равшан. Лекин охирги бир йиллик тарихга назар ташласак, жуда кўп соҳаларда раҳбар кадрлар алмашинуви тез-тез кузатилаётганини кўриш мумкин. Нима учун? 32 миллионли Ўзбекистонда бирор вазирлик ёки ташкилот, бўлим ёки бошқармани кўнгилдагидек бошқара оладиган кадрлар топилмайди деб ўйлайсизми? Менимча етарлича, керагидан ортиқ топилади. Бироқ баъзилари соҳадаги адолатсизликлар сабабли қўлини ювиб қўлтиғига урган, айримлари муносиб меҳнат шароити, муносиб муносабат шаклланган, кучли мутахассислар қадрланадиган давлатларга чиқиб кетган. Яна аксарият кўпчилик эса дипломгача ҳам етиб бора олмай, иқтидори, интилишлари, куч-ғайратини тирикчилик йўлида қурбон қилган.

Натижада бутун бошли мамлакатда “Кадрлар танқислиги синдроми” вужудга келди. Бу касаллик узоқ йиллар давомида шаклланди. Унинг илдизи мактаблар, боғчаларга бориб тақалади. Боланинг иқтидори, интилишлари иккинчи, учинчи даражага туширилиб, унга керак бўлмаган академик билимларни ўзлаштиришга мажбурланди. Болалар ҳар хил танловларда ноҳақлик, адолатсизликларга гувоҳ бўлди, ноинсоф ўқитувчиларнинг зулм ва ситамларини бошдан кечирди. Мактаб ва коллежларни амаллаб тамомлаган битирувчилар университетга киришда яна адолатсизлик, ноҳақлик, зулмга дуч келди. Пули, таниш-билиши бор, қайсидир танловда ғирром йўл билан ютиб, имтиёзга эга, калласида ҳеч вақоси бўлмаса ҳам армияни тамомлаб келган абитуриентлар чинакам муносиб номзодлар ўрнини банд этди. Қанчадан қанча орзу умидлар сўнди, ҳақиқий талантлар ортга қайтди, ор-номуслилари чет элларга равона бўлди…

Адолатсизликлар бу билан барҳам топмади. Энди олийгоҳларда катта-катта томошалар бошланди. Қинғир йўллар билан ўқишга кирганлар худди шундай ўқишда давом этди. Сессияни пора, таниш-билиш кучи билан ёпди, дарсга келмаса ҳам ҳисоб кетаверди. Диплом ишларини пулга ёздириб, ҳамманинг кўз ўнгида чала-ярим ўқиб бериб дипломли ҳам бўлди. Энди айтингчи, дипломли мутахассис мақомига эришгунича фақат пул сарфлаган одам ишга кириб, ҳалол йўл билан меҳнат қиладими? Ўғрилик, алдаш, давлат ва халқ пулларини талон-тарож қилиш уддабуронлик, “шустрий”лик сифатида қабул қилиш одатий ҳолга айланди. Амал, мансабга масъулият, жавобгарлик эмас, балки имконият, қулай фурсат сифатида қаралди. Қўлидан бир иш келмайдиган, шахсий ташаббуси, виждони йўқ кадрлар ҳамма жойни эгаллади. Ҳалол, ўз кучи билан ўқишга кириб, билими билан уни тамомлаганларнинг кўпчилиги муносиб жойларга ишга жойлаша олмади. Фақат таниш-билиш, порахўрлик…

Ҳамма лавозимнинг ўз “ставкаси” бор. Ҳатто туман ёки вилоят ҳокими постига ўтириш бир неча юз минг долларлик нархларда белгиланишини халқ оғзаки ижоди намуналари орқали эшитганмиз. Вазир, бошқармаларга раҳбар бўлиш учун ҳам салмоқли пулни ўртага ташлашингиз керак. Одамзод бирор ерга бекорга пул тикмайди, тикдими: бир неча ўн баробар қилиб қайтариб олиши керак. Бир неча миллиардларни ўмариб, қўлга тушиб қолсанг, бир неча миллионини керакли жойларга “отиб” енгилроқ жазо оласан, яна “отсанг” тез орада амнистияга илиниб, озодликка чиқиб турибсан. Қолганига бутун умр кайф-сафо қилиб яшаса бўлади, аммо мен шундай одамларни биламанки, кеча қамоқхонадан чиқиб, эртага яна бирор ерга раҳбарликка тайинланган, аввалги ишини бемалол давом эттирган.

Яна шундай одамлар борки, қариб, мункиллаб қолсаям жойини бўшатишни хоҳламайди, иш жойида, столи устида ўлиб кетаётганлар қанча. Еб-тўймас ноинсофлар! Бошқа раҳбарлар билан қуда-анда, ош-қатиқ бўлиб, биров мушугини пишт демайдиган баландликка чиқиб олган. Ўзини даҳо деб билади, бошқаларнинг фикр-мулоҳазалари, ташаббусларини қабул қилмайди. Интилувчан инсонларни ўз мансабига кўз тиккан, деб ўйлаб, йўқотиш пайида бўлади. Шундайлар касрига “урилиб” кетган қанчадан қанча ноёб мутахассислар мардикорчилик билан шуғулланиб юрибди.

Тўғри, мулоҳазаларим ўта тушкун, пессимизм кайфият, ҳиссиётларга бой. Аммо уларни тўқиб ёзаётганим йўқ, гувоҳ бўлганман, суҳбатларда эшитганман, воқеа-ҳодисалардан хулоса чиқарганман. Юз фоиз шундай эмаслиги ҳам ҳақиқат. Кучи ва билимига ишониб, ҳаммасига чидаб, натижага эришганлар ҳам йўқ эмас, бор, лекин улар жуда камчиликни ташкил этади.
Мана, оқибатда ҳар ой ёки ҳафтада раҳбар алмашаяпти, ишини эплолмаяпти, қўпол айтганда “а” қилиб қўяпти эски тузум тарбиялаган кадрлар.

Нима қилиш кераклигини мен билмайман. Балки таълимдаги иллатларни бутунлай йўқотиш керакдир. Кеча қайсидир ақлли «чет эллардаям коррупция бор, биздагидан ҳам дахшатли ҳатто, аммо улар таълимга тегмайди», деганди. Катта-катта лавозимларда биз тушимизда ҳам кўрмайдиган порахўрликлар бўлар ҳар доим, аммо таълимни ростдан ҳам коррупциядан бутунлай тозалаш керак. Таълимда пора олган одамга энг оғир жазолар тайинланиши керакдир.

Вакант жойларга ҳозиргига ўхшаб “кимни таниши бор, фалон ишга, ойлиги бунча, бунақа шартлари бор” деб тор доирада ишни ҳал қилмасдан, бўш иш ўринлари бўйича республика миқёсида ягона, шаффоф ресурс яратиш керакдир. Қайси “отдел кадр” маълумотларни яширса, сазойи қилиш лозимдир.

Хуллас, кадрлар тайёрлаш тизимини бутунлай ислоҳ қилиш керак, эскиси ўзини оқламади, ҳаммаёқни ботқоққа айлантириб юборишди.

sanjarsaid