Кимга ишониш мумкин?

21 кун.аввал Мулоҳаза13

Охирги вақтлар интернет қарама-қарши ахборотларга тўлиб-тошди. Одам қайси бирига ишонишни, кимнинг ахборотини тўғри деб қабул қилишни билмай қолади ҳам. Шу билан бирга, айрим турдаги ахборотларга расмий жавоб ёки муносабат билдирилмаслиги, жимлик ва мавҳумлик ҳам киши иккилантириб қўяди.

Қилмиши фитна-фасод тарқатиш, оддий одамларда давлат ва ҳукуматга нисбатан норозилик, ишончсизлик кайфиятини уйғотишдан иборат бўлган номининг ҳам, ўзининг ҳам тайини йўқ одамнинг турган-битгани зарар. Айниқса катта ўзгаришлар остонасида турган, янги Ўзбекистон бугун қўллаб-қувватлашга ҳар қачонгидан ҳам эҳтиёж сезмоқда. Бу кўмак ҳам сўз, ҳам амал билан бўлиши керак.

Интернетдаги қандай хабарларга ишониш мумкин, деган саволга келсак, энг аввало манбаси аниқ ва ишончли янгиликларни тавсия қилган бўлар эдим. Хоҳ танқидий, хоҳ таҳлилий, хоҳ ахборий руҳда бўлсин, бугун Ўзбекистон ичидаги Kun.uz, Gazeta.uz, Daryo.uz, Sof.uz, Tafsilot.uz, Podrobno.uz, Anhor.uz, Uz24.uz каби интернет нашрлари етиб-ортади. Улар сони кундан-кун кўпаймоқда. Facebook ижтимоий тармоғидаги “Халқ билан мулоқот / Диалог с народом” гуруҳи ҳам турли мазмундаги ахборотларнинг ишончли манбасига айланиб улгурди.

Ижтимоий тармоқларда ҳам ҳар кимга ишониб, эргашиб кетавериш ярамайди. Ўзи ким, асл мақсади нима, тарқатаётган маълумотлари қай даражада ҳақиқатга яқин — бир марта бўлса ҳам тарозига солиб кўриш керак. Энг яхшиси фақатгина кимлиги, касби аниқ, расми бор фойдаланувчиларга ишонч билдириш мақсадга мувофиқ. Троллар, маска-аккаунтлар, сохта исм-шариф ва тахаллуслар билан кирувчилардан узоқроқ бўлган маъқул.

Ҳар қандай ахборот қаршисида ўзингизга қуйидаги саволларни беришга эринманг:

— бу хабар ҳақиқатми-йўқми?

— унинг манбаси қаер?

— ким менга бу ахборотни узатаяпти?

— нима мақсадда бу ахборот тарқатилаяпти?

— бу хабарнинг менга қандай алоқаси бор?

— уни ўқиганимдан кейин менга бирор фойдаси тегадими?

Сизга ҳеч қандай алоқаси йўқ, фойдаси ҳам, зарари ҳам тегмайдиган янгиликлар учун вақтингиз, асабингиз, интернет трафигингиз ва маблағингизни сарфлашдан нима наф?

Яна бир гап: сизга алоқаси бўлмаган ахборотлар билан кўп ўралашиш ёқимсиз ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин. Айримлари саломатлик учун зарарли оқибатларни келтириб чиқарса, баъзиларини сақлаш ва тарқатиш қонунга хилоф. Афсуски, интернетда қайси ахборот манбалари, қандай ахборотларнинг тақиқланганини билиш қийин. Чунки улар рўйхати тузилиб, ҳамма ўқиш мумкин бўлган жойга илиб қўйилмаган…

sanjarsaid