Блогерлар чемпионати ҳақида

24 кун.аввал Мулоҳаза356

Учинчи марта ўтказилаётган блогерлар чемпионати фонида муҳокамалар, танқидлар, эътирозлар қизғин авж олаяпти. Кимдир ҳакамнинг паст баҳо қўйганидан нолиган, кимдир чемпионатда таниш-билишчилик бўлаяпти, деган иддаода. Куни кеча эса Блогерлар чемпионатининг биринчи саралаш босқичи 30 апрелдан 20 майгача узайтирилгани маълум қилинди. Айтишларича, чемпионат бўйича Вазирлар Маҳкамаси протоколи қабул қилиниб, у ҳақда телевидение орқали ҳам эълонлар бериларкан.

Танловни блогер ва иштирокчи сифатида кузатиб бораяпман. Ҳозиргача (30 апрель, 12:30) 233 та блогпост келиб тушибди. Улар орасида шеърлар, ҳикоялар, мақолалар, таржималар, реферат ишлари ҳам бор.

Лекин бу босқич ўз номи билан «саралаш» босқичи. Катта ғалвир кўтарилиши билан сараги саракка, пучаги пучакка чиқиб, кейинги босқичдан ҳақиқий блогерлар кураши қизийди. Унгача эса ҳар хил гап-сўзлар бўлиши табиий. Ана шундай гап-сўзларнинг баъзиларига тўхталиб ўтсам.

Куни кеча Фейсбук мессенжери орқали менга танлов қатнашчиси бўлган блогер ака: «Нима учун чемпионат ёшлар ўртасида ўтказилмаяпти, профессионал журналистларга бало борми чемпионатда? Сизга ўхшаган профессинал журналист ва блогерлардан мақолани олиб ташлашни талаб қиламан», деган гапларни ёзиб қолди. Бундай эътирозлар ижтимоий тармоқларда такрорланиб турибди. Ҳали блог нима, блогпост қандай ёзилиши ҳақида тасаввури ҳам бўлмаган иштирокчилар билан профессионал журналист ёки бир неча йилдан бери блог юритиб келаётган блогерларнинг бир сафда бўлиши бошловчи ва ҳаваскорларни чўчитиши, ҳар хил гумонларнинг пайдо бўлиши табиий. Унинг устига гап 60 миллион сўмлик мукофот жамғармаси ҳақида кетаётган бўлса. Тан оламан, менга ҳам 15 миллион сўмни ютиб олиш қизиқ. Бу пул ҳар хил гап-сўзларга парво қилмасдан, жиддий курашишга арзийди. Танлов қоидаларида ёш ёки малака чекловининг йўқлиги ҳам яхши баҳона :). Тўғри, кеча ҳакамлардан бири Музаффар Назаров блогпостимга 2,5 баҳо қўйгани учун «эътирознома» ёзиб, унда танлов учун ёзмаслигимни қистириб ўтганман. Аслида ҳам шундай. Қўқонлик қотил она фожиасида бутун жамият ҳам айбдор экани ҳақидаги постни ўша воқеага муносабат сифатида ёзганман, қачондир танловда қатнашсам шуни топшираман, деган мақсадда эмас. Бундан кейин ҳам бирор постни танлов учун ёзиб, деб унга бошқача ишлов бериш ниятим йўқ. Ўзим тўғри деб билган нарсани ёзавераман ва бунинг учун биров билан ҳисоблашмайман.

Шу пайтгача блогернинг журналистдан, блогпостнинг мақоладан фарқлари, чегаралари аниқ-тиниқ қилиб ажратилмаган, блогпостлар учун муайян мезонлар, қоидалар ишлаб чиқилмаган. У битта гап ёки узундан-узоқ мақола, ҳикоя, шеър бўлиши ҳам мумкин. Мен учун блогер, бу – ўз бирор онлайн платформада шахсий сайти ёки саҳифасини доимий равишда юритиб борадиган одам. У журналист бўлса – журналист-блогер, ошпаз бўлса – ошпаз-блогер, юрист бўлса – юрист-блогер ва ҳоказо. Печкачи ҳам, электрик ҳам, бухгалтер ҳам, ўқитувчи ҳам блогер бўлиши мумкин. Эътибор қилинг, мен санаб ўтган ҳар соҳа бўйича таниқли блогерларимиз бор: Баҳриддин Чустий (ошпаз, oshxona.uz), Хушнубдек Худойбердиев (ҳуқуқшунос, xushnudbek.uz), Дима Қаюм (тадбиркор, t.me/dimaqayum), Сарвар Қурбонов (муқобил энергия бўйича мутахассис, facebook.com/elektroenergiya), Қаҳрамон Асланов (бухгалтер, twitter.com/Aslanov_K), Исроил Тиллабоев (ўқитувчи, xabar.uz/uz/mualliflar/isroil-tillaboyev) ва бошқалар.

Блогерлар чемпионатида профессионал ва ҳаваскорларнинг қатнашиш-қатнашмаслик масаласига келсак, бу танловни профессионалларни (ҳали бизда профессионал блогерлар йўқ ҳисоби, ҳаваскорлар ичида профессоналроқлар бор лекин) рағбатлантириш, ҳаваскорларни қизиқтириш учун ташкил қилинган десак тўғри бўлса керак. Чунки бу танловда биринчи марта қатнашиб, кейин доимий блог юритишга қизиқиб қоладиганлар чиқиши, улар кейинги чемпионатларгача пишиб, профессионаллашиши мумкин. Лекин аввалги икки чемпионатдан хулоса чиқарсак, ғолиб бўлганларнинг айримлари фақатгина мусобақа учун ёзиб, кейин йўқ бўлиб кетди. Ўшалардан бири – Муҳрим Аъзамхўжаев анча вақт кўринмай кетиб, яқин вақтлардагина кўзга ташланиб қолди. Иккинчи чемпионатда ғолиб бўлган Мақсуд Саломов ва фарғоналик яна бир ғолибни айтмасам ҳам бўлади. Шунинг учун ўтган чемпионатларни мен блогерлар эмас, блогпостлар чемпионати деган бўлардим. Бу сафар ҳам шундай бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас назаримда. Чунки блогерлар чемпионатлари ўтказилмайдиган бошқа давлатлардан фарқли равишда, бизда блогерликдан пул топиб бўлмайди, оила боқиш, бой бўлиш имконсиз, деган тушунча бор. Шу сабабдан танлов учун ёзиб, ғолиб бўлса-бўлмаса блог юритишга вақт тополмайдиган ва бунга қунт қилмайдиганлар кўп назаримда.

Бу аслида нотўғри. Чунки кўплаб давлатларда ойига минглаб, миллионлаб доллар пул топадиган блогерлар бор. Қолаверса, ўша мамлакатлар бюджетидан ҳар йили миллионлаб долларлар айнан блогерлар фаолиятини молиялаштиришга ажратилади. Блогерлар давлатлар, улардаги махфий хизматларнинг норасмий «тили» ҳисобланади. Дейлик, бирор воқеага нисбатан давлат блогер тилида «йўқол, тошингни тер» деб айта олиши мумкин. Унинг устига одамлар расмийлар ёки журналистларга қараганда блогерларга кўпроқ ишониши мумкин. Масала уларни қандай молиялаштиришда қолган холос. Менимча, катта эҳтимол билан норасмий йўллар билан блогерлар қўллаб-қувватлаб турилади.

Билишимча, бу галги чемпионат давлат бюджетидан молиялаштирилиб, «катта акалар» томонидан қўллаб-қувватланаяпти. Гарчи блогерлардан раҳмат ўрнига фақат танқиду қоралашлар билдирилса ҳам :). Бу эса «тепада» бугунги ижтимоий-сиёсий жараёнларда блогерларнинг ўрни ва аҳамиятини англаб етувчилар борлигидан далолат беради.

 

sanjarsaid