Нега чақалоқлар кўчага ташлаб кетилаяпти?

15 кун.аввал Мулоҳаза180

Бир вақтлар дунё хабарларини кузатар эканмиз, янги туғилган чақалоқларнинг кўчага, чиқиндихонага ёки ҳожатхоналарга ташлаб кетилгани тўғрисидаги янгиликлардан жунбушга келганмиз. Бу ноинсоний ишга қўл урганларни қоралаган, айблаган эдик. Бироқ, минг афсуски, ўз юртимизда ҳам шу каби ҳолатлар тез-тез содир бўлмоқда.

Куни кеча ана шундай хабарлардан бири Ўзбекистон аҳлини қалқитиб юборган бўлса ажаб эмас. Бу сафар 1 апрель куни тунги 10 лар атрофида Тошкентнинг Чилонзор тумани 17-мавзеда дунёга келганига эндигина 7-10 кун бўлган қиз чақалоқ кўчага ташлаб кетилгани хабар қилинди. Бу йил бошидан бери Тошкентда чақалоқларнинг ташлаб кетилиши билан боғлиқ ОАВга маълум тўртинчи, Ўзбекистондаги бешинчи ҳодиса бўлди. Ундан аввалроқ, аниқроғи 13 мартда Сергелида, 5 март куни Наманганда (ҳожатхона ўрасига) ва Сергелида, 30 январь куни яна Сергелида (сумкага солинган ҳолда) мурғак гўдаклар оналари томонидан воз кечилди.

Сергелида чақалоқ ташлаб кетилган чиқиндихона.

Нима учун бу каби ҳодисалар сони ортиб бормоқда? Янги туғилган чақалоқларни кўчага ташлаб кетишга ҳадди сиғаётганлар кимлар? Уларнинг ёши нечида, оилавий аҳволи, шароити қандай? Болани боқа олмасликдан қўрқиб уни кўчага ташлаб кетаяптими ёки бир вақтлар қўл урган гуноҳ-маъсиятнинг аччиқ мевасини татишга юзи чидамай, қилмишларини яшириш учун жигарбандидан воз кечаяптими? Нега кўчага, ожиз ва ҳимоясиз ҳолда ташлаб кетаяпти? Болалар уйлари, тиббиёт муассасалари ва бошқа ишончли жойда қолдиришнинг иложи йўқми, бундай ишга қўл уришга қарор қилганларнинг шахси сир сақланишига кафолат йўқми?

Аслида бу каби ҳодисаларнинг келиб чиқиш сабаблари инсонларнинг иймон-эътиқоддан узоқлашиши ёки узоқлаштирилиши, таълим-тарбия ва одоб-ахлоқдаги бўшлиқлар ва узилишлар билан боғлиқ. Аммо бу ҳақда гапирсангиз, «биз дунёвий давлатда яшаяпмиз. Ҳар ким истаганича яшаши, хоҳлаган ишини қилиши мумкин, энг муҳими – ўзгаларнинг ҳуқуқлари, қонун меъёрлари бузилмасин», – дейдиганлар топилади. Нима ҳам дердик. Бу ҳаётдан ҳамма ўзи экканнинг мевасини ўзи ейди. Аммо мени кўчаларга ташлаб кетилаётган бегуноҳ гўдакларнинг қисмати кўпроқ ташвишга солаяпти. Улар ҳар доим ҳам соғ-саломат ҳолда топилиб, давлат ёки яхши одамлар қарамоғига топширилаётгани йўқ афсуски. Бир гўдакнинг бу ҳолда ҳаётдан кўз юмишига бефарқ қараб бўлмайди ахир.

Майли, Ўзбекистон дунёвий давлат бўлақолсин. Аммо дунёвий давлатларда барчанинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланишини ҳам инобатга олайлик. Ёшлар жинсий алоқага киришишга тайёр бўлса ҳам «қонуний никоҳ қуришга тайёр бўлмас экан», эрта никоҳ, эрта ҳомиладорликка жиддий курашилар экан, жинсий тарбия, исталмаган ҳомиладорликдан сақланиш усуллари ва воситалари ҳам кенг тарғиб қилинсин, зино уят бўлмас экан, контрацептик воситаларни сотиб олиш ва улардан фойдаланиш ҳам уят иш ҳисобланмасин. Бу бўйича маълумот, маслаҳат, моддий ва маънавий ёрдам олиш йўллари осон, бепул ва мутлақо аноним бўлсин, бир ҳудуддаги шифохонага боришдан уялувчиларга бошқа ҳудудлар мутахассисларининг консультация бериши йўлга қўйилсин (аслида эрга тегмаган қизларнинг бошқа туманга бориб аборт қилдиришлари одатий ҳолга айланган ҳозирда), жинсий муносабатларга киришиш ёшига етган йигит ва қизлар мактаб ёшиданоқ сақланиш воситаларидан тўғри ва самарали фойдаланиш кўникмасини эгалласин.

Европа мамлакатларида тиббиёт муассасалари, болалар уйлари ва нодавлат ташкилотлар биносида ташкил этилган боласидан воз кечишни истаган оналар учун махсус бэби-бокслар. Бунда онанинг исм-шарифи ва бошқа маълумотлари сўралмайди.

Яқинда Канаданинг Калгари шаҳрида истиқомат қилаётган ҳамюртимиз Фарҳод Файзуллаев Ўзбекистонда чақалоқларнинг кўчаларга ташлаб кетилаётганига муносабатини билдириб, хориждаги ҳолатни намуна қилиб келтирган эди. Ўз фарзандини шифохона олиб борган юртдошимиз шундай ёзади:

«Поликлиника ҳомиладорлик тестидан бепул ўтиш, тери-таносил касалликлари учун анализ топшириш, «авариявий» контрацептик воситаларни олишни таклиф қилмоқда. Ва буларнинг барчаси конфеденциал (мурожаат қилувчининг шахси сир сақланади – блогер изоҳи), деб алоҳида ёзишибди улар».

Фото: Фарҳод Файзуллаев.

«Кеча «Дарё»да Сергелида сўнгги уч ой ичида ташлаб кетилган учта кўдак ҳақидаги мақолани ўқидим. Ўйлайманки, бу муаммони «маънавият», генекологларнинг қизларнинг бокиралигини текшириш учун коллежларга ташриф буюриши, оммавий сўкиш, стигмация (тамға босиш – блогер изоҳи) билан ҳал қилиб бўлмайди», – дея давом эттиради у.

Мактаб ва коллежларда сексуал саломатлик дарсларини киритиш лозим. Эрта жинсий алоқаларнинг қандай хатарлари борлиги, қандай касалликларни юқтириб олиш мумкинлиги айтилиши керак. Презервативлар нима экани ва қандай ҳимояланиш кўрсатиб берилиши керак. Ҳимояланган ёки ҳимояланмаган ҳолда жинсий алоқа содир бўлган бўлса, маслаҳат, контрацептивлар учун қаерга бориш, умуман нима қилиш кераклиги тушунтириб берилиши зарур.

Оқибатлари ҳақида ўйламасдан ҳимояланмаган жинсий алоқа билан шуғулланаётган қизлар эса бу ҳақда айтишдан қўрқиб (ота-оналарга айтиб бўлармиди, ўлдиришади), туғишади ва кейин, мана чақалоқни ташлаб кетишмоқда».

Мен ҳам Фарҳод Файзуллаевнинг таклифларини қўллаб-қувватлайман (гарчи «маънавият» ҳақидаги гапларига қўшилмасам ҳам). Айтиш керакки, бу борада жуда кўп иш қилинаяпти. Интернетда қидирувга берсангиз, минглаб тадбирлар, тушунтириш ишлари олиб борилгани ҳақидаги хабарларни ўқийсиз. Аммо содир бўлаётган воқеалар бу каби ишлар самарали ташкил этилмаётгани, ўз манзилига етиб бормаётгани, жуда кўп камчилик ва нуқсонларга йўл қўйилаётганидан далолат бермоқда. Назаримда жинсий тарбия борасида тушунарлироқ ва очиқроқ гапириш вақти келди.

sanjarsaid