Sanjarsaid.uz 3 ёшда: блогерлик менга нима берди?

25 кун.аввал Мулоҳаза175

Бугун интернетда ўз шахсий блогим – sanjarsaid.uz очилганига роппа-роса уч йил бўлди. Бу йиллар давомида блогимда 211 дан ортиқ блогпост жойлаштирдим (айрим постларим маълум сабабларга ўчирилган). Уларга 600 дан ортиқ изоҳлар қолдирилган. Хостинг янгиланган 2017 йил июлидан бугунга қадар блогимга 27,8 минг киши кириб, саҳифаларни 54 минг мартадан ошиқ ўқиган, ҳар бир саҳифа учун ўртача 2,32 дақиқа вақт сарфланган.

Ўз блогимдан ташқари Gazeta.uz, Xabar.uz, Fayzbog.uz, Kun.uz, Arirang.uz сайтлари учун ҳам мақола, блогпостлар тайёрлаганимни ҳисобга олсам, ўтган уч йил давомида кўплаб постларим минглаб маротаба ўқилди, деб айта оламан. Шунингдек, блогларга киритилмаган мулоҳазаларимни Facebook, Twitter, Telegram каби ижтимоий тармоқ ва месенжерларда эълон қилаяпман. Яқиндан YouTube орқали видеороликлар эълон қилишни ҳам бошладим. Ўзбек блогерлари отахонларидан бири, Ziyouz.com сайти асосчиси Давронбек ака Тожиалиев билан биргаликда «Фейсбук»да жонли эфир орқали «Ҳафта блогерлар нигоҳида» номли лойиҳани бошладик. Унда ҳафта давомидаги энг муҳим хабарлар ва уларга блогерлар муносабати, изоҳи бериб борилаяпти. Жонли суҳбат сўнгра YouTubeга жойлаштирилаяпти.

Блогерлик менга нима берди? Энг асосий ва энг муҳими кўплаб яхши одамлар билан дўстлаштирди. Ғойибона – виртуал дўст-қадрдонларимни аста-секин ҳаётда ҳам кўриб, янада иноқлашаяпмиз. Шу пайтгача кўплаб танловларда қатнашиб, совринли ўринларни қўлга киритдим, блогер сифатида тадбирлар, акцияларга таклиф қилиндим, блогерлик, ижтимоий тармоқлардаги фаолият бўйича семинар-тренингларда тренер сифатида қатнашиб, ўз тажриба ва билимларим билан ўртоқлашдим. Энг катта эришган натижаларимдан бири – 2018 йилнинг 8-18 февраль кунлари АҚШ Давлат департаменти томонидан молиялаштирилган «Медиа ко» дастурида блогер сифатида иштирок этиб, Американинг Бостон, Блумингтон, Вашингтон ва Сиэтл шаҳарларида бўлиб, АҚШ олий таълим тизими билан яқиндан танишдик.

Олдинда улкан режалар, мақсадлар бор. Янги-янги лойиҳаларга қўл уриш арафасидамиз. Айниқса туризм бўйича катта ишларни қилишга тайёргарлик, режалар тузиш, уларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлар топиш жараёни кечмоқда. Видеоблогерликни кенгайтириш, видеога олиш ва уни монтаж қилишни ўрганаяпман. Умид қиламанки, кейинги йили худди шу санада бугун олдимга қўйган вазифаларнинг барчасини охирига етказиб, катта натижаларга эришаман. Бунда сиз азизлар, дўстларим, яқинларим, ҳамфикрларимнинг ёрдамларингиз, ишончингиз ва қўллаб-қувватлашингизга муҳтожман. Эътиборингиз учун раҳмат.

Ҳурмат билан Санжар Саид, блогер

sanjarsaid