Ота-оналарга мурожаат

1 ой. аввал Жамият211

Ҳурматли ота-оналар! Яқинда (14 март куни) Самарқанд вилоятида 23 ёшли ўқитувчи катта йўлни тозалашга олиб чиқилган вақтда юк машинаси уриб кетганидан хабарингиз бўлса керак. Бу воқеа бутун интернет оламини жунбушга келтирди. Интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар ўқитувчи ўлимига олиб келган асосий сабаб – Ўзбекистон ўқитувчиларининг ўз вазифасидан ташқари ишларга жалб этишидан, уларга бўлган муносабатдан дарғазаб бўлишмоқда. Ҳар ким ўз муносабатини билдириб, айбдорлар жазосини олиши, ўқитувчилар бундай ишларга жалб қилинмаслигини талаб қилмоқда. Бу мавзу юзасидан мен ҳам ҳиссиётларга тўлиб айбномалар ёздим, бошқа мулоҳазаларга фикр билдирдим, халқ ва ўқитувчилар томонида бўлиб, устоз-мураббийларнинг қўшимча ишларга жалб этилишига қарши эканимни ифода этдим.

Ушбу мурожаатимда эса сизларга бир нарсани айтиб ўтмоқчиман. Фарзанд – сизнинг келажагингиз, бор умидингиз, ишончингиз. Қариганда кўзларингизга нур, белингизга қувват бўлишидан умидворсиз. Унинг ҳар томонлама комил, билимли, фасоҳатли бўлишини, сиз эгаллай олмаган марраларни эгаллашини, сиз эриша олмаган муваффақиятларни қўлга киритишини орзу қиласиз, бунинг учун умрингизни, борингизни бахшида этмоқдасиз. Аммо мамлакатда таълимга, ўқитувчиларга бўлган муносабатни кўриб турибсиз. Бу муносабат натижасида жуда кўп ўзини ҳурмат қилган устозлар, айниқса билимли, тажрибали эркак ўқитувчилар касбини ташлаб, бошқа ишларга ўтиб кетишга мажбур бўлди. Тизимда муҳит бузилди, сифатсиз, малакасиз, билимсиз кадрлар кўпайди, ўқитувчилар қоғозбозликка ўралашди, металлолом, макулатура, обуна ва бошқа бер-берлардан боши чиқмай қолди. Буларнинг барчасидан энг кўп ва энг биринчи зарар кўрадиганлар кимлар эканини биласизми? Улар – сизлар! Нима учун дейсизми? Турли ташвишлардан, қўшимча ишлардан боши чиқмайдиган ўқитувчи сизнинг фарзандингизга қандай қилиб сифатли дарс ўтиши мумкин? Улар болангизга таълим, сабоқ бериши керак бўлган пайтда улар кўча супуриб, қишлоқларни обод қилишаяптику ахир!

Сиз ҳеч қизиқиб кўрдингизми бу пайтда болангиз мактабда нима иш билан банд экан, кимларнинг қўлида «билим» олаётган экан? Ўтган йили ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги қайсидир мактабда болаларга фаррош, қоровуллар дарс бераётгани ҳақидаги хабарлар тарқалган эди. Балки сизнинг болангизга ҳам маълумоти йўқ фаррош, Ёшлар иттифоқи етакчиси ёки қоровул дарс бераётгандир, эҳтимол ишлашга кетган ўқитувчилар ўрнига бир неча синфга битта педагог бириктирилгандир. Шундай бўлган тақдирда ҳам битта ўқитувчи икки синфга қандай дарс ўтиши мумкин? Фақатгина болаларни тинчлантириб, кейинги уй вазифаси ўтган дарсни такрорлаш эканини вазифа қилиб бериши мумкинми?

Азиз ота-оналар, бола – сизники, унинг бугун эгаллаётган билимлари эртанги муваффақиятлари гаровидир. Машҳур педагог айтганидек, биз фарзандларимизни ҳатто ўзимиз ҳам қандай бўлишини тасаввур қила олмайдиган келакжак учун тайёрлашимиз керак. Тушунаяпсизми? 10, 20, 30 йилдан кейин болангизнинг даври келади. Ўша пайтда у бугун олган сабоқлари, бугунги тарбияси асосида ҳаётини барпо этади.

Ўтган давр мобайнида таълимдаги бўшлиқлар, камчиликлар сабабли зарур билим ва кўникмаларга эга бўлмаган минглаб йигитлар Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатларда оддий техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этмагани учун қулаб тушди, ёниб кетди, ҳалокатларга учради. Улар қора меҳнат қилиш, хору зорликларда яшашга лойиқмиди, ёмон оқибат топишга муносибмиди? Агарда уларга вақтида сифатли таълим берилганида, олий маълумотли бўлганида, балки бунчалик аянчли вазиятлар қурбонларига айланишмасмиди? Ким боласига узоқ юртларда, оиласи, фарзандларидан олисда арзимаган ойликка кун кечиришни раво кўради?!

Шу сабабли бу масалага беэътибор бўлманг, болангизга мактабда дарслар қандай ўтилаётгани билан доимий қизиқинг, на халқ таълими вазирининг пуч ваъдаларига, на мактабга, на ўқитувчига ишонманг. Имкон қадар болангиз таълим тарбиясига ўзингиз вақт ажратинг, уни қўшимча машғулотларга жалб қилинг, уйда дарс қилиши, бошқа китоблар ўқишини албатта назоратга олинг. Ҳар куни мактабда дарслар тўлиқ ўтилганини суриштиринг.

Айни пайтдаги таълим тизимимиз соҳани пароканда қилиб, ақл ва онгни ўлдириш, маърифат чироқларини ўчириш, илм ва зиёнинг ёйилишига йўл қўймасликка қаратилган. Лоқайд бўлманг, фарзандингиз тақдирини ҳеч кимга мутлақо ишониб топшириб қўйманг!

sanjarsaid