High Tech City – бир қозонда икки қўчқор калласими?

2 ой. аввал Мулоҳаза203

Ўзбекистон ҳукумати қиймати 1,4 млрд доллар бўлган замонавий High Tech City Халқаро юқори технологияли инновацион марказ қуриладиган жойни аниқлаб берди. Маълум бўлишича, янги марказ Юнусободда, метронинг «Бодомзор» бекати яқинидаги ҳудудларни ўз ичига олади. Айни пайтда Тошкентнинг бошқа жойида – «Пахтакор» метроси яқинида 1 млрд долларга замонавий Tashkent City Халқаро ишбилармонлик маркази ҳам қурилмоқда.

Бир қараганда қувонарли хабарлар – ниҳоят Ўзбекистонда ҳам осмонўпар бинолар, замонавий мавзелар пайдо бўлаяпти. Буларнинг барчаси иқтисодиётнинг ривожланиши, одамларнинг иш билан таъминланиши, халқаро алоқаларнинг кенгайиши ва бошқа сон-саноқсиз ижобий ўзгаришларга хизмат қилади. Аммо мени бошқа бир масала ўйлантираяпти. Нима учун бу каби жадал ўзгаришлар фақат Тошкентда бўлаяпти. Бундай олиб қараса Tashkent City билан High Tech City ўртасида катта тафовут йўқ: иккиси ҳам инновацион, замонавий, кўркам ва ҳашаматли. Бу эса менга «Бир қозонда икки қўчқор калласи қайнамайди», мақолини эсга солаяпти. Ўша икки марказдан бирини бошқа шаҳарда, дейлик водийда, Сирдарё, Навоий ёки Урганчда қурса бўлмасмиди? Пойтахтдан узоқ шаҳарга мутахассисларни жалб қилиш қийин масала дерсиз. Аммо, дейлик High Tech City Гулистонда қурилса ва у ерда АКТ мутахассислари учун жозибадор, қулай, фойдали имкониятлар таклиф қилинса, дастурчилар ҳеч иккиланмасдан ўзлари учун қулай жойда ишлашга рози бўлади. Керак бўлса Тошкент ахборот технологиялар университетини ҳам марказ билан бирга кўчириш мумкин.

Нима сабабдан High Tech City бошқа ҳудудда қурилиши керак эди, деган фикрни илгари сураяпман? Яқинда бир гуруҳ журналистлар билан АҚШда хизмат сафарида бўлиб қайтдик. АҚШ Давлат департаменти томонидан ташкил этилган сафарда Американинг Бостон, Вашингтон, Блумингтон ва Сиэтл шаҳарларида бўлдик. Уларнинг барчаси замонавий, инновацион, осмонўпар бинолар, ишбилармонлик марказларига бой. Улар орасида ривожланиш нуқтаи назаридан кескин фарқни сезмайсиз. Масалан, Сиэтл шаҳри АҚШ шимоли ғарбида, Тинч океани қирғоғидаги йирик денгиз порт шаҳри ҳисобланади. Шаҳарда ахборот-коммуникациялари соҳасида нафақат мамлакат, балки бутун дунёга машҳур Microsoft, Amazon.com компаниялари жойлашган. Дунёдаги энг йирик ижтимоий тармоқ – Facebook штаб-квартираси эса АҚШнинг Калифорния штатидаги Менло-Парк шаҳрида жойлашган. Ушбу компанияга эса биз сафар қилган Бостон шаҳри таркибига кирувчи Кембриж шаҳарчасида асос солинган.

Ҳозирги мантиғимиз билан қараганда эса аслида бу компаниялар пойтахт Вашингтон ёки йирик мегаполис шаҳар Нью-Йоркда ташкил топиши ва фаолият кўрсатиши керак эди…

Дейлик, High Tech City Тошкентда эмас, Гулистонда қурилди. Натижада Сирдарё вилоятининг ижтимоий-иқтисодий аҳволи кескин кўтарилар, АКТ соҳасида Тошкент ва бошқа вилоятлар билан тенгма-тенг рақобатга киришган бўларди. Бу марказ фаолияти учун жуда муҳим саналган электр энергияси айнан Гулистон яқинидаги Фарҳод ГЭСида ишлаб чиқарилади. Америка тажрибасидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, High Tech City қаерда қурилишидан қатъи назар, нафақат миллий, балки халқаро даражадаги етук мутахассисларни ўзига жалб эта олади.

Асосий фото: uzreport.news

sanjarsaid