Америка таассуротлари: Asiana ва Delta самолётларида парвоз, Детройт аэропортида

3 й. аввал Саёҳат366

Шу йилнинг 8-18 февраль кунлари АҚШ Давлат департаменти томонидан молиялаштирилган «Медиа ко» дастури доирасида хизмат сафари билан Америка Қўшма Штатларида бўлиш насиб этди. Аввалги постимда Америка сафари, унинг мақсади ва режалар, ҳамроҳларим ҳақида дастлабки маълумотларни келтириб ўтган эдим. Ўзбекистонга қайтганимиздан сўнг вақт фарқи, йўл чарчоқлари, ҳаво алмашишидан орттирган шамоллаш асоратларидан бир оз енгиллаб, ниҳоят Американи қандай тасаввур қилганим ва сафардан олган таассуротларимни бўлишишга фурсат топдим. Биринчи бўлиб самолёт ва аэропортлардаги кўрган-кечирганларим, таассуротларим билан ўртоқлашсам.

Шундай қилиб, Америка кинолари, АҚШ ҳақидаги янгиликлар ва ўқиган китобларим асосида шаклланган тасаввурларимнинг жуда кўпи Жанубий Кореянинг Инчон аэропортида корейсларнинг Asiana авиакомпанияси самолётидан Американинг Delta авиакомпанияси самолётига ўтганимизданоқ нотўғри ёки чала эканини англаб ета бошладим. Эътиборимни тортган биринчи жиҳат стюардессаларнинг соч турмакларию ёши, миллатларининг хилма-хиллиги бўлди. Asiana самолётидаги қатъий тартиб-қоидалар (бўш ўриндиққа ўтириш мумкинмаслиги, стюардессалар сочларининг силлиқ қилиб орқага таралиши ваҳоказо) бу ерда йўқ: олд қатордаги учта бўш ўринга кимдир чўзилиб, ухлаб ётар, стюардессалардан бири (қора танли) сочларини пахмоқ қилиб турмаклаб олган, ўрта ёшлардаги корейс аёли (кейинчалик у билан суҳбатдан билдимки, у Америкада туғилган ва корейс тилини кейинчалик ўрганган экан), хизмат қилаётганлар орасида қора танли чол, кекса ёшли аёл ҳам бор эди. Сиз кампир стюардессани тасаввур қила оласизми? Лекин, мантиқан олганда қари аёл самолётда стюрдессалик қилиши мумкин эмас, дейиш ҳам нотўғрику, энг муҳими хушмуомала бўлсин, ишини эпласин…

Самолётнинг қаерга етганини кузатиш ҳам қизиқ.

Asianaдаги хизмат кўрсатиш сифати ва даражасини ёмон деб бўлмайди, ҳатто аъло даражада. Авиакомпаниянинг ўзига хос қадриятларга қатъий амал қилиши ҳам мақтовга лойиқ. Бироқ Delta кўпроқ эътиборимни ўзига тортди. 13 соатлик парвоз давомида бизни роса сийлади. Ҳар уч-тўрт соатда иссиқ овқат (менюда икки-уч хил таом), ширинликлар, француз музқаймоғи, турли-туман ичимликлар – бундай эъзоздан: қанийди, умринг парвозлар ичида ўтса, деб қоласан.

Қайсидир маҳалги овқатланишда корейсча пибимпап таомини танладим.

Парвоз бошиданоқ мусиқа эшитиш ёки кино томошаси учун қулоқчин, ухлаш учун кўзга махсус кўзёпкич (киноларда зодагонлар кўзига тақиб ухлайдиган матоҳ борку, ўша), шовқинни пасайтириш учун қулоқ тиқинчалари тарқатиб чиқишди, ёстиқча, ёпинчиқ ва бир марталик шиппаклар ўриндиқларга қўйиб чиқилган эди. Ўриндиқлар олдидаги экранда кино, кўрсатувлар томоша қилиш, парвозни кузатиб бориш имкони бор. Хуллас парвозмисан-парвоз.

11 минг метр баландликдаги кўриниш.

Айтганча, биз Тошкентдан Инчонга Asiana  авикомпаниясининг AIRBUS A333 JET, Инчондан Детройтга Delta авиакомпаниясининг AIRBUS A359 JET самолётларида учдик. Ердан 11 минг метрдан зиёд баландликда деярли ҳеч нарса кўринмас экан – фақат булутлар. Ташқарида ҳаво ҳарорати 70 даражагача совуқ, тезлик соатига минг километр атрофида. Баъзида самолёт ичи совиб кетар, шундай пайтларда ёпинчиқлар роса асқотаркан. 

Сеул ва Детройтгача жами 20 соатча парвоз қилдик. Энг қизиғи, Тошкентдан 7 февраль куни кечқурун 23 лар атрофида ҳавога кўтарилдик. Қарийб бир кун учиб, Америкага 8 февраль кундузи 10ларда қўндик. Бу пайтда Ўзбекистонда 9 февраль бошланиши арафасида эди. Гўёки бир кунимиз йўқолиб қолгандек бўлди.

Детройт аэропортида Бостонга учадиган самолётни бир оз кутишга тўғри келди. Баҳонада аэропортни томоша қилиш имконига эга бўлдим. Аэропорт ичи улкан савдо марказини эслатади. 80 га яқин Gate, яъни дарвозалар орқали самолётларга чиқилади. Бостонга учадиган самолёт охирроқдаги 77-гейтдан парвоз қиларкан. У ергача аэропорт бўйлаб пиёда сайр қилганча боришга тўғри келди (йўлак охирига поезд қатнашини кейинроқ билдим). Аэропортдаги жуда кўп нарсалар мени ҳайратга солди: ҳар бир ўриндиқ, столларга, махсус устунчаларга ўрнатилган 110 вольтлик электр токи манбалари, смартфон, электрон қурилмаларни қувватлаш учун чиқиш USB портлари, ногиронлар учун шароитлар, аэропорт ичида қатновчи поезд, ўзиюрар йўлаклар, Starbucks қаҳвахоналари, ошхоналар, дўконлар, хилма-хил миллат, ирқ вакиллари, турли тилларда (инглиз, япон, хитой, испан ва бошқа тиллардаги) янграётган эълонлар…

Детройт аэропортида қатновчи поезд.

Ўз гейтимизга етиб келгандан кейин қўл юкларимизни жойлаштириб, қайтадан аэропортни томоша қилиш учун ортга йўл олдим. Поездга чиқдим, видеога олдим, умримда биринчи марта Макдональдс ошхонасини кўриб, нарх-наволар билан танишдим, пианинода жонли куй чалиб турган қора танли машшоқнинг мусиқасини тингладим, хуллас, ҳали вақт бор деб, бир-икки соатнинг ўтганини пайқамай қолибман. Яхшиямки аэропорт Вайфайига уланиб олганим, шерикларим Телеграмдан қўнғироқ қилиб, мени кутишаётгани, тезда етиб боришимни айтишди. Шошганча улар олдига чопдим. Самолётга чиқиш тугаёзган, беш дақиқага кечиксам, қолиб кетишимиз мумкин экан, ҳайриятки парвозга улгурдик. Айтгача, гейт олдида Давлат департаментидан бизга бириктирилган ҳамроҳ – продюссер Лаура Брандт ҳам ҳамроҳларим билан биргаликда мени кутаётган экан. Куттириб қўйганим учун узр сўраб, уларга қўшилиб Бостонга учадиган самолётга чиқиб олдим.

Қор билан қопланган Детройт бизни қовоғини уйиб кузатиб қўйди, Бостонга борганимиздан сўнг об-ҳаво маълумотларида биз келган Мичиган штатида кучли қор бўронлари бўлаётгани, юзлаб авиарейслар қолдирилган ёки бекор қилинганини хабар қилишди. Яхшиямки улгурганим :).

Бостон ҳақида кейинги постларда.

sanjarsaid