Америкага сафар: муқаддима

3 й. аввал Саёҳат527

Айни кунларда хизмат сафари билан Америка Қўшма Штатларида бўлиб турибман. 8 февраль куни қарийб бир суткалик парвоздан сўнг Массачусетс штатининг олиму талабалар, илм-фан шаҳарларининг отаси Бостон шаҳрига етиб келдик. Бостонгача сафар таассуротларини кейинги постларимда эълон қиламан, боиси бир кунлик йўлда кўпчиликни қизиқтириши мумкин бўлган фикр-мулоҳазаларим бор…

Хуллас, мен қандай қилиб Америкага келдим? Айтишим мумкинки, бу ҳам аслида блогерликнинг меваси. Бундан бир неча ойлар муқаддам АҚШ элчихонаси ходими мен билан боғланиб, ўзбекистонлик журналистлар учун Америкага икки ҳафталик дастурда қатнаша олишимни сўради. Бундай имкониятни қўлдан чиқариб бўлармиди, рози бўлиб, ҳужжатларни тўғирлашни бошладим. Бахтимга ҳужжат йиғиш ишлари ислоҳотлар даврига тўғри келди. Овир олиш учун ортиқча ҳеч қандай ҳужжат шарт эмас экан, ҳатто ҳарбий гувоҳнома ҳам талаб қилинмади. Иккита анкетани тўлдириб, икки ҳафта кутишга тўғри келди. Унгача дастур доирасида нималар қилишим тўғрисида режа туздим. Дастур номи Media co бўлиб, бу сафар АҚШ таълим тизимининг ўзига хосликлари ўрганилар экан. Бунгача «Соғлом авлод», «Маърифат» газеталари, «Бошланғич таълим» журналларида ишлаганим қўл келди. Иш режамда таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси, таълимда коррупцияга қарши курашиш, таълим сифати ва мазмунини оширишда нималар қилиш кераклиги ҳақидаги мавзулар ўрин олган. Бу ерда таълим соҳаси бўйича мутасадди раҳбарлар, профессорлар, ўзбекистонлик ўқитувчи ва талабалар билан учрашувлар бўлиши, мутахассислардан интервьюлар олишимиз режалаштирилган. Шу билан бирга диққатга сазовор жойлар, Ҳарвард университети, Массачусетс технологиялар институти каби нуфузли олий таълим даргоҳларига саёҳатлар уюштирилади. Сафар давомида Бостон (Массачусетс штати), Вашингтон (Колумбия округи), Индианаполис (Индиана) ва Сиэтл (Вашингтон) шаҳарларида бўламиз. Дастур АҚШ Давлат томонидан тўлиқ молиялаштирилган.

Айтганча, ушбу дастурда мен билан бирга таниқли шоир ва таржимон Аъзам Обидов, фарғоналис журналист ва оператор Элёр Эхсанов ва тошкентлик журналист-фрилансер Нигора Умарова ҳам бор. Блогимни кузатиб боринг. Сафар мобайнидаги таассуротларни телеграмдаги шахсий каналим: t.me/sanjarsaiduz орқали кузатиб боришингиз мумкин.

sanjarsaid