Тошкент метрополитени раҳбарига очиқ хат

23 кун.аввал Жамият643

Аввало Сизни ва бутун жамоангизни бугунги сана – Тошкент метрополитени ишга тушганига 40 йил тўлгани муносабати билан самимий қутлайман. Бугун метро ўзининг қулайлиги, тезкорлиги, гўзаллиги, озодалиги ва юқори даражада хизмат кўрсатиши билан пойтахтимиздаги биринчи рақамли жамоат транспорти деб айтишга асосларим етарли. Шу билан биргаликда, метрополитен фаолиятида унинг имкониятлари даражасида хизмат кўрсата олмаётгани, янада кўпроқ йўловчиларни ўзига жалб қилолмаётганига сабаб бўлаётган камчилик ва тўсқинликлар ҳам борлигини инкор этиб бўлмайди. Шу боисдан Тошкент метрополитени фаолиятига бефарқ бўлмаган фуқаро сифатида Сизга ушбу очиқ хат билан мурожаат қилишни маъқул топдим. Умид қиламанки, билдирган танқид ва мулоҳазаларни тўғри маънода қабул қилиб, метрополитен фаолиятини ривожлантириш режаларини тузишда уларни ҳам инобатга оласиз.

Биринчи ва энг асосий камчиликлардан бири метрополитен хавфсизлигини таъминлаш доирасидаги чекловлар, тақиқлар ва тўсқинликлар билан боғлиқ назаримда. Биласиз, Тошкент катта шаҳар – мегаполис, мамлакат пойтахти. Бутун дунёда бўлгани каби ушбу шаҳарга ҳам бошқа ҳудудлардан фуқаролар турли мақсадларда ташриф буюради. Аммо жуда кўпчилик гарчи манзилига осонгина етиб олиш имконияти бўлса ҳам метрога тушишни маъқул кўрмайди, аниқроғи милиция ходимлари томонидан тўхтатилиб, текширилиши, ички ишлар органларига олиб кетилишидан қўрқади. “Кийинишидан вилоятликка ўхшаган” шахс борки, дарҳол тўхтатилиб, ҳужжат сўралиши Тошкент метрополитенида одатий ҳол. Озиб-ёзиб бир марта Тошкентга келиб метрога тушишни орзу қилган бечора вилоятликни тавбасига таянтириб, иккинчи марта метрога тушмайдиган қилиб жўнатиш – на ўзбекчиликка, на инсонийликка тўғри келмайди. Ишонаверинг, бунақа ҳолатларга шахсан жуда кўп марта дуч келганман. Менку, журналистман, ҳаққимни талаб қиламан. Аммо шаҳарга эндигина келган қишлоқлик йигитни битта гап билан қўрқитиб, истаганича калака қилиб, вақтини олиш, асабини бузиш, овора қилиш ва йўқ жойдан жаримага тортишни ҳеч қайси йўл билан оқлаб бўлмайди.

Ваҳоланки, агар тўғри англаган бўлсам, милиция ходимларининг бирламчи вазифаси метрополитенда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашдан иборат, фуқароларнинг тинчини бузиш эмас! Шундай экан, фуқаро, яъни йўловчи метрополитенда қонунга хилоф иш қилмаётган бўлса, унинг йўлини тўсишга мутлақо чек қўйиш лозим. Қидирувдаги шахсларни аниқлаш, жиноятнинг олдини олиш каби ишларни профессионал даражада, хушмуомалалик, ширинсўзлик билан ҳам амалга оширса бўлади.

Метрополитенда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш масаласини мутасадди ташкилотлар билан музокаралар олиб борган ҳолда метрополитеннинг хусусий қўриқлаш хизматини ташкил этиш орқали ўз ходимларингизга топширганингиз ижобий натижа берган бўларди, деб ўйлайман. Чунки милиционерлар бевосита сизга эмас, ўзларининг юқори органларига бўйсунади, уларга метрополитеннинг гуллаб-яшнашидан кўра ўз иш вақтида раҳбарларининг топшириқларини сўзсиз бажариш устувор аҳамиятга эга. Журналистик фаолиятимда эса ички ишлар органлари фаолиятида кунлик режани топшириш мажбурияти мавжудлигига бир неча бор гувоҳ бўлганман. Бу нимани англатади? Бу бир ходимга бугун ўнта ёки йигирмата ҳуқуқбузар ёки жиноятчини ушлайсан, деган топшириқ берилиши, милиция ходими ушбу режани сўзсиз бажариши шартлигини англатади. Агарда ҳуқуқбузар ёки жиноятчи топилмаса (ахир ҳар куниям унинг участкасида ҳуқуқбузарликлар содир этилавермайдику) сунъий равишда “ҳосил қилинади”. “Кийинишидан вилоятликка ўхшаган”, довдирроқ, лапашангроқ эркаклар шартта ушланиб, қаёқдаги қонунбузарликлар, жиноятлар бўйнига илиб ташланади, қўрқитилади, алдаб-авралади. Мана шундай ҳолатлар метрополитенга бўлган муносабатларнинг салбийлашувига, унинг хизматларидан имкон қадар фойдаланилмаслигига олиб келади.

Яна бир тўсқинлик қилувчи жиҳатлардан бири метрополитенга киришда икки мартадан қўл юкларининг текширилиши. Бу ишлар тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш учун қилинаётганини тушунаман. Лекин нима учун ер ости йўлидан ўтишда ҳам юклар текширилади? Хавфсизлик учунми? У ҳолда нега одамлар бундан ҳам гавжумроқ бўлган Чорсу, Ипподром, Қўйлиқ, Юнусобод бозорлари олдидаги ер ости ўтиш йўлларида текширилмайди? Қолаверса, кичик сумкачалар, айниқса аёллар сумкаларини текширишни қайси эркак ўзига эп кўрарканки, милиционерлар уят ва андишани четга суриб аёллар сумкаларини титкилаб ўтиришса? Нима? Ўша митти сумкачада ҳам қандайдир совуқ қурол ёки портловчи модда солинган бўлиши мумкин? Кечирасизлару, ундай сумкачаларга сиғиши мумкин бўлган қуролларни чўнтакка ёки белга қистириб ўтиш ҳам мумкин. Мантиқ йўқ бу каби ишларда. Аниқроғи нопрофессионаллик, аҳолида қўрқув ва ҳадик ҳиссини мунтазам ушлаб туришдан бошқасига ярамайди.

Тошкент метрополитени ўзининг гўзаллиги, ноёб архитектура объекти сифатида ҳам алоҳида ажралиб туриши ҳаммага аён. Аммо бу «ер ости музейи»да расмга тушиш, видеога олиш мумкин эмас. Қизиғи шундаки, метрополитеннинг ҳеч қайси нуқтасида расмга олиш мумки эмас, деган ёзув ёки белгига кўзингиз тушмайди. Метрополитендан фойдаланиш қоидаларининг энг охирги бандларидан бирида майда ҳарфлар билан ёзиб қўйилган холос. Аммо метрополитенда билмасдан ёки яширинча расмга олмоқчи бўлсангиз, кунингиз битди ҳисоб. Кимдир келиб телефонингизни олиб қўйиш, жаримага тортиш, қамоққа тиқиш ҳақида бонг уришни бошлайди. Катта жиноятчидек сўроққа тутиласиз, расмларни ўчириб, тавба-тазарру қилиб, ялиниб-ёлвориб қутулсангизку, майли, анави бурчакдаги хонага олиб кетишса тамом, яна қандайдир қонунбузарликлар содир этганингиз исботланиб, отни калласидан жаримани бўйнингизга илиб чиқасиз. Ваҳоланки интернет кириб Тошкент метроси сўзини қидирувга берсангиз, тақиқланган стратегик объектнинг турли тарафлардан олинган минглаб суратлари, видеолавҳалар кўз ўнгингизда намоён бўлади. Яширадиган нарсаси қолмаган объектни бу қадар қаттиқ назорат остига олмасдан, одамларни янада кўпроқ жалб этиш, метрополитен жозибадорлигини ошириш мақсадида метронинг маълум жойларида суратга тушишга ижозат берилгани мақсадга мувофиқ. Қолаверса, ёвуз мақсадли одамлар учун метрони яширинча тасвирга олиш учун минглаб жосуслик ускуналари ишлаб чиқарилганини инобатга олиш лозим.

Метрополитен – кунига юз минглаб инсонлар фойдаланадиган жамоат транспорти. Шундай вазиятлар бўладики, ҳожатга чиққиси келиб қолса, ташқарига чиққунича чидашга мажбур. Менимча, метро станцияларида жамоат ҳожатхоналарини ташкил этиш вақти етиб келган. Майли, пулли бўлсин, аммо шу қулайлик ҳам йўловчилар сонининг кескин ортишига олиб келиши аниқ.

Метро ҳақида чет элликлардан эшитган яна бир эътироз шундай иборатки, метрополитен станциялари етарли даражада ёритилмайди. Мустақиллик майдонидан ташқари бошқа бекатларни ёруғ деб айтиш қийин. Агар бу гапимга қўшилмасангиз, шу ҳақда йўловчилар ўртасида сўровнома ўтказиб кўринг, фикрим кўпчилик томонидан тасдиқланишига ишончим комил. Ахир бугун энергия тежовчи лампалар ўзимизда ишлаб чиқарилаётган бўлса, шундай ноёб архитектура ёдгорлигини керакли даражада ёритишга қандай тўсқинлик бўлиши мумкин?

Яна бир таклиф шундан иборатки, бошланиш ва йирик бекатларда чет элларда бўлгани каби сақлаш хоналари ташкил этилса яхши бўлар эди. Тошкентга келган вилоятлик ёки чет эллик юкларни вақтинча қолдириб, ўз ишларини битириб олишлари мумкин бўлар эди.

Фото: ridus.ru

sanjarsaid