Нью-Йоркдаги теракт ҳақида

18 кун.аввал Мулоҳаза47

Сешанбага ўтар кечаси Нью-Йоркда содир этилган теракт мени чуқур қайғуга солди. Биринчи бўлиб Америкадаги ўзбекларга қийин бўлар эканда, деган фикр келди хаёлимга. Қолаверса бу ҳодиса Ўзбекистонда кўплаб инсонлар грин-карта лотореясида ўз омадини синаш учун рўйхатдан ўтаётган бир вақтга тўғри келди. Зеро, маълумотларга кўра, гумондор 2010 йилда грин-карта орқали АҚШга борган.
Тўғри, АҚШ ўз тарихида бундай мудҳиш жиноятларни кўп бор бошидан ўтказган. Келиб чиқиши бошқа мамлакатлардан бўлган жиноятчилар қасддан ёки ноқасддан инсонлар теракт, қотилликларга қўл урган. Бироқ у ерда озодлик ва демократия бузилмас қадриятга айланган. Биргина теракт, биргина қотиллик сабаб жиноятчи мансуб давлат ёки жамиятга нисбатан оммавий ҳукм ўқилмайди. Аммо ҳамма ҳам толерант, бағрикенг, тушунган инсонлар тоифасига киравермайди. Ана шундайлар на миллий ғурури, на диний эътиқоди бўлмаган Сайфулло сабабли Америкада бирор ўзбекистонликни руҳий ёки жисмоний тазйиқлар остида қолдиришини истамас эдим.
Теракт содир этган шахс – Сайфулло Соипов 29 ёшда экан, 1988 йилда туғилган. Унинг қачон жиноятчилар сафига қўшилгани, нима сабабдан бу мудҳиш ҳодисага қўл ургани, шу ергача қандай йўлларни босиб ўтганию қандай хаёл-мақсадларда қатор қотилликлар содир этгани менга қоронғу. Аммо шуниси аниқки, уни тарбиялаган муҳит ёмон бўлган. Бундай жирканч муҳит на дин, на миллат танлайди. Уларнинг миллати ҳам, дини ҳам бир – шайтанат. Масалага алоҳида ҳодиса сифатида ана шу нуқтадан қаралиши мақсадга мувофиқ.
Зеро Нью-Йорк штати губернатори Эндрю Куомо Жаҳон савдо маркази 1 (One World Trade Center) биносини озодлик ва демократия рамзи бўлмиш қизил, оқ ва кўк рангларда ёритишга кўрсатма берди. Бу озодлик ва демократия қадрият ўлароқ Америкадаги ҳеч бир инсоннинг эркинлиги чегараланмаслигига яна бир бор ишорадир.

sanjarsaid