Мен, миллатчи ва миллатварварлик

18 кун.аввал Мулоҳаза71

Кеча Фейсбук ижтимоий тармоғида дўстларим сони 5000 тага етиб кўнглим уларнинг кўплигидан бир хурсанд бўлса, бошқа дўстлик таклифларини қабул қилолмасликдан бир хафа бўлган эди. Ҳар хил фикрлар, турлича ёндашув, турфа дунёқараш. Дўстларимнинг айрим фикрларини қўллаб-қувватласам, бошқасига қўшилмаслигим мумкин. Шу жумладан улар ҳам менинг фикрларимни бир овоздан ёқламасликлари табиий ҳол. Аммо бир нарсага сира тоқат қила олмайман, бу – миллатчилик. Бугун ана шу мазмундаги постга кўзим тушиб қолди. Дарҳол эътирозимни ёздим, қўшимчасига уни дўстлар сафидан ўчирдим.

Мен Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида вояга етганман. Номидан маълумки, туманимизда турли миллат вакиллари яшашган. Болалигим ўзбек, тожик, қозоқ, қирғиз, татар миллатига мансуб дўстлар қуршовида ўтган. Дадамнинг энг яқин дўсти Очил бобонинг миллати тожик, унинг ўғли Жамшид эса менинг энг яқин, қадрдон дўстим. Эсимни танибманки у билан дўстман: ҳатто бир мактабда, бир синфда ўқиганмиз. Бешинчи синфда мен Иқтидорли болалар мактаб-интернатига ўқишга ўтганимда Очил бобом уни ҳам шу мактабга жойлаштирди. Кейин битта университетнинг битта факультетида ўқидик (гарчи турли йилларда бўлса ҳам). Ҳозир у ҳам журналист. Орамиздан қил ўтмайди. Синфимизда қирғиз, қозоқ болалар бор эди. Биз бирор марта лоақал хазиллашиб ҳам миллат ажратмаганмиз. Синфдошларимиз аҳиллигига кўпчилик тан берарди ўша вақтлар.

Олийгоҳда ҳам энг яқин уч дўстимнинг бири – Азиз тожик. Унинг отасини ота, бобосини (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) бобо, онасини она деганмиз. Неча йил талабаликнинг оғир-енгил кунларини бирга бошдан кечирдик. Неча марта қўллаган, ёрдамини аяман. Азиздан бир умр қарздорман.

Бугун ўнг томонимиздаги қўшнимиз татар, чапда ва орқада тожик, олд томонда Самарқанд эронилари, сал нарида қирғизлар яшайди. Улар билан ҳам бирор марта низога бормаганмиз. Яхши-ёмон кунларда доимо биргамиз. Баъзида тушунмовчиликлар бўлиши мумкин, лекин улар 100 фоиз маиший аҳамиятга эга бўлиб, миллат сўзи ўртага тушмаган. Биз ана шундай миллатсевар, миллатпарвар халқмиз. Атрофимизда тили бошқа бўлса ҳам миллати (Иброҳим), турмуш тарзи, урф-одат, анъаналари, дунёқараши – ҳамма-ҳаммаси деярли бир хил инсонлар яшайди. Бизни фақат разил, ёвуз кимсалар миллатларга ажратади, бир-биримизга қарши гиж-гижлайди.

Дунёнинг қайсидир четида бирор ўзбек жиноятга қўл урса, одамлар ҳаётига зомин бўлса ва миллатимиз номига доғ туширса, уни бизнинг миллатга мансуб бўлгани учун оҳ-воҳ чекишимиз ёки унинг ўзбекмас, бошқа миллатдан бўлса керак, деб инкор этишимиз ўтакетган пасткашликдан бошқа нарса эмас.

Миллатпарвар, миллатсевар бўлайлик, аммо ҳеч қачон миллатпарастликка йўл қўймайлик!

sanjarsaid