Ўқитувчиларга имтиёзлар берилиши керакми?

2 ой. аввал Жамият245

Ҳуқуқшунос блогер Хушнудбек Худайбердиев “Фейсбук”даги саҳифасида Ўзбекистон ўқитувчиларининг обрўсини оширишга оид таклифларни сўраб пост қолдирди. Унинг маълум қилишича, “Ўқитувчилар шаъни, қадр-қиммати ва обрўсини янада ошириш тўғрисида” Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

“Шу қарор лойиҳасида нималар назарда тутилишини хоҳлар эдингиз? Сизнинг таклифларингизни тегишли мутасадди шахсларга етказишга ҳаракат қиламиз”, – дея фикр қолдирган ҳуқуқшунос қарор лойиҳасининг бирламчи вариантида назарда тутилган чора-тадбирларни тақдим этган.

Ушбу тадбирларда педагогларнинг ойлик маошларини ошириш, ҳафталик дарс ставкаларини камайтириш, хорижий давлатларга стажировкага юбориш, педагогларни уларнинг лавозим вазифасига тегишли бўлмаган ишларга жалб этишни қатъиян тақиқлаш, педагогларга ижодий кенгликлар ҳамда ўзларини намоён қилишга шароитлар яратиш каби шарт-шароитларни яратиш кўзда тутилган.

Уларга қўшимча равишда:

  • Педагоглар зиммасидан ўқувчиларга тарбия бериш функциясини бутунлай чиқариб ташлаш, дарсдан ташқаридаги нохуш ҳолатларда ўқитувчини, мактабдан ташқарида эса таълим муассасасини айблаш, жазолаш ҳолатларига барҳам бериш;
  • Таълим муассасалари, педагоглар, таълим муассасаси жамоаси ва маъмурияти дахлсизлиги, хавфсизлигини кафолатлаш, ходимлар ишчанлик кайфиятини ҳимоя қилиш бўйича қатъий чораларни кўриш;
  • таълим муассасаларида қатъий тартиб-интизом ўрнатиш, умумреспублика педагоглар ва ўқувчилар этика қоидаларини такомиллаштириш, уларга риоя этиш бўйича талабларни кучайтириш;
  • тарбиявий ишлар, хусусан, ахлоқи бузуқ, тарбияси оғир болалар ва уларнинг ота-оналари (васийлари) билан суҳбатлашиш, уларни тартибга келтириш, зарурат туғилганда жазолаш каби ишлар мактаб маъмурияти ва ҳуқуқ-тартибот органлари зиммасига юклатиш;
  • педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларида қабул жараёнини қайта кўриб чиқиш, кириш имтиҳонларида коррупция, фирибгарлик, суиистеъмолликлар, ноқонуний хатти-ҳаракатларга бутунлай барҳам бериш;
  • ОТМларга аниқ режаси, педагогик фаолият олиб бориш мақсади бўлган абитуриентларни аниқлаш ва саралашни йўлга қўйиш, бунда имтиҳон жараёнида суҳбат ўтказиш, эссе ёздириш, муносиб номзодларни ОТМларга ўқишга жалб қилиш бўйича ижтимоий тадқиқотлар олиб бориш, улар натижаларини амалиётга татбиқ этиш;
  • педагогик олий таълим муассасаларида талабаларнинг ўқув ва амалият, илмий изланиш, битирув малакавий ишларини ёзиш ва ишга жойлашиш каби жараёнлардаги масъулияти, мустақиллиги, изланувчанлиги, ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш;
  • талабалик вақтида илмий-амалий самараларга эришган, амалиёт ўташ вақтида жараёнида эътирофига сазовор натижаларни қўлга киритган ва педагогик жамоада ўз ўрни ва обрўсини топа олган битирувчиларга педагогик тоифа ёки устунлик берувчи бошқа рағбат чораларини кўриш;
  • таълим жараёнида педагоглар масъулияти, жавобгарлигини ошириш, ишга жойлашишда таълим муассасаси раҳбарининг тавсияномаси (аввалги иш жойида эришган натижалари, кўрсатган хизматлари, нима сабабдан ишдан бўшагани ва бошқалар тўғрисида умумий хулоса), биринчи иш бошлаётганлардан эса ОТМ мутасаддилари тавсияномасини талаб қилиш механизмини (ушбу механизмни электрон база шаклида жорий этиш мумкин. Ҳар бир талаба ва ўқитувчининг электрон маълумотлари мунтазам равишда базага киритилиб борилади ва талаб қилинганда электрон почта орқали юборилади) жорий этиш, мавжуд бўлса уни такомиллаштириш;
  • айрим хориж мамлакатларида бўлгани каби ўқувчилар томонидан педагогларнинг дарс ўтиш қобилияти, ўзини тутиши ва ўқувчилар билан муомаласига баҳо бериш тизимини тажриба-синов тариқасида жорий этиш, баҳолашлар асосида педгоглар рейтингини шакллантириш ва улар меҳнатига ҳақ тўлаш ёки рағбатлантиришда ушбу рейтинг натижаларига алоҳида эътибор қаратишни жорий этиш;
  • педагогларни мажбурий меҳнат, ҳар қандай кўринишдаги ихтиёрий-мажбурий йиғимлардан, хусусан металлолом, макулатура, обуна йиғимларидан бутунлай озод қилиш, бу борада Касаба уюшмалари федерацияси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ёки Бош прокуратура тизимида ишонч телефони (горячая линия) ташкил этиш;
  • касаба уюшмалари фаолиятини янада фаоллаштириш, уларнинг ўқитувчи-педагоглар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш функциясини кучайтириш, уларга маҳаллий давлат ҳокимияти ва ижро органларининг педагоглар эркинлиги ва дахлсизлига таъсир кўрсатувчи, ўқитувчилар норозилиги ва эътирозларига сабаб бўлган қарорларини бекор қилиш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш ваколатини бериш;
  • ижарада яшовчи, айниқса ёш педагог оилаларга ижара тўловининг маълум қисмини қоплаш учун моддий ёрдам ажратиш, уларга оилавий ётоқхоналардан хона ажратиш, Тошкент шаҳри ва вилоятларда кўп хонадонли педагоглар уйларини барпо этиш;
  • турли сабабларга кўра бошқа соҳаларга ўтган, чет элларга ишлашга кетган ёки ишсиз юрган малакали педагоглар рўйхатлари шакллантирилиб, уларни тизимга қайтариш чораларини кўриш;
  • педагоглар ўртасида ўтказиладиган кўрик-танловлар, уларни давлат ва вазирлик даражасида мукофотлаш соҳасида шаффофлик, ҳалоллик ва адолатлиликни таъминлаш, бу борада қонун устуворлиги ва жамоатчилик назоратини кучайтириш чораларини кўриш;
  • меҳнат жамоаларида ижобий муҳитни шакллантириш, таълим тизимида қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик, коррупция ҳолатларини бартараф этишнинг самарали усулларини жорий этиш, бу борада шубҳали ҳолатлар аниқланган ёки улар ҳақдаги мурожаатлар келиб тушган тақдирда, мутасаддилар, педагог-кадрлар ва жамоатчилик вакилларидан иборат муваффақ мустақил тафтиш комиссиялари тузилишига имкон яратиш, улар томонидан тақдим этилган хулосаларга юридик мақом бериш ёки ҳуқуқ-тартибот идораларида кўриб чиқилишини таъминлаш;
  • айниқса қишлоқ жойларда ўқитувчилар орасида мунтазам ичкиликбозлик, ахлоқсизлик, порахўрлик, таъмагирлик, жамоадаги муҳитни ёмонлаштиришга олиб келувчи чақимчилик, иғвогарлик каби иллатларга қарши жиддий курашиш, уларни содир этганларни қаттиқ огоҳлантириш, кейинги ўринларда зарур чораларни кўриш ва педагог маълумотлар базаси, тавсиянома кабиларга бу ҳақда қайд этишни йўлга қўйиш кабиларни тавсия этган бўлар эдим.

Қарор лойиҳасида педагоглар учун айрим имтиёзларни жорий этиш ҳам кўзда тутилган. Хусусан, педагогларга кредит олишда (ипотека, авто ва маиший кредит учун 5 фоиздан 10 фоизгача имтиёзли кредитлар бериш), коммунал тўловлардан (стажига қараб табақалаштирилган ҳолда), жамоат траспортидан фойдаланишда, интернетга уланишда имтиёзлар бериш келтириб ўтилган. Бироқ ўқитувчиларга бу каби имтиёзлар берилишига қаршиман. Бу уларда боқимандалик кайфиятини уйғотиши, ўқитувчилар номидан фойдаланиб кредит олиш каби фирибгарликларни кўпайтриши, уларга берилаётган имтиёзлар иқтисодиётнинг бошқа секторларига босимни келтириб чиқариши мумкин. Хусусан, коммунал ширкатлари, жамоат транспорти хизматларини кўрсатиш компаниялари, тижорат банклари, энг бўлмаганидан маҳаллий бюджетга. Педагоглар ҳам барча фуқаролар қатори меҳнатига яраша ҳақ олади ва тўлов қобилиятига эга. Бозор иқтисодиёти, барча соҳаларда бозор механизмларини жорий этишга ўтар эканмиз, имтиёзларни ажратишда ҳам реал талабларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ.

sanjarsaid