Ўзгалар меҳнатини қадрлайлик

1 ой. аввал Ўйлар33

Дўконга чиқсам, бир амаки ариқ ва йўлакларни чиқиндилардан тозалаётган экан. Қари одамнинг бетон ариққа тушиб, супуриши, сўнгра чиқиндиларни аравасига ортиши эътиборимни тортди. Ортга қайтиб, бир оз суҳбатлашдим.  Якшанбадан ташқари ҳар куни кўча тозалар экан. Маоши 350 минг сўм.

Эътиборлиси, ўнг томондаги ариқ тугаши билан чиқиндихона бор. Аммо одамлар қолдиқларини дуч келган жойга ташлаб кетаверишади. Уларни тартибга чақирадиган, керак бўлса жазосини берадиган одам йўқ. Бобо шундай деди:
– Баъзида подъездлар олдини тозалаётсам, одамлар уйидан чиқиб, кўз олдимда чиқиндисини эшиги тагига ташлаб кетади, инсоф йўқ ундайларда…

Маданиятли, ўзгалар меҳнатини қадрлайдиган инсонлар кам эмас. Аммо шундай одамсимонлар ҳам борки, уларга маънавият, инсоф, одоб, қадр-қиммат деган тушунчалар мутлақо ёт. Уларни гап-сўз, насиҳат, ибрат билан тартибга солиб бўлмайди. Букрини гўр тузатади, деганларидай, худбин ва инсофсиз одамлар атрофини тоза тутиш учун икки қадам наридаги чиқиндихонагача боришни ўзига эп кўрмайди. Ундайлар учун энг яхши ва самарали чора қонунларни қатъийлаштириб, ижросини сўзсиз таъминлашдир. Қонунчиликда белгиланмаган жойга чиқиндиларни ташлаш тақиқланган бўлиб, бу ҳаракат учун маъмурий жазо белгиланган. Аммо ҳар доим ҳам, ҳамма ҳам бу тартибларга амал қилавермайди. Шу боис ривожланган давлатлар, хусусан Сингапур тажрибаси ўрганган ҳолда бизда ҳам тартибларни кучайтириш, қонунлар ижросини таъминлашда АКТ ва жамоатчилик назорати имкониятларидан кенг фойдаланиш керак.

Худи Кореядаги каби «чиқинди полицияси»ни жорий этиш, улар кўча-кўйда патруллик қилиб, белгиланмаган жойга чиқинди, сақич, сигарета қолдиғини ташлаган, тупурган, бурун қоққан ваҳоказоларни тутиб, жаримага тортишлари керак. Бир марта бола-чақаси насибасини давлатга қуртдай санаб берган одам иккинчи марта бирор жойни ифлослантиришда ўйлаб қолади.

Азизлар! Ўзгалар меҳнатини қадрлайлик. Бу дунё қайтар дунё. Ҳар бир ишнинг жавоби бор.

sanjarsaid