Докторлар кимлар: ердан чиққан қўзиқоринларми?

3 ой. аввал Жамият241

Бугун тиббиёт ходимини бесабаб калтаклаб, истаганича ҳақорат қилган оила кун мавзусига айланди. Ижтимоий тармоққа жойлаштирилган аудиоведео ёзувни охиригача эшитишга тоқатим, сабрим етмади. Тафсилотларига тўхталиб ўтмоқчи эмасман, истаган одам ўзи эшитиб, хулосасини чиқараверсин. Ҳодиса юзасидан айб кимда эканини аниқлаш ҳам ваколатимга кирмайди. Бироқ жамиятда қонун устиворлигининг таъминланмаётгани, истаган одам бошқалар устидан ўзбошимчалик билан ҳукм ўқиб, жазони ҳам ўзи ижро этаётгани, мамлакатда шифокорларнинг обрўси оёқости қилинаётгани, шифокорлик шараф эмас, ҳақоратлар нишонига айланиб бораётгани мени кўпроқ ўлантириб, изтиробга солмоқда.

Агар давлат, ҳукумат ўз вақтида тиббиёт ходимлари шаъни ва қадр-қиммати, обрўси ва нуфузини ҳимоя қилмаса, шифокорларнинг худди ўқитувчилардек мажбурий меҳнатга жалб қилишдан тўхтамаса, айниқса тез тиббий ёрдам ходимлари давлат муҳофазасига олинмаса, тез орада бунинг салбий оқибатларини татий бошлаймиз. Тиббиёт соҳаси малакали кадрларга кучли эҳтиёж сезиб турган бир пайтда шифокорларни ердан чиққан қўзиқориндек топташ ташлаш ақлга сиғмайдиган иш, учига чиққан ваҳшийлик. Агар ҳар ким шифокорни истаганича ҳақорат қилиб, миқ этсанг порталга ёзиб изингни қуритаман, дейверса қайси докторнинг касбига, ишига муҳаббати, ишлашга рағбати юқори бўлади? Ўзингиз ўйланг: қайси ўзини ҳурмат қилган мутахассис билим ва тажрибаси инобатга олинмайдиган, ҳар куни турли таъна-маломатлар, ҳақоратлар ёғилиб турадиган жойда ишлагиси келади? Улар кетиб қолса бизни кейин ким даволайди?!

Бундай зўравонликларга тоқатсиз бўлишимиз, ҳар қандай ҳолатда ҳам қонун устуворлигини таъминлашга эришишимиз шарт.

Айбни докторларга юклаётганлар диққатига: агар шифокор хато қилса, уни жазолайдиган қонунлар бор, ҳукм ўқийдиган суд бор. Ҳар қандай вазиятда ҳам одам ўзини тута билиши, ўзгалар ҳуқуқларига дахл қилмаслиги керак. Бу каби ҳолатлар кенг ёйилмаслиги учун ҳам зўравонлар жазоланиши, етказилган моддий ва маънавий зарар қопланиши шарт, деб биламан. Бошқаларга ҳам ибрат бўлсин.

PS: Видео юзасидан Президент порталига ёзиб, вазият ўрганилиши ва айбдорлар жазоланишини талаб қилдим. Бошқаларни ҳам шунга ундаб қоламан.

sanjarsaid