Партия дастури қандай бўлиши керак?

3 ой. аввал Жамият39

Сиёсатга қизиқмайдиган одам ўз тақдири, ўз келажагига бефарқ кишидир. У бирор муаммога дуч келса ё уни айланиб ўтади, ёки бошини ёғилаётган тошларга тутиб, барча қийинчиликларга чидаб беради. Энг ёмони унинг мутелиги ва ношудлиги авлодларига ҳам мерос бўлиб ўтади. Ривожланган, ҳар томондан ютуқларга эришган давлатларда эса фуқароларнинг сиёсатга бефарқ эмаслиги, бу жараёнда фаол иштирок этишини кўриш мумкин. Хўш биздачи? Келинг, танқид қилишни бугунча четга сурайлик. Миллий тикланиш партияси  партиялар ичида биринчи бўлиб ўз дастурини жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этибди. Партия дастури қандай бўлиши керак, уни қандай тасаввур қиласиз, дастур ҳаётий, амалий, натижали ва самарали чиқиши учун у қандай бўлиши керак? Сизни қандай муаммолар қийнаяпти ва уларнинг ечимларини нималарда кўрасиз? У аввал қандай эди ва аслида уни қандай тасаввур қиласиз? Миллий тикланиш партияси ўз йўналиши, асосий электорати манфаатлари ва қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда ўз дастурини ана шу мезонлар асосида такомиллаштиришни мақсад қилган. Келинг, дастурга ташқаридан бир назар солайлик.

  1. Партиянинг умумсиёсий соҳадаги вазифалари

Амалдаги таҳрир: Ўзбекистон шаҳарларининг маданий ёдгорликларини, тарихий қиёфасини муҳофаза қилиш, тарихий иншоотлар ва меъморий ёдгорликларни сақлаш ҳамда реставрация қилиш.

Таклиф қилинаётган таҳрир: тарихий обидаларни тиклаш ва таъмирлаш, буюк аждодларнинг қадамжоларини обод этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, тарихимизни тиклаш бўйича таълим муассасаларида олиб борилаётган ишларни тизимли ўрганиш ва бу борада ўқув дастурларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш.

Сиз таклиф қилинаётган янги таҳрирга қўшиласизми? Менимча, партия дастури қисқа, лўнда, аниқ, мақсадли йўналтирилган, мажҳул нисбатда бўлиши бироқ мавҳум бўлмаслиги керак.

“Тарихий обидалар” деганда буюк аждодларнинг қадамжолари ҳам назарда тутилса керак. Шунинг учун “маданий мерос объектлари” тушунчаси қўлланилса. Ундан ташқари, тарихий объектларни тиклаш ва обод қилиш билан иш битмайди. Улардан мақсадли, унумли ва эҳтиёткорона фойдаланиш, шу билан бирга уларни оммалаштириш, маданий мерос объектларига маҳаллий аҳоли ва хорижлик сайёҳларни, ҳомийлар, тадбиркорларни кенг жалб қилиш ҳам назардан четда қолмаслиги керак. Шундан келиб чиққан ҳолда:

“маданий мерос объектларини тиклаш, таъмирлаш, асраб-авайлаш ва улардан самарали фойдаланиш, тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш…” дея бошланса.

Кейинги “…тарихимизни тиклаш бўйича таълим муассасаларида олиб борилаётган ишларни тизимли ўрганиш ва бу борада ўқув дастурларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш” қисми ҳам баҳсли. Тарихни тиклаш бўйича ишлар, менимча, таълим муассасаларида олиб борилмаса керак. Илмий-тадқиқот институтлари, мутасадди ташкилотлар бор тарихни тиклаш билан шуғулланадиган. Таълим муассасаларида тарихни ўрганиш, нафақат тарих, балки миллий қадриятлар, моддий ва номоддий мерос объектларининг тарихи ва бугунги кундаги аҳамиятини ўрганишга қаратилган мактабдан ташқари таълимни жорий этиш бўйича амалий таклифларни ишлаб чиқиш вазифасини ўз олдига қўйса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Тарих ўта мураккаб фан, буни тарих йўналишига ҳужжат топширган абитуриентлар, уларга дарс ўтувчи педагоглар яхши билишади. Партия бу борада тарихий фанини енгиллаштирилган, академик билимларга асосланган эмас, балки ўқувчи-ёшлар психофизиолик хусусиятларига мос, ҳаётий, қизиқарли, осон, дунёқарашни, тасаввурни кенгайтирадиган ўқув дастурларининг ишлаб чиқилишида амалий таклифларни ишлаб чиқишга эътибор қаратгани барча учун фойдали бўлар эди.

Тарих, миллий анъана ва қадриятлар, урф-одатлар, тарихий қадамжолар, географик объектларни ўрганиш бўйича ўқув дастурларига ўзгартишлар киритиш эмас, балки мактабдан ташқари таълимнинг ушбу йўналишини такомиллаштириш юзасидан Япония, Жанубий Корея, Хитой, Буюк Британия ва бошқа давлатлар тажрибаларини ўрганган ҳолда миллий дастур ишлаб чиқиш бўйича таклифлар тайёрлангани мақсадга мувофиқ. Шундан келиб чиққан ҳолда қолган қисм: “тарих, миллий анъана ва қадриятларни ўрганиш бўйича мактабдан ташқари таълимда миллий дастурни ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш бўйича таклифларни тайёрлаш” дея ўзгартирилишини таклиф қиламан. Шунда умумий матнни:

“маданий мерос объектларини тиклаш, таъмирлаш, асраб-авайлаш ва улардан самарали фойдаланиш, тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, тарих, миллий анъана ва қадриятларни ўрганиш бўйича мактабдан ташқари таълимда миллий дастурни ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш бўйича таклифларни тайёрлаш” шаклига келтиришни тавсия қиламан.

Шу каби бошқа йўналишларни ҳам такомиллаштириш, бугунги кун талаблари асосида қайтадан ишлаб чиқиш вақти келди. Партия дастури, уни такомиллаштириш бўйича таклифлар жадвалини қуйидаги ҳаволадан ўрин олган.

PS: Дарвоқе, энг яхши конструктив таклифлар учун катта миқдорда пул мукофотлари тайинланган экан. Бу бир икки ой вақтингизни фақат шу ишга ажратишингизга арзийди.

sanjarsaid