Ўқитувчилар пахтага жалб қилинадими? Бу мавзуга ҳали қайтамиз!
Яқинда интернет сайтлари Ўзбекистон ҳукумати ўқитувчи ва шифокорларни пахтага жалб қилишни тақиқлагани тўғрисида хабар тарқатган эди. Буни Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Халқ таълими вазирлиги ҳам тасдиқлади. Аммо…
Кеча Самарқанднинг Тойлоқ туманидан бир ўқитувчи “Фейсбук” орқали хабар юборибди. Айтишича, мактаб директори мажлис ўтказиб, пахта йиғим-теримига тайёрланиб тураверинглар, бормайдиганлар 800 мингдан пул беради, дебди. Ортидан: “Портал-морталга ёзиб юрманглар, ишдан ҳайдаласизлар”, деган. Ойма-ой кредит тўлаш, икки боласини боқиш керак экан.
Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида эса Халқ таълими бўлими зиммасига 700 нафардан зиёд теримчини жалб қилиш топширилган. Барча мактаб директоралари, уларнинг ўринбосарлари ва боғча мудиралари отряд бошлиқлари этиб тайинланган. Ўзи пахтача чиқмаганлар ўрнига одам топиши, камига топган одами бошқа ҳудуддан бўлиши керак. Чунки ўқитувчи ва шифокорлардан ташқари тадбиркорлар, завод ва ташкилотлар ишчилари, маҳаллалар ҳам одам чиқариши керак. Пахта мавсумига ҳозирлик қизғин. Бу каби ҳолатларни бошқа вилоят, бошқа туманларда ҳам учратиш мумкин. Яқинда ижтимоий тармоқларда пахтага ихтиёрий-мажбурий равишда чиқишга розилик хати тасвирланган сурат тарқалгани фикримни яна бир бор исботлайди.
Тўғри, ҳали жўжа саналадиган куз келганича йўқ, эҳтимол подадан олдин чанг чиқармоқчи бўлаётгандирмиз. Аммо куз яқин, ҳукуматнинг ваъдалари қанчалик ҳақиқат эканини, вазирлар, ҳокимлар сўзида қай даражада тура олишини сентябрда кўрамиз. Бу мавзуга ҳали қайтамиз.
PS: Ҳурматли ўқитувчи-шифокорлар! Миллатимиз, давлатимизга чаласавод ёки касалманд авлодлар керак эмас! Шунинг учун собиқ иттифоқдан қолган зулм механизмига қарши биргаликда курашайлик. Қайси туман, қайси мактаб, қайси шифохонада пахтага мажбурий жалб қилинса, бу ҳақда ижтимоий тармоқларда бонг урайлик, Президент, ҳукумат, керак бўлса бутун дунё бундан хабардор бўлсин! Ўзбекистонда ҳам шифокор ва ўқитувчилар Япония, Корея, Европа Иттифоқидаги каби энг юқори синфга мансуб бўлишга ҳақли ва шарт!
Азиз юртдошлар, ўзбек халқининг бойлиги- бу «оқ олтин», яъни пахта. Келинглар, биргаликда йиғим-теримга қатнашайлик, аммо ўқув жараёнини ҳам таъминлайлик…..
Жавоб беришOQ OLTINNI OLTIN QOLLAR YARATADI
Жавоб беришПахта даври маҳаллий амалдорлар учун улкан даромад манбаи-ку! Агар уларни пахтага жалб қилишмаса бир нечтасининг юраги ёрилиб ўлиши аниқ.
Жавоб беришAlbatta bu pahta milliy boyligimiz va uni yig’ib terib olishda har bir fuqaro burchlidir menimcha.Chunki kimdan sòrasang vatan uchun jonini berishga tayyorligini aytib lof uradi,amalda esa paxta terimida bir oz zaxmat chekishni òziga ep kòra olmaydi.Agar vatanga muhabbat hissini ziyoli qatlam vakillari unutishgan bòlsa boshqalardan nimani kutish mumkin?Majburiy mexnat sifatida baholab yurtimizning jahon bozorida egallab turgan òrnidan qòzg’atib obròsizlantirish payida yurgan axborot agentliklariga shikoyat qilganlar òzlari bilmagan holda òz vatani iqtisodiyotiga qanchalar zarar keltirishganini bilishmaydi afsus.
Жавоб бериш