Велосаёҳат хотиралари: Газли шаҳрида аслида нима бўлган эди?

3 ой. аввал Саёҳат244

Бугун Фейсбукка кирсам, бир йил аввал худди шу куни тармоқда қолдирган қуйидаги постим эслатилган эди:

“Газлига кириб келиб, у ёқ-бу ёқларни суратга олиб юрган сайёҳни кўрган мелисаларимиз дарров ишхонасига таклиф қилишди. Озгина саёҳат таассуротлари билан ўртоқлашиб, компьютеримдаги қизиқарли видеоларни қўйиб бердим. Зерикиб ўтиришган экан бирам яйрашди. Расмлар орасида Абу Муслим ака билан тушганимиз бор экан, у кишининг соқоли лицензияланган, дедим. Мароқли ва мазмунли суҳбат сўнгида фахрий меҳмонлар китобига исм-шарифимни ёзиб, дастхат қўйиб бердим”.

2016 йил 23 август. Бухоролик дўстим Беҳзод Адизов ва унинг меҳрибон ота-онаси билан хайрлашиб, қарийб уч кунлик машаққатли йўлга отландим. Мени олдинда ҳайбатли Қизилқум чўли кутиб турарди. Аввал ҳам бир неча маротаба машина ёки поездда Қизилқумдан ўтганман. Аммо бу сафар ҳаммаси бошқача. Ёнимда унча кўп бўлмаган нақд пул, пластигимда эса 200 мингча пул қолган, аллақачон йўлдан минерал сув сотиб олишни бас қилиб, йўл-йўлакай учраган водопровод сувларидан ғамлаб кетаётган эдим. Хуллас, соат 12:00 атрофида Ромитандан Газлигача бўлган 90 километрча масофани чўл орқали босиб ўтдим. Тушлик қилиб дам олиш, баҳонада тарихда бир неча бор зилзилаларни бошидан кечирган шаҳарни томоша қилиш учун Газлига кирдим. Чўл ўртасидаги оддий шаҳарча, аниқроғи посёлка.

Асосий бинолари эскирган, шаҳар ҳокимияти сирти ёғоч тахталар билан қопланган бинода. Америка Техаси ҳақидаги тарихий шаҳарларни эслатарди. Марказга келиб атрофни айлантириб суратга олишни бошладим. Аввалроқ интернетдан Газли ҳақида маълумот, расмлар қидириб қониқарли бирор нарса тополмаганим учун ушбу назардан четроқдаги шаҳарни тўлиқроқ тасвирлаш ниятим бор эди.

Шаҳар кичкина, одамлар оз, уйлар сийрак. Бегона одам яққол кўзга ташланади. Бегона одам шаҳарликларнинг устидан кулгандай қилиб ҳаммаёқни расмга олаётгани икки аёл, қўлига қандайдир қоғозларни ушлаб олган кичик амалдордан иборат кам сонли ўткинчиларнинг диққатини тортди. Нафақат диққатни тортди, балки чинакам ғазабини қўзғатди. “У ким, нега ҳаммаёқни расмга олаяпти, милиция”, дея бақиришни бошлади аёллар. Уларга эътироз билдирдим: “Ҳеч қаерда расмга олиш мумкин эмас, деб ёзилмаган, хоҳлаганимча олавераман!”. Бу гапим уларни янада жазавага туширди. Анави ёшроқ расмий кийимли олдимга келиб, кимлигимни, нима қилиб юрганимни суриштира бошлади, олға кетишимга қўймай, велосипедимни маҳкам ушлаб олди. Орада кимгадир қўнғироқ қилди.

Бир оз ўтиб шортик-футболка кийган баҳайбат барзанги етиб келди. Савол-жавоб бошланди, Ўзбекистон фуқароси эканимни айтганимда паспортимни кўрсатишимни сўради. Чиқаришимни биламан, шартта қўлимдан юлқиб олдию орқамдан юр, деб сал наридаги ИИБ бўлимига қараб кета бошлади. Қўнғироқ қилмоқчи эдим, телефониям олиб қўйди. Мелисахонада иккита мелиса зерикиб, пашша қўриб ўтирган экан. Барзанги паспортимни уларнинг қўлига топширдию, манабу ҳамма ёқни расмга олиб юрган экан, бир текширинглар, деб ичкарига кириб кетди. Сўроқ-саволни мелисалар бошқатдан бошлади, кимсан, нима қилиб юрипсан, саёҳатга чиқиш учун рухсатинг борми ваҳоказо. Сумкам, ноутбугим, телефонимни битталаб текширди, уларга шахсий дахлсизлик, инсон қадр-қиммати, шахсий мулк деган тушунчалар мутлақо ётлиги яққол кўриниб турарди. Роса текширишди, ҳатто сидишдаги сувниям ҳидлаб кўришди. Компьютерда Абу Муслим ака билан бирга тушган суратни кўриб бу соқолли ким, деб бошимни бир қотирган бўлса, ярим вайрона шаҳар тасвирларини кўриб яна саволга тутишди. Нега бу эски биноларни расмга олдингиз, дейди. Ҳатто Бухорода АРК орқа томонида лойли уй суратини кўриб, мени Ўзбекистон камчиликларини суратга олиб, дунёга жар солмоқчи бўлган душманга чиқариб қўяёзди. Тортишсам вақт ютқазаман, асабимни тамом қиламан, деб муроса қилиб қўя қолдим. Мелиса Газлида олган суратларнинг бир иккитасини айтмаса деярли барчасини ўчириб ташлади. Орадан икки соатча вақт ўтгандан кейин қўйиб юборишди. Охирида “тўғри тушунинг, хизматчилик, бу ёғи байрам арафаси”, деб ҳам қўйишди. Қорним ўлгудек очиб кетди. Сал наридаги ошхонага бориб бир коса қайнатма шўрва буюриб, тушлик қилиб олдимда тезроқ бу шаҳардан чиқиб кетай, деб йўлга отландим. Мени олдинда бепоён чўл кутаётган, кечгача аввалроқ харитада белгилаб олган манзилга – йўл бўйидаги ошхонага тунаш учун етиб боришим керак эди.

Кейинчалик Газлидаги воқеани тез-тез ёдга олдим. Одамлари нега бунча тажовузкор бўлмаса, дея фикр юритдим. Эҳтимол цивилизациядан узоқда, чўл ўртасида, қолаверса давлат эътиборидан четроқда турли қийинчиликлар ичида улар озгина аламзада бўлиб қолгандир. Балки кимдир келиб шаҳарни суратга олса, улар назарида бу аҳволдан кулгандек бўлар. Ҳар ҳолда ҳар куниям уларнинг шаҳарчасига велосипедда чўл ошиб келаверишмайди. Бундай меҳмонни дағдағалар эмас, ҳурмат билан кутиб олса бўларди…

sanjarsaid