Сизни яна тушимда кўрсам…

3 й. аввал Ўйлар178

Орадан 15 йил ўтиб яна тушимга кирдингиз, ё Расулуллоҳ. Ўшанда оёғим бир йил ичида иккинчи ёки учинчи марта операция қилинган, аҳволим оғир эди. Биргина сўзингиз кўнглимни осмон қадар кўтарган, дардимга малҳам бўлган эди, ё Расулуллоҳ. Бугун кўнглим чўкиб, изтироблар домида қолганимда, дардимни кимга айтишни-да билмай турганимда яна дийдорингиз насиб бўлди! Кенг дала эди. Ортингиздан бордим, қийинчилик-тўсиқлардан ўтдим ва Сизга етишдим! Сизни қаттиқ қучдим. Ният қил, тилакларинг ижобат бўлади, дедингиз. Сизни қучиб Жаннатда Сизга яқин бўлишни сўрадим, аммо ўзимни бунга лойиқ эмасман, деб надомат чекиб йиғладим. Ё Расулуллоҳ! Мен Аллоҳнинг бир ожиз, гуноҳкор бандасиман. Амалларим нуқсонли, бирда кибр, бирда ужуб уларни ҳабата қилиб юборади, деб қўрқаман, билиб-билмай кимларнингдир, айниқса яқинларим кўнглини оғритиб қўяман. Бундан пушаймон бўламан, кечирим сўрайман, аммо ҳиссиётлар ғолиб келганда яна хатога йўл қўяман. Дуоларимда ўзимга ва яқинларимга инсофу иймон сўрайман.

Ё Расулуллоҳ! Сизга Аллоҳнинг саломи ва раҳматлари бўлсин! Аллоҳ қиёматда жами мусулмонлар қатори мени ҳам иймонда, исломда тирилтирсин, ўз гуноҳларини тан олган, бунинг учун кимларнидир эмас, фақатгина ўзини айбдор ҳисоблаган, Аллоҳнинг ҳар қандай ҳукмига рози, аммо У зотнинг чексиз раҳматидан сира умид узмаган ҳолда Ўзига йўлиқтирсин. Кавсар олдида юлдузлар ададича косаларда умматингизга унинг сувидан тутар экансиз, охирзамон умматлари қаршисида орада ҳаттоки коса ҳам бўлишини хоҳламасдан қўлингизда сув тутишни бошлаганингизда, кафтингиздан сув ичган ўша бахтли инсонлар сафида мен ожиз банданинг ҳам бўлишини Аллоҳдан илтижо қилиб қоламан, ё Расулуллоҳ…

sanjarsaid