Озарбайжон орзуси

8 кун.аввал Саёҳат191

Ажойиб кунларнинг бирида энг зарур нарсаларимни йиғиштираману кўп йиллик орзуларимдан бири – Озарбайжон диёрини томоша қилиш учун аэропорт томонга йўл оламан. Ёнар тоғлари, денгиз соҳиллари, қадимий шаҳарлари, афсоналарга бой қишлоқлари, ажойиб ошхонаси бир томон бўлса, тили, маданияти ўзбекларга жуда яқин озарбайжонлар бир томон бўлиб мени ўзига жалб этиб келади. Бу миллат ҳам худди ўзбеклар каби узоқ ва оғриқли ўтмишни бошдан кечирган. Бу давлат биз билан деярли бир вақтда мустақилликни қўлга киритди, ўзига хос ривожланиш йўлидан бориб, иқтисоди анча-мунча илгарилаб кетди. Шунинг учун бўлса керак, денгиз соҳилидаги меҳмонхонада бир неча кун тунаб, ушбу мамлакатнинг мен билган ва билмаган сиру асрорларидан шахсан бохабар бўлиш истаги доимо энтиктириб туради. Гоҳ-гоҳида интернетда Озарбайжон ҳақидаги маълумотларни қидириб тураман, ушбу жозибадор, менимча, Ўзбекистонга жуда ўхшаш давлатнинг табиати, иқтисоди, сиёсати, қолаверса озарбайжонларнинг кундалик ҳаёти тасвирланган фото ва видеоларни томоша қиламан. Озарбайжон саёҳати бўйича режалар ҳам тузиб қўйганман. Демак, энг аввало бир неча кунимни Боку шаҳрини, унинг диққатга сазовор жойларини томоша қилиш, озарбайжон миллий ошхонаси билан танишишга ажратаман.

Аввало эски Боку, “Ичери шеҳер”даги қадимий бино ва иншоотлар, масалан, Ширвоншоҳлар саройи, XII асрда қурилган хон карвон саройи, Боку хонлари сарой мажмуаси, афсоналарга бой Қиз қалъаси, Шамахи дарвозаси, машҳур “Бриллиант қўл” фильмидаги “чёрт побери” саҳнаси суратга олинган жой ва бошқаларни томоша қиламан. Кейинги навбат эса янги Боку – Каспий денгизи сувлари ювиб турадиган Соҳилбўйи хиёбони, ундаги Кичик Венеция, Гиламлар музейига бориш, шаҳарни қуш парвоз қиладиган баландликдан томоша қилиш учун Боку фуникулерида учиш, сўнгра Олов миноралари (Flame Towers) ва бошқа диққатга сазовор жойларни сайр қиламан.

Сафар режасига киритган манзиллардан бири, бу — Қобустон. ЮНЕСКО маданий ёдгорликлар рўйхатига киритилган бу жой тоғ суратлари ва бундан 25 млн йиллар муқаддам пайдо бўлган балчиқли вулқонларга бой. Дарвоқе, дунёдаги 45 фоиз балчиқли вулқонлар айнан Озарбайжонда, янада аниқроғи Абшерон ярим оролида жойлашган. Шунингдек, ушбу қўриқхона ҳудудида тош даври одамларининг чизган суратларидан тортиб (уларнинг жами сони 6 мингдан ошади), қадимги Рим аскарлари легиони қолдирган ёзувгача сақланиб қолган. Бир неча километр масофадан чиқараётгани товушлари эшитилиб турадиган Гавалдаш ҳам шу ерда жойлашган. Чиғаноқсифат кўринишга эга ушбу тош дунёдаги энг қадимий “куйловчи” тошлардан ҳисобланади. Озарбайжоннинг энг диққатга сазовор жойларидан бўлган бу маскан Бокудан унча узоқда эмас — 50-60 километр узоқликда.

Абшерон соҳилида Каспий денгизини томоша қилиш, денгиз бўйлаб катерда сайр қилиш, акваланг билан сув тубига шўнғиш ҳам кишига ўзгача завқ бағишласа керак. Бу денгиз сувида чўмилиш эса саломатлик учун фойдали.

Бокудан унча узоқ бўлмаган Сурахани қишлоғида Оташгоҳ ёдгорлиги жойлашган. Бир вақтлар бу ерда табиий газ ажралиб чиққан ва минг йиллар давомида ёниб турган. 1880 йилдаги тектоник ҳаракатлар натижасида табиий газ йўли ёпилиб, олов ўчган. Бу ердаги XIX аср бошларида қурилган иншоотларни томоша қилиш ҳам режамда бор.

Денгиз сатҳидан 2100—2200 метр баландликда Хиналиқ қишлоғи ҳам ўзига хос уйлари, ажойиб одатлари, исломнинг сунний мазҳабидаги одамлари, узоқ ўтмишга эга тарихи билан ажралиб туради. Ушбу қишлоқ ҳақидаги маълумотлар қадимги юнон ва Рим тарихшунослари асарларида келтириб ўтилган. Маҳаллий аҳоли – кятлар бирор тил оиласига мансуб бўлмаган тилда гаплашади, ўзига хос анъана ва урф-одатларини сақлаб қолган. Кятлар ўзларини Нуҳ ўғли Ёфаснинг тўғридан-тўғри авлодлари деб ҳисоблайди. Улар уйларини тошлардан ёнма-ён қилиб қуради. Одатда бирор уйнинг томи қўшнисининг ҳовлиси вазифасини ҳам бажариши мумкин. Томда тутун чиқиш учун тешик мавжуд бўлиб, улар орқали хиналиқликлар бир-бирининг уйига меҳмонга боришлари ҳам мумкин. Ушбу қишлоқда меҳмон бўлиш, ханалиқликлар билан яқиндан танишиб, суҳбат қуриш, уларнинг оддий, аммо ўзига хос таомларидан татиб кўриш орзусидаман.

sanjarsaid