Соқол қўйиш, исломофобия ва толерантлик

3 ой. аввал Мулоҳаза132

Соқолимни бир оз ўстириб юрмагунимча бу тукларнинг нима учундир катта аҳамиятга эга эканини айнан билмаган эканман. Нимага, дейсизми? Шу ҳолда Самарқанддан келишда икки марта ДАН ходимлари таксини тўхтатиб, ҳайдовчи қолиб менинг ҳужжатларимни сўрашди. Нарсаларимни текшириб, ким бўлиб ишлашимни билгандан кейин қўйиб юборишди.  Негадир одамларнинг реакцияси ҳам ўзгариб қолгандек. Тавбаа! Шугина соқолгая?! Ахир у иякда осилиб туришдан бошқа  ҳеч нарсага ярамайди-ку! Эркаклар турли сабабларга кўра соқол қўйиб юради: кимгадир тақлид, шунчаки эринчоқлик, ташқи қиёфага бефарқлик, қизиқиш, чиройли кўриниш, диний мотивларга кўра ваҳоказо.

Соқол ҳам кийимга ўхшайди: ичидаги одам ҳақида юз фоиз маълумот бермайди. Шунчаки ташқи қиёфа, тамом! Шунинг учун диний бағрикенглик, толерантлик кенг қулоч ёйган жамиятларда соқолга дарров чанг солинмайди, фақат соқоли борлиги учунгина шубҳа остига олинмайди.

Биламан, тўғри тушунаман. Бекорга соқолли одамларга бошқача кўз билан қараладиган бўлиб қолмаган. Таассуфки, террорчиларнинг қиёфаси чизилганда соқол асосий элементлардан бирига айланган. Лекин бир ҳақиқатни унутмаслик керак: ким бўлишидан қатъи назар бошқаларга зиён етказмаяптими, ҳеч кимга ҳалал бермаяптими, қонунларни бузмаяптими – уни ўз ҳолига қўйиш керак. У ҳам бошқалар каби ўша жамиятнинг аъзоси, ўз шахсий фикри, соқол қўйиш ёки уни доимо қириб юриш ҳуқуқига эга.

sanjarsaid