ХТВ танлов эълон қилди: томошага тайёр туринг!

4 ой. аввал Жамият95

Яқинда ХТВ “Халқ таълими тизимидаги энг яхши веб-сайт” танловини ўтказди. Танлов низоми идеал ишлаб чиқилган: мақсад ва вазифалар, тартиблар, баҳолаш мезонлари ва ҳоказо. Ўқиган одам қанийди ўқитувчи бўлсаму шу танловда қатнашсам, биринчи ўринни олмасам ҳам майли эди, аммо бундай адолатли, шарафли танловда қатнашиб, ўзимни бахтиёр ҳис этсам, дейди. Бир дунё ишлари, қўшимча юмушлари, дала-кўчадаги ташвишларидан ортиб веб-сайт юритаётган педагогларнику айтмай қўяверинг. Хуллас, яхши ният, бир чимдим умид билан танловда қатнашиш учун аризалар берилди, биринчи босқич кўнгилдагидек, қоғозларда ёзилганидек ўтди ҳисоб. Аммо навбатдаги ва сўнгги – Республика босқичи бошланганидан кейин “об-ҳаво” бутунлай ўзгарди, осмонни қора, мавҳум булутлар қоплаб, ўйин шартлари ўзгарди, янги иштирокчилар пайдо бўлиб, ғолибликка даъво қилишга ўтди. Аввал-бошда эълон қилинган танлов Низомига очиқчаси тупурилди, умид билан танловга ариза берганларнинг ихлоси батамом синдирилди, хафсаласи пир қилинди.

Танлов бошидан мени кўпроқ 2-номинация – “Энг яхши ўқитувчи веб-сайти” қизиқтиргани учун, ушбу номинация бўйича жараёнларни кузатиб боришга ҳаракат қилдим. Келинг, шу ҳақда батафсилроқ тўхталсам.

Низомга кўра, аризалар 23 мартдан 12 апрелгача қабул қилиниши, танловни баҳолаш даври эса 16 майда якунига етиши лозим эди. Аммо сараланиб, Топ-10 киритилган 10 та сайтнинг 4 таси 24 мартда, 2 таси эса апрелда очилгани кишини таажжубга солади, аниқроғи шубҳалантиради, қаердан пайдо бўлиб қолди улар?! Ўтган бир-икки ой ичида қандай оламшумул янгиликка қўл уришган эканки, туғилгандан ғолибликка даъво қилишга ўтса? Қолган сайтлардан 2 тасидан бири ҳам ишга тушганига унча кўп бўлмаганига нима дейсиз? Бири 2017 йилнинг январида, иккинчиси февралда очилган (миллий доменлар регистраторининг Cctld.uz сайти асосида). Энг кучли 10 сайтнинг 2 таси эса 3-даражали доменда бўлгани сабабли қачон очилганини билиш қийин. Мазкур сайтларнинг мазмуни, дизайни, техник ҳолати, фойдаланишга қулайлиги, давомийлиги ҳақида гапириш ортиқчалик қилади.

Яна бир жиҳат: Топ-10 даги сайтнинг 4 таси Хоразм, 3 таси Жиззахда очилган. Айнан мана шу сайтлар 2017 йил 24 мартда ва апрель ойида очилган. Қизиқ, бошқа ҳудудларда сифатли веб-сайт очиб, уни замонга мос контент билан тўлдириб бораётган педагоглар йўқми? Танлов учун очилган ва танловдан кейин қанча яшаши номаълум сайтларнинг қандай қилиб топ-10 рейтингига кириб қолгани тушунарсиз.

Ҳа, яна бир нарса. Танлов низомида катта қилиб ёзилган: Танловнинг расмий сайти – http://tanlov.uzedu.uz деб. 5 июнгача Республика босқичи натижаларини билишнинг имкони бўлмади. Охири Ташкилий қўмитага телефон қилиб сўрадик. Жавобнинг антиқалигини қаранг: forum.uzedu.uz сайтида чиқдику. Қизиқ, бу ҳақда қачон, қаерда эълон берилди? Гарчи низомда танловга ўзгартишлар киритилиши эҳтимоли ҳақида айтиб ўтилган бўлса ҳам, буни ими-жимида амалга ошириш мумкин, деган жойи йўқку. Бу каби ишлардан сўнг шундай хулоса қилишга асослар етарли: танловни ташкил этиш, ғолибларни аниқлашда нохолисликларга йўл қўйилган.

Мана, 16 майда эълон қилиниши керак бўлган натижалар ниҳоят 23 июнь куни дунё юзини кўрди. Танловда:

  1. Жиззах вилояти Дўстлик туман 10-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси Шухрат Нургазиевнинг http://shuhratbek.uz/;
  2. Фарғона вилояти Ёзёвон туман 21-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчисининг Қобилжон Мирзақуловнинг http://infomat.uz;
  3. Жиззах вилояти Жиззах туман 14-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси Наргиза Қаршибоеванинг http://nargiz13.uz веб-сайтлари ғолиб бўлди.

Ғолибларга эътирозлар йўқ, номзодлар ичида пичоққа илинадиганлари танлаб олингани кўриниб турибди. Асосий эътироз танлов ташкилотчиларига! Нима учун ХТВ аксарият танловларини низомда белгилангандек эмас, балки тушунарсиз, мавҳум, беқарор тарзда ўтказади? Шаффофлик, очиқлик, адолат ва ҳаққонийлик асосида ўтказишга ким ёки нима халал беради? Бунақа томошалардан қандай фойда, кимга наф?

sanjarsaid