Ўзини ўлдирмоқчи бўлиб юрганлар ўқисин!

3 ой. аввал Жамият158

Азиз жонига қасд қилмоқчи бўлиб юрган дўстим, синглим, укажоним! Сизни қайси ташвиш ўлим чангалига боришга қайта-қайта ундамоқда? Севган инсонингиз бошқа билан турмуш қураяптими? Яқинларингиз сизни тушунмаяптими? Моддий қийинчиликлар, қарздорлик боши берк кўчага киритиб қўйдими? Бедаво касаллик қийнаб юбордими? Дунёда бирор яхшилик, заррача шодлик, тинчлик, қўллаб-қувватловчи қолмадими? Наҳотки одамлар шунчалар бемеҳр, тошбағир, разиллашиб кетган бўлса. Ахир Сиз дунёга бахтли, соғлом, ҳурмат ва эътиборга лойиқ яшаш учун келгансизку, наҳотки атрофдагилар буни тушунмаса?!

Аммо ҳаммаси ҳам сиз ўйлагандекмикан? Балки ўлишдан бошқа варинтлар ҳам бордир. Кимдир сизни тарк этаётган бўлса, ўрнига ундан яхшиси келади, қийинчиликлар бир куни тугайди, тушунмаганлар, қадрингизга етмаганлар хатосини англаб етади… Аммо ўлимгача миллионта йўл бор. Уларни кўрмаётган, тополмаётган бўлсангиз кимдандир, дейлик бошқа шаҳардаги психолог, масжид имоми, таниқли ёзувчи ёки журналистлардан ёрдам, маслаҳат, далда сўрашдан уялманг, қўрқманг, тортинманг! Чунки ҳаёт бир марта бериладиган имконият, ҳеч кими ва ҳеч нарсаси йўқ, ҳатто қўл-оёғи ишламайдиган, кўзи кўрмайдиган, қулоғи эшитмайдиган қанча одам яшашни истайди! Балки тасаввур ҳам қила олмассиз, лекин қанчадан-қанча одам сизнинг ўрнингизда бўлиб қолишни орзу қилади. Токи тирик экансиз, олаётган ҳар бир нафасингиз учун шукур қилинг.

Бу жон барчамизни яратган Аллоҳнинг бизга берган омонати. Токи ўзи хоҳлаб олмагунча унга хиёнат қилишга ҳаққимиз йўқ. Шунинг учун ҳам ўзини ўлдирган одамларга жаноза ўқилмайди, улар жаннатга кирмайди.

Шуни унутмангки, ўлим ҳақидаги хаёллар шайтоннинг иши. Шайтонни олдингиздан, миянгиздан чиқариб юборишнинг битта осон йўли бор: тил ва дил билан Аллоҳни зикр қилинг: Ла илаҳа иллаллоҳ! Билиб қўйинг! Ё шайтон, ё Раҳмон. Иккиси бир қалбда, бир жойда бўлмайди! Шайтон келса зикр билан уни қувинг. Ва яна эсдан чиқармангки, бу дунёдаги ҳамма-ҳамма қийинчиликлар ўткинчи. У дунёда эса бошқа ўлиш бўлмайди, ўлиш билан қутулиш бўлмайди!

sanjarsaid