Боровский можароси ҳақида

4 ой. аввал Мулоҳаза50

Боровский тиббиёт коллежи ўқувчисининг ўлими билан тугаган жанжални ҳеч қандай йўл билан оқлаб бўлмайди. Жиноят содир бўлди, айбдорлар жазосини олиши керак. Бу ишда кимларнидир қораламоқчи эмасман. Ҳеч ким онгли равишда қотилликка қўл урмайди, ҳеч қайси ота-она фарзандининг жиноятчи бўлишини истамайди. Ҳодиса ҳақида гапирмоқчи бўлган одам фақат оқибатлар эмас, уни келтириб чиқарган сабабларни ҳам инобатга олиши керак.

Энг аввало тарбия масаласи. Айтиш керакки, таълим муассасаларининг асосий вазифаси биринчи навбатда сабоқ-таълим беришдан иборат. Тарбия эса аввало уйда, оилада берилиши керак. Таълим муассасалари эса ўқув машғулотлари вақтида тартиб-интизомни, қонун устуворлигини таъминласин. Шунда дарс вақтида содир этилган жиноятлар учун юз фоиз улар айбдор бўлади. Афсуски, бугун кўпчилик ота-оналар, шунингдек жамоатчилик болалар тарбияси билан таълим даргоҳи, маҳалла, кўча-кўй ҳам шуғулланиши керак, деб ҳисобламоқда. Ота-оналарнинг аксарияти эса боласининг аҳлоқ-одобини бутунлай бегона одамлар қўлига топшириб қўйган. Уларга қолса боласи куни бўйи кўзига кўринмаса, тинч, беғалва юрса. Болани едириб-ичириш, кийинтириш ва бошқа моддий эҳтиёжларини қондиришнигина вазифаси деб билади.

Болалар тарбияси ишониб топширилган педагогларнинг бугунги аҳволи эса ҳаммага маълум. Қоғозбозлик, ҳисоботларга, қўшимча мажбурий ишларга кўмилган ўқитувчилар дарс ўтишга зўрға вақт ажратаяпти. Бир нарса бўлса прокурориям, терговчисиям, маҳалласиям, бошқасиям келиб ўқитувчининг бошида ёнғоқ чақади, ойлигини кесишади, ишдан ҳайдашади, жазолашади ваҳоказо.

Бугун вазият шундай ҳолдаки, ҳеч ким бор масъулиятни, бор жавобгарликни зиммасига олгиси келмайди, ўқитувчи ота-онани, ота-она педагогни айблайди, ўртада бола сарсон, бири қотил қурбони бўлиб ўлиб кетди, бошқаси жувонмард бўлиш арафасида…

Мен бу борада қонун устуворлиги таъминланиши керак, деб ҳисоблайман. Қонун таълим ва тарбияни аниқ ажратиб бериши, унинг иштирокчилари вазифа ва ваколатларини белгилаши, қатъий тартибларни, ўрнатилган қоидаларни бузганларга эса жазоларни жорий этиши керак. Ўқувчи содир этган қоида ёки қонунбузарлик учун бақир-чақир қилиш, тарбиявий дарслар ўтиш, мажлис қилиш, кўпни ўртасида изза қилиш ваҳоказолар керак эмас, бефойда, аксинча, зарарга хизмат қилади. Яхшиси бу ўринда қонун механизмлари ишга тушсин, жараён автомат равишда ривожлансин.

Нима учун тарбия эмас, балки тартиб-интизом устуворлиги ўрнатилиши керак? Менимча, тарбиянинг асосини дин-эътиқод ташкил этади. Инсон боласи Худодан, дўзахга тушишдан қўрққани учун бирор жиноятга қўл уришдан ўзини тийиб туради, яхшилик қилишдан мақсади ҳам Худога яхши кўриниш ва жаннатга киришдан умидвор бўлади. Умуминсоний қадриятларга содиқлик ёки комиллик даражасига етиб яхши ва ёмонни ажратиш, бу – кам сонли одамларда кузатиладиган ҳодиса бўлгани учун у ҳақда тўхталишга ҳожат йўқ. Кўпчилик эса, юқорида айтганимдек эътиқоди сабабдан ўзини ва бошқаларни тийиб келган. Бугун эса дин ва унга эргашувчиларга бўлган муносабат қониқарли эмас. Тарбия беришда унинг стержени бўлган диний мотивларни илгари суриш ўз ҳаётига қасд қилиш билан баробар бўлиб қолди. Шундай экан, тарбия ҳақида гап сотиб, вақтни беҳуда ўтказмайлик, тартиб ўрнатиш ва қонунни устувор қилиш борасида бош қотирайлик. Айниқса коллежларда…

sanjarsaid