Нима учун ХТВ ўқитувчиларни ҳимоя қилмайди?

3 ой. аввал Мулоҳаза21

Сўнгги вақтларда интернет нашрлари, блогерлар томонидан бугунги ўзбек ўқитувчиларининг аянчли аҳволи тўғрисида кўплаб мақола, блогпостлар ёзилди. Ниҳоят журналистиканинг “оғир артиллерияси” ҳисобланган матбуот ҳам “ўт очишни” бошлади. Куни кеча ўзбек матбуотидаги саноқли тирик газеталардан бири “Оила даврасида” ҳам ушбу масалани, йўқ, ўта муҳим, бироқ ҳозирча ҳукумат назаридан четда турган муаммони кўтариб чиқди (мақолани ўқиш истагида бўлганлар газетанинг 2017 йил 18 май сонини топишсин). Бироқ шунча гап-сўз, муҳокама, норозиликлардан кейин ҳам тепса тебранмас, бедаво вазирлик мутахассисларидан бирортаси чиқиб “ҳа, биз ўқитувчиларни маҳаллий ҳокимият зулми, исканжасидан қутқара олмаймиз, бунга лаёқатимиз ҳам, ваколатимиз ҳам, хоҳишимиз ҳам йўқ. Аксинча, уларга қўшилиб ўқитувчиларнинг қонини ичамиз, уларни қоғозбозлик, ҳужжатбозлик ботқоғига чуқурроқ ботиришимиз керак. Токи Ўзбекистонда чаласавод, мустақил фикри, теран дунёқараши, замонавий, реал ҳаётда асқотадиган илми бор авлодлар етишиб чиқмасин. Ақллилар қанча кўпайса, уларни бошқариш қийин бўлади, деган собиқ истилочилардан қолган ақидадан воз кеча олмаймиз”, деб айтмаяпти.
Биласизларми, Халқ таълими вазирлиги ўқитувчиларни ҳимоя қилмаётганига яна бир сабаб бор. Кесатиқларсиз, жиддий айтганда, у ердагилар бошқа давлат органлари билан можарога боришни истамайди. Буни менга вазирлик мутасаддиларидан бири шахсан айтган эди ва бу ҳақда металлолом ҳақидаги постимда келтириб ўтгандим ҳам. Билмадим, нимани йўқотишдан қўрқишар экан. Акс ҳолда “ҳой золим ҳоким, ўқитувчимиздан қўлингни торт, у ўқувчиларга таълим-тарбия бериш керак, сенинг мавсумий, битмас-туганмас деҳқончилигинг, ободончилигинг билан шуғулланиши ёки ғазнангни темир-терсак билан тўлдиришга мажбур эмас”, деган сўзни айтарди. Айтолмаса каттароқ амалдор, дейлик Абдулла Арипов ёки Президентга чиқиб, уларнинг аянчли аҳволидан бохабар қилиб, ожизлиги, қўрқоқлиги учун ҳимоя қила олмаётганидан нолир эди.

Яна ўша гап! Токи ўқитувчини қадрлаб, ўз касбига муҳаббатини қайтармас эканмиз, уни турли ортиқча, дахмаза ишлардан халос этмас эканмиз, меҳнатини муносиб рағбатлантирмас эканмиз, таълим расволигича қолаверади. Таълим расво экан, ҳеч балога ақли етмайдиган, берсанг ейман, урсанг ўламан, дейдиган чаласаводларнинг бутун бошли армияси етишиб, Россия ва Қозоғистонга тайёр ишчи кучи бўлиб кетаверади.

Расм телеграмдан ухлатилди.
sanjarsaid