Миграция агентлиги: жамоатчилик назоратининг навбатдаги ғалабаси

7 ой. аввал Жамият, Салом, Корея!123

Март ойининг охири ва апрель бошларидаги халқ “жетон” деб номловчи Кореяга ишга кетишни хоҳловчиларни рўйхатга олиш жараёнига оид шов-шувлардан ҳамманинг хабари бор. Бугун, аниқроғи кеча кечқурундан буён бу масала яна диққат марказига кўтарилди. Халқ, жамоатчилик томонидан Президент виртуал қабулхонасига қилинган мурожаатлар, ОАВ, айниқса Kun.uz сайти, “Жамият” газетасининг саъй-ҳаракатлари, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг фаоллиги натижасида рўйхатга олиш ва савол-жавоб жараёнидаги барча натижалар бекор қилиниб, ҳаммаси бошидан, талаб даражасида ўтказилиши расман эълон қилинди. Бу Ўзбекистондаги демократик ислоҳотлар, жамоатчилик назорати, давлат ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги тўғрисидаги гап-сўзлар оғизда ёки қоғозда эмас, амалда ҳам ўз ифодасини топа бошлаганидан далолат беради. Бунинг учун ҳукумат, Президент девони ва шахсан Президентимиз Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдиришимиз керак. Бу сўзларим асло лаганбардорлик, пахта қўйиш эмас. Жамиятда содир бўлаётган ўзгаришларни кузатиб бораётган, воқеа-ҳодисалардан бехабар қолмаётган одам сифатида Миграция агентлиги раҳбариятидаги ўзгаришлар (агентлик раҳбарининг ишдан олиниши), рўйхатга олиш жараёнинг қайта ташкил этилишини демократияга аллақачон тайёр бўлган халқимизнинг навбатдаги ғалабаси, сўз эркинлиги, жамоатчилик назоратининг ижобий самараси, деб баҳолаш мумкин.

Биринчи Президент Ислом Каримов вафот этган саналарда бир тану бир жон бўлган, кўпчилик кутганидай тартибсизликлар, парокандаликларга йўл қўймаган халқимиз ноҳақликларга тоқатсиз экани, кўпни қийнаган муаммо устида бирлашиб, якдил фикр билдира олишини яна бир бор исботлади. Миграция агентлиги мисолида бошқа давлат органлари, монопол ташкилотлар ҳам фаолиятини яна бир карра қайта кўриб чиқса, бундан буёғига ҳар бир қадамини ўйлаб, минг чиғириқдан ўтказиб ташласа нур устига аъло нур бўлар эди.

sanjarsaid