Ўқитувчини ўз ҳолига қўямизми?!

6 ой. аввал Жамият163

Дарвоза тақиллаб қолди. Чиқсам икки киши велосипедини деворга суяб, чиқишимни кутаётган экан. Бири мактаб директори, иккинчиси ўқитувчи. Президент виртуал қабулхонасига мурожаатим бўйича келишибди. Туман марказидан марказий шифохонага бориш йўлида оқова сув чиқиб кетиши учун чуқур қилиб қазилган ариқ бўйича шикоят ёзгандим. Амал-тақал қилиб қувур кўмиб тўғирлашган бўлиб, орқасидан шикоятим бўйича эътироз йўқми, бўлса ариза, бўлмаса далолатнома ёзиб келинглар, деб ўқитувчиларни жўнатишибди.

“Эрталаб виртуал қабулхонага шикоят тушган, тез етиб келинг, дейишса боргунча бўларим бўлди, — дейди директор. – Шаҳардаги ҳамма мактабни директорини чақиртиришибди, туман бўйича шикоятларни ўрганиш учун бўлиб беришди, ҳалиям бизга учтаси тушди, машинаси борларга 18 талаб шикоят ажратилди…” Ўзимни ёмон кўриб кетдим. Бечора ўқитувчиларни овора қилганимдан виждоним қийналаяпти. Бошқа шикоят ёзмайман, деб қатъий онт ичдиму аммо педагоглар ҳолидан ачиниш ҳиссидан халос бўлолмаяпман.

Қизиқ, улар болаларга дарс ўтишга ҳам вақт ажрата олаяптими? Ўқувчиларнинг ўзлаштириши нима учун тушиб кетган, деб савол бериб, педагоглар номига ҳар турли маломатларни айтаётганимизда уларнинг ваколатига кирмайдиган ишларга ўралашиб қолганини ҳисобга олаяпмизми? Менимча йўқ! Фақат айблаяпмиз, ҳақорат қилишгача бораяпмиз. Шу ишимиз инсофданми?! Қаёққа қараб кетаяпмиз?! Ўзбекистонда ўқитувчи қилмаган иш, бош суқмаган соҳа қолдимикан? Текин мардикор, мўмин-қобил ўқитувчини эшак қилиб миниб, ишга бориб-келиш қолди шекилли!

sanjarsaid