Жетон қачон берилади?

6 ой. аввал Салом, Корея!147

Блогимда қолдирилаётган изоҳларнинг энг кўпи шу саволдан иборат: «Жетон қачон берилади?». Миграция агентлиги бу ҳақда аниқ жавоб айтгани йўқ. Корея Республикасининг Бандликка рухсат бериш тизими электрон базасида Қирғизистон, Лаос, Покистон, Непал, Филипин, Монголия, Шри-Ланка, Бангладеш, Мьянма (2017 йил 13 февралдан 20 мартгача) каби давлатларда жетон берилиши ҳақида маълумот мавжуд. Аммо бу рўйхатда Ўзбекистон номи йўқ. Ваҳоланки Ўзбекистон Жанубий Кореяга ишчи ресурсларни юбориш бўйича юқори поғоналарда туради. Хўш, нима учун Ўзбекистонда Кореяга ишлашга бориш учун жетон берилмаяпти, қачон жетон берилиши мумкин? Бу бўйича бир неча тахминларимни илгари сурсам. Эътибор берган бўлсангиз, Корея Республикасининг SPAS  дастури бўйича тизими электрон базасида Ўзбекистон ҳақида маълумот берилса коррупция, порахўрлик сўзлари кўп қўлланилган. Ҳа, Ўзбекистонда миграция агентлиги Кореяга ишлашга кетишни коррупцияга тўлдириб ташлаган эди. Шу сабабли корейслар имтиҳон олишнинг барча жараёнларини шаффофлаштириш, ўз назоратлари остига олишга ҳаракат қилди. Охирги марта жетон берилганда кўпчилик бунинг гувоҳи бўлди.

Иккинчи тахмин ҳам порахўрлик билан боғлиқ. Халқимиз Кореяга бориб кўпроқ пул топиш илинжида пора бериб, турли йўллар билан Кореяга кетишга ҳаракат қилмоқда. Жетоннинг ўзи 800-1000 долларга чиқиб кетганди. Асосий оддий шарт, яъни корейс тилини ўрганиш эса энг охирги ўринга ташлаб қўйилди. Натижада Кореяга корейс тилининг «к» ҳарфини ҳам билмайдиган жуда кўп сонли ўзбекистонликлар кетди. Уларнинг айримлари аэропортдан қайтариб юборилган бўлса, айримлари корхоналарда ҳамманинг тоқатини тоқ қилди, корейсларнинг норозиликларига сабаб бўлди ва бу жараён ҳамон давом этмоқда.

Учинчидан, SPAS  дастури бўйича Кореяга борганларнинг кўпчилиги ноқонуний йўллар билан шартнома муддати тугагандан кейин ҳам Кореяда қолиб ишлашда давом этмоқда, ҳаттоки улар рўйхати агентликнинг migration.uz сайтида ҳам бир неча қисмга бўлинган ҳолда берилган. Токи улар Ўзбекистонга қайтмас экан, янги жетонлар тарқатилиши эҳтимоли пасайиб кетаверади (Худо уларга инсоф берсин).

Тўртинчидан, айрим ўзбекистонликлар турли йўллар билан Кореяга бориб, нелегал қочиб кетмоқда. Бу жиҳат ҳам меҳнат миграцияси соҳасида икки давлат ўртасидаги келишувларнинг тўлақонли амалга ошишига тўсқинлик қилади.

Бешинчи тахмин Корея Республикасидаги сиёсий вазият билан боғлиқ. Кўпчиликнинг хабари бор, айни пайтда Корея президенти Пак Кин Ҳе импичменти Конституцион суд қарори билан тасдиқланди. Энди мамлакат аҳолиси 9 майга қадар бўладиган президентлик сайловига тайёргарлик кўрмоқда. Эҳтимол шу сабабли жетон муддати ортга сурилаётгандир.

Хўш, қачон Кореяга жетон берилади? Тахминимча, бу йил куз ойларида жетон берилса керак.

 

sanjarsaid