Сўм нима учун керак?

7 ой. аввал Мулоҳаза20

Айни пайтда доллар бозоридаги стрессли ҳолат кўпчиликни қийин аҳволга солиб қўяётгани сир эмас. Куни кеча долларнинг қора бозордаги қиймати 7600 сўмдан ошди, одамлар яқин истиқболда 8 минг, кейинчалик эса янги чиққан 10 минг сўмлик билан тенг қийматда бўлишини кутмоқда. Расмий курс ҳам ҳар ҳафта янги рекордларни қайд этаяпти. Бирор мард иқтисодчи чиқиб нима учун дунёда доллар нархи пастлаётган пайтда Ўзбекистонда унинг қимматлаб бораётгани, бунинг ортида кимнинг ёки кимларнинг манфаати ётганию яқин ва узоқ истиқболда бизни нималар кутаётгани, қора халқ яна нималарга тайёр туриши кераклиги, лозим бўлса доллар нархининг кўтарилиши биз учун яхши бўлиши ҳақида умид берадиган бирор сўз айтмаяпти. Расмийлар эса ҳар доимгидек бепарво, гўёки бизда қора бозор йўқдек.

Хўп, муайян иқтисодий сабабларга кўра долларнинг расмий ва норасмий курслари ҳафта, кун, соат сайин ортар экан, нима сабабдан доллар билан ҳисоб-китоб қилинувчи товар ва хизматлар нархига аниқ чекловлар ёки қийматни белгилашнинг адолатли, халқпарвар механизмлари жорий этилмайди?! Ахир оддий халқ сўмда даромад кўрса, ойлик-маошлар долларга ўхшаб ҳар куни ёки ҳар ҳафта ошаётгани йўқ-ку!

Нега энди аксарият давлатлардаги каби бизда ҳам ҳеч бўлмаганда мобил хизматлар нархи миллий валютада белгиланмаслиги керак? Бугун телефонимизга бир доллар тушириш учун 3500 сўм ташласак, бир ҳафтадан кейин 3600, бир ойдан кейин 4 минг сўм? Зулм, зўравонлик, инсофсизлик эмасми бу?

Иқтисодиётимизни ҳадеб ёш боладай папалайвермасдан, эмин-эркин, кучли, рақобатга чидамли бўлиб ўсиши, бозор қонуниятлари, реал ҳаёт талаблари асосида ривожланишига йўл қўйиб бериш вақти келди шекилли, кимлардир буни билиб билмасликка, кўриб кўрмасликка олаяпти холос.

Хуллас шунақа гаплар. Вазият ўзгармаса, ҳамма нарса долларга қараб нархланаверса, сўм нима учун керак? Агар мутахассисларимиз валютани эпақага келтиришни эплай олмаётган бўлса яхшиси бошқа бирор кучлироқ хориж валютасига ўтиб қўяқолайлик!

Расм манбаси: Дедолларизация по-узбекски: три курса валют в одной стране

sanjarsaid