8 март. Қизлар ҳуқуқи. Льгота

6 ой. аввал Жамият67

Бугун 8 март. Аксарият юртдошларимиз бу кунни байрам қилиб нишонлаяпти. Ўтган шанба куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳам Ўзбекистон хотин-қизларига бағишланган давлат тадбирида қатнашиб, барча аёлларни шахсан ўзи табриклади. Бунақаси бўлмаган! Хуллас, эйфория. Аммо бу ҳаммаси жойида, ҳаммаси адолатли, тенг ҳуқуқлилик асосида кетаяпти, дегани эмас. Ўзбекистонда хотин-қизларнинг билим олишга бўлган ҳуқуқи армияга борган йигитларга ўқишга кириш учун бериладиган имтиёз (оддий қора халқ лигота деб атайди) мисолида бузилмоқда. Соғлом фикрли жамиятларда нафақат аёллар, балки эркакларнинг ўзи ҳам бундай ижтимоий зулмга қарши чиққан бўлар эди. Нега дейсизми? Ўтган йиллар тажрибаси ўнлаб, юзлаб лиготали йигитларнинг гарчи муносиб бўлмаса ҳам, ўз кучи, билими билан кирган абитуриент йигит-қизлар ўрнига ўқишга кириб кетганини, ҳаттоки саккиз балл тўплаб талабаликка эришган думбулкалла сўтақўзиларнинг институтда битта малакали кадр ўрнини занглатганини кўрсатди. Ҳатто ўз исм-шарифини тўғри ёзолмайдиган саводсизлар нафақат абитуриент, балки талаба ва ўқитувчи-педагогларнинг ҳам ихлосини сўндириб, ишдан бездирмоқда. Қизлар учун Зулфия номидаги давлат мукофотининг белгилангани етарли эмас. Коррупция ботқоғидаги танлов юз минглаб абитуриент қизлар олдида урвоқчалик ҳам эмас. Қолаверса, айрим зулфиячилар борки, биратўла уч-тўрт имтиёзни «зайнит» қивоган.

Президент хотин-қизларга бағишланган тадбирда қизларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарлар эгаси бўлиб вояга етиши, жамиятда ўз муносиб ўрнини топиши масаласига алоҳида тўхталиб ўтди. «Бугун биз уларга қандай таълим-тарбия берсак, эртага улар янги авлодимизга шундай тарбия беради», – деди Президент. Энди амалий чора-тадбирларга ҳам ўтиш керак. Ҳақиқий ўзгаришларни кутаяпмиз…

PS: фото fikr.uz сайтидан ўғирланди, улар қаердан ўғирлаганини билмайман   🙂

sanjarsaid