Яна металлолом ҳақида

4 й. аввал Жамият295

Хабарингиз бор, яқинда мактабларда ўқувчиларга “металлолом солиғи” солинаётгани ҳақидаги постим катта шов-шувларга сабаб бўлган эди. Ҳаттоки меҳнат вазири постдаги фикрлар асоссиз, деган муносабатини ҳам билдирди. Фикрларимнинг қанчалик асосли эканини ҳамма яхши билади. Ортиқча гап-сўзга ҳожат йўқ. Бироқ ижобий натижалар бўлишига умид учқунини ёндирадиган ишлар бўлди, эшитишимча, Жиззах вилояти мактабларида ота-оналар иштирокида болалардан металлолом сўралмаслиги мавзусида мажлислар ўтказилган эмиш, аммо ўша йиғилишлар ҳақидаги ҳисоботларда бир неча йиллар аввал шундай йиғилишларда туширилган расмлар илова қилинганини ҳам эшитдим. Хуллас, мавзу бир кўтарилдию худди ўшандай сўнди, вазият деярли ўнгланмади. Баҳона: “Мақоладаги далиллар ўз исботини топмади”.

Ушбу пост сабабли менга республиканинг турли ҳудудларидан мактаб ўқувчиларидан металлолом ёки унинг пули йиғилаётгани ҳақида мурожаатлар келишни бошлади. Мен нима ҳам қила оламан? Халқ таълими вазирлиги мутахассислари билан гаплашсам, бизга буни алоқаси йўқ, бу топшириқ ҳокимликлар томонидан берилади, дейишди. Ҳокимликларга, улардан юқори турувчи инстанцияларга етказиш ваколатларинг борку, десам давлат органлари ўртасида можаро келиб чиқишини рўкач қилади. Икки ўртада ўқувчилар сарсон, мана, кеча ҳам менга ёзишди, Фарғона туманидаги 15-мактабда ё ўн беш кило металлолом ёки олти минг сўм. Айни қишда ўқувчи 15 кило металлни қаердан топсин?!

Кеча пенсияларни тўлиқ нақд пулда тўлаш тўғрисида Президент қарори қабул қилинди. Унинг расмий шарҳида келтирилишича, пенсия пулларини нақд пулда олиш бўйича Президент виртуал қабулхонасига 7 мингдан зиёд мурожаат келиб тушганидан сўнг мазкур қарор қабул қилинди. Барака топкурлар, сизлар ҳам металлолом сўрашаяпти, деб ёзинглар Президент қабулхонасига, ёзиш қўлларингдан келмаса телефон қилинглар, шунчалик қийинми? 1000 телефон рақами, керак бўлса!

Қозоқларда йиғламаган болага эмчак йўқ, деган мақол бор. Қўполроқ мисолдир эҳтимол. Лекин йиғламасанглар, ўз ҳақларингни талаб қилмасанглар вазият ўзгарармиди? Ёзинглар, талаб қилинглар, андишани йиғиштиринглар!

sanjarsaid