Эшак гўшти: лавашдан қийма кабобгача

9 ой. аввал Мулоҳаза22

Шу йилнинг 6 декабрь куни nuz.uz сайтида самарқандлик журналист Тошпўлат Раҳматуллаевнинг Самарқанд сув омборидаги эшаклар қабристони тўғрисида журналистик суриштируви эълон қилинган эди. Ундан аввалроқ Facebook`даги «Самарқанд ва самарқандликлар» гуруҳига жойлаштирилган суратлар изидан тушган журналист юзлаб эшакларга тегишли суяк қолдиқлари қандай қилиб бу ерга келиб қолгани, уларнинг териси ва гўштлари нима мақсадларда фойдаланилганига қизиққан. У шундай сўзлар билан якунланган:

“Шундай қилиб, эшакларнинг суяк қолдиқлари бўйича нималардир маълум бўлди. Бироқ бизнинг Самарқандда ҳайвонот боғи йўқ-ку. Эшак гўштлари қаёққа кетаяпти? Бу ва бошқа саволлар билан, эҳтимол, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари шуғулланар?..”

Орадан 8 кун ўтиб ушбу иш юзасидан яна бир мақола эълон қилинди. Унда айтилишича, 8 декабрь куни вилоят ҳокимлигида Зоир Мирзаев бошчилигида ушбу мавзуга бағишланган мажлис бўлиб ўтган. Унда Хишрав посёлкаси яқинидаги сув омбори акваториясида вужудга келган санитар-эпидемиологик вазиятнинг олдини олмаган мутасадди ташкилотлар раҳбарларига керакли вазифалар топширилган, шу иш юзасидан суриштирув-тергов ишлари бошланган. 15 куни журналистлар учун ташкил этилган бир тадбирда Тошпўлат акадан шу ҳақда сўрадим. Тергов давом этаяпти, мени эшак гўштлари нима мақсадда ишлатилгани қизиқтираяпти, деди журналист. Менга ҳам шу қизиқ. Юзлаб эшаклар сўйилиб, гўшти аллақаёқларга олиб кетилган, аниққи, уларни нималардир ёки кимлардир истеъмол қилган. Эҳтимол биз севиб ейдиган лаваш, мазали қиймали кабобга ишлатилгандир, балки қайнатма шўрвага солингандир, колбаса ёки сосискаларга қўшиб юборилгандир?! Кимдир ўртага чиқиб шу гапларим мутлақот нотўғри, шубҳаларим ўринсиз эканига мени ишонтиришини, ҳар бир гумонимга қарши аниқ далиллар келтиришини қанчалар истаётганимни билсангиз эди.

Биласизми, мени яна бир нарса ўйлантираяпти. Самарқандда катта машмаша бошланди, минглаб килограмм эшак гўштлари қандайдир мақсадларда ташиб кетилган. Одамлар орасида шубҳа-гумон, турли хаёллар урчиган. Бундай вазиятда ўзини ҳурмат қилган, мижозларини қадрлаган ишлаб чиқарувчилар, хизмат кўрсатувчилар гўшт маҳсулотларини қаердан олиши, қандай шароитларда сақлашию, халққа етиб боргунча қандай жараён, текширувлардан ўтиши ҳақида ахборот тарқатгани мақсадга мувофиқ эмасми? Ҳеч бўлмаганда ўша корхоналар раҳбарлари ижтимоий тармоқларда чиқишлар қилиб, одамлар билан бевосита мулоқот ўрнатиши керакмасми? Feysbook`да жуда катта аудиторияга эга қанча гуруҳлар борку!

PS: Аввал ҳам гўшт ҳақида ёзган эдим.

sanjarsaid