Нега ўзгармаймиз? Блогерга хат келди

4 й. аввал Жамият89

Нима учун ўзгармаймиз? Чунки ўзгаришларни, ўзгартиришларини хоҳламаймиз. Бир маромдаги, тинч ҳаётни ўзгартириб, ўзимизни ўққа-чўққа уришдан нима наф? Қимирламасак ҳам, жон чекиб, тер тўкмасак ҳам кунимиз ўтаяпти-ку. Ҳар хил машмашаларни сотиб олиб, жонимизни қийнаш эвазига бировга ёмон кўриниш, раҳбарлар назаридан қолишни истамаймиз. Бу эса айрим амалдорларга қанчалар қўл келишини биласизми?

Почтамга “Muruvvat Baraka Servis” компанияси раҳбари Қобил Дўсовдан хат келди. Жуда долзарб мавзу, ўта муҳим муаммони кўтариб чиққан. Ёзганлари ҳақиқат бўлса, у ҳақда тасаввурим шундай: ватанпарвар, тараққиёпарвар, элсевар. Германияда ўқиган, ўз ишининг устаси. Уни қийнаётган нарса ўзгаришларни истамайдиган амалдорларга (балки мўмайгина даромаддан маҳрум бўлишни хоҳламаётгандир) киритган янги таклиф, тавсиялар инобатга олинмаяпти. Иш кўлами жуда кенг, жуда катта. Аэропортларнинг учиш-қўниш йўлаклари, маҳаллий йўлларни сифатли, дунё талаблари асосида, арзон ва узоқ муддатларга мўлжаллаб сифатли таъмирлаш йўл ва усуллари таклиф қилинган. Бу йўлда бюрократик тўсиқлар, эскича фикрлайдиган амалдорларнинг бепарволиги эса (бепарволикдан ҳам кўра туллаклиги десам тўғри бўлади. Ахир бир йилда 4-5 марта йўлни таъмирладик, деб бир километр йўлдан қанча пул ўмариш мумкинлигини тасаввур қила оласизми?) турли хил гап-сўзларга сабаб бўлмоқда. Ахир амалдор таклифни рад этиш сабабларини айтмаса, қарорининг ҳақиқатга яқинлигини исботлаб бера олмаса, 50-80 йиллик бошқарув усуллари, қонун-қоидалардан воз кечиб бўлмаслигини асосламаса, бошқа қандай хаёлга бориш мумкин?

“22 ёшимдан тадбиркорлик билан шуғулланаман. Гимназия мактабини тугатганман. Маълумотим олий. Германия Федерациясининг Гиц академиясини тугатганман ва ўша жойда қурилишиш йўналишида малака оширганман. Халқ назарига тушган устозлардан таълим ва тарбия олганман. Фанлар Академиясида Сайфиддин Рафиддинов, профессор Иброҳим Ҳаққул, академик Абдурашид Ҳасановнинг шогирдиман. 2016 йилнинг 10 апрелидан Ўзбекистон Миллий тикланиш партияси томонидан Тошкент вилоят халқ депутатлар кенгаши Бўстонлиқ туман депутати этиб сайландим. Қарамоғимда ота-онам ва беш нафар фарзандим бор. Корхонамда эса 30га яқин одамни иш билан таъминлаганман. Ушбу корхонанинг асосчиси ва бош раҳбари ҳам ўзимман. Дунёнинг 15та давлатидан 40дан ортиқ компаниялар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатганман” – деб ёзибди тадбиркор.

Унинг сўзларига кўра, корхонаси 10 йил давомида турли хил қурилиш маҳсулотларини сотиш, ўша маҳсулотлар билан қурилишнинг турли йўналишларида таъмир ва қурилиш ишларини олиб бориш, экспорт фаолияти билан шуғулланади. Хусусан, йўл қурилиши, автомобиль ва аэродром йўллари, конструкция ва иншоотларни сувдан, совуқдан, иссиқдан ва ҳар хил кимёвий моддалардан ҳимоялайдиган товарларни олиб келиш, таъмирлаш ва қуриб бериш билан шуғулланади.

“Сизга шуни маълум қилишни истардимки, 10 йил мобайнида давлатимизнинг қурилиш ишларида керак бўладиган техника ва технологиялар олиб келдим. Хусусан, автомобил йўлларимиз, аэродромлар учун, автомобиль йўлларидаги кўприклар таъмирида, қишлоқ-сув хўжалигининг ирригация соҳаларида, сунъий ҳовузлар қурилишида, ичимлик сувлари сақланадиган катта резервуарларда, ГЭСлар қурилишида, тоғ-кон металлургия соҳасида, уй-жойлар қурилиши ва таъмирида, коммунал хизматида жуда ҳам қўл келади”.

Унинг ёзишича, 6-7 йил давомида маҳсулотлар ва технологияларнинг асосий буюртмачилари чет давлатдан келган хорижий компаниялар бўлиб қолмоқда. Эътибор беринг, тадбиркор таклиф этаётган усулда ишланса, давлат йўлларни таъмирлаш учун ажратаётган маблағнинг 10-20 фоизи сарфланар экан, бунинг устига, йўллар 50 йилгача сифатини бузмайди. Кўраяпсизми, нима учун йўл корчалонлари янгиликни тадбиқ этишни орқага сураяпти?

Тадбиркор олдидаги яна бир катта тўсиқ буюртмачи давлат корхоналари қарзларини йиллар давомида бермай, хусусий корхоналарнинг банкрот бўлиши, маҳаллий ва хорижий ҳамкорлар ишончини йўқотиши ва обрўйининг тушишига ҳам сабабчи бўлмоқда. “Ҳаттоки, суд қарорини олиб ижрочиларга берган бўлсак-да ойлар давомида ҳеч қандай натижа бўлмагач, Бош вазир порталига ёзишимга тўғри келди (Мурожаат рақами: 69243-s/16). Порталга ёзишимнинг натижаси “Ўзавтойўл” компанияси расмиятчилик юзасидан чақириб, бир-икки қоғозларга имзо қўйиш билан якунланди. Йиллаб давлат ташкилотларидан ўз пулимни ололмаслигим ва кескин кўтарилиб кетаётган валюта ва инфилация ҳисобига корхонам жуда ҳам қийин аҳволга тушиб қолди. Бу эса иш ўринларини қисқартиришимга ёки фаолиятимни тўхтатишимга сабаб бўлмоқда”, – дейди тадбиркор.

Кўп йиллик тажриба, замонавий билим ва имкониятларига ишонган тадбиркор Корея, Туркия, Хитой компаниялари билан бемалол рақобатлаша олишига ишонч билдирган. Лекин рақобатга киришишга ўзимизнинг қонунлар йўл бермайди биринчи навбатда.

“Биз инвестицион лойиҳаларда тўғридан-тўғри иштирок эта олмаймиз. Сабаби биз маҳаллий корхонамиз. Бизга валютада ҳақ тўлаши мумкин эмас. Хорижий корхоналар бўлса валюта шартномасини туза олгани ҳисобидан чет элдан сифатли маҳсулотлар олгани учун ва ишчиларга яхши ҳақ бергани учун маҳаллий корхоналарнинг янада ривожланмаслигига сабаб бўлмоқда. Агар бизнинг ҳам ҳуқуқимиз улар билан тенг бўлганда хорижий корхоналарни кўп ҳолларда биз ўзимиз қила оладиган ишларни биз уларга беришимизга ҳожат ҳам қолмасди. Хитойда ва яна бир қатор чет давлатларда ўз тадбиркорларига яратиб берилган шароитлардан бири ҳеч қандай гаровсиз корхоналар тендерларда иштирок этиши учун банклар 20 фоизлик банк кафолатини беради. Бизнинг банкларда эса бу мурожаат билан борсангиз эшитишни ҳам исташмайди. Ёки шу 20 фоизлик кафолатдан юқорироқ гаров сўрашади. Шунинг учун корхонам ва бошқа корхоналар тендерларда қатнаша олмайди”.

Расмиятчиликлардан зада бўлган тадбиркор фикрини қуйидагича давом эттирган: “Самолётлар учиш-қўниш йўллари таъмирида арзонлиги сабабли чет давлат ва ўзимиздан чиқадиган сифатсиз маҳсулотлар билан таъмирланишига ҳар йили катта маблағлар йўқотилмоқда. Ваҳоланки, бир марта олишда арзон туюлса-да баъзи ҳолларда бир йилда тўрт марталаб таъмир қилишини ва бу сифатсиз маҳсулотлар деб қимматбаҳо йўллар ўз сифатини йўқотиб, яроқсиз аҳволга келишини ҳисобга олса, бюджетимиз қанчалик зарар кўришини ҳисоблаш қийин эмас. Биз неча бор қилган мурожаатларимизда ҳар гал таъкидлаганмиз, маҳсулотимиз бор, техникамиз бор, малакали кадрларимиз бор ва узоқ йилга кафолатимиз бор, десакда масаланинг моҳиятини ё кўрмайди, ёки эшитишни ҳам истамайди. Чиройли тарзда қабул қилиб, ҳурмат билан кузатиб юборишади. Натижа ҳар доимгидай қоғозда расмиятчилик бўлиб қолмоқда. Тадбиркорлигим ҳам ўз йўлига, лекин бу соҳаларга кириб борганим сари бу даражадаги жаҳолатни кўриб, давлатимиз соясида ортирган тажрибам, олган илмим билан кўриб туриб кўрмасликка олишни ҳар бир ақлли одам нонкўрлик деб ҳисоблайди”.

Видео

Ўзбекнинг ишонган, келажак эгаси деб билган, кўзга кўринган ёш тадбиркорларини-да турли муаммолар гирдобида қолдириб, ўсишига, ривожланишига тўсиқ бўлаётган, ҳалқумини мойлашнигина ўйлайдиган айрим мансабпарастлар бор экан, тараққиётган ортда қолаверамиз. Умид қиламизки, янги Президентимиз, янги тайинланган бош вазир ва янги ҳукумат бу масалани ижобий ҳал этади, тадбиркорлик ривожига халал белаётган барча иллатлар, тўсиқларни бартараф этади, ўзгаришни истамаётганларни йўлдан олиб ташлайди. Ва яна шунга ишониб қоламанки, қачондир кеча ва бугун катта-катта маблағларни ямламай юктган ҳаромтомоқлар суд қилинади, давлатга, халққа етказган зарари тийин-тийинигача, ортиғи билан қайтариб олинади. Яратган Аллоҳнинг ҳузурида ҳисоб-китоби тўлиқ, адолатли ўтишига  эса шубҳа йўқ!

sanjarsaid