Сайлов ҳақида

9 ой. аввал Мулоҳаза14

Эрталаб овоз беришга кетар эканман, йўлда маҳалламизда турадиган онахонни кўриб қолдим. Мени қаттиқ ҳурмат қилади, салом бергандим, кўришиш учун қўлини узатди. Кўришганимиздан кейин “Сайловдан қайтаяпсизми?” деб сўрадим, “Ҳа”, дейди онахон. Оддийгина суҳбат, кеча жуда кўпчилик шу каби ҳолатга дуч келгандир. Аммо гап онахоннинг миллати ҳақида. Бирор миллатни камситиш, унинг вакилларини ерга уришни ёмон кўраман, шу ишни қиладиганлардан нафратланаман. Лекин бу миллат ҳақида гапиришим билан, гарчи хаёлимга келмаса ҳам, ўзимни уларни камситгандек ҳис этаман. Онахон лўлилардан (циган). Маҳалламизда, боғчанинг ёнгинасидаги уйда яшайди. Уларнинг оиласи бошқаларга сира ўхшамайди, тиланчилик қилмайди, умр бўйича ўша боғчада қоровуллик қилган онахоннинг фарзандлари ҳам оддий одамлардек яшаб, ҳалол меҳнат билан тирикчилик қилади. Бир ўғлининг тракторчилик қилишини, қизи ҳам рисоладагидек оилага турмушга чиқиб кетганини биламан. Хуллас, ҳаммамиз қатори Ўзбекистон фуқароси, сайлаш ҳуқуқига эга. Онахоннинг сайловдан қайтаётганини кўриб хурсанд бўлдим. Ҳатто фаҳрландим. У ўз Ватани, ўз халқи учун овоз бериб қайтаяпти, у ўз ҳуқуқидан фойдаланаяпти.

Сайлов участкасига борганимдан кейин овоз беришга шошмадим. Одамларни кузатдим. Бу ердагиларнинг аксарияти менга таниш, қадрдон – қўшниларим, маҳалладошларим, дўстларим, ўқувчиларим ваҳоказо. Комиссиядалар ҳам нотаниш эмас, ҳатто туман марказий шифохонасидан бириктирилган доктор ҳам таниш – дўстим, синфдошимнинг онаси. Овоз беришга бориб, ўзимни байрамда юргандек ҳис этдим, битта даврада шунча қадрдонинг, яқинларинг жам бўлса, улар юзида фақат қувонч, шодлик, сўзларида ишонч кўрсанг чинакам бахт шу эмасми?

sanjarsaid