Аҳмаджон Ҳасанов ким?

Кимдир сизга ҳамма касалликни дори-дармонсиз даволайман, деса ишонасизми? Саратон, сил, церроз, остеохондроз каби оғир касалликларга ҳам, тушкунлик, стресс, депрессия сингари руҳий муаммоларга ҳам бир хил даво усулини қўлласа нима дейсиз? Сизни билмадиму, менинг ишонишим қийин. Ундай одам ё фирибгар, ёки ақлдан озган бўлиши мумкин. Лекин шифокорлар тайёргарлигингизни кўринг, деб жавобини бериб юборган, ўлимни бўйнига олиб қўйган одамни жар ёқасидан олиб чиқиб, ҳаётга қайтарган, фақат саломатлиги эмас, оилавий муносабатлари, ўзи ва атрофга бўлган муносабатини ҳам ўзгартириб юборган одамни учратсангиз, унинг беморлари билан шахсан таниш бўлсангизчи? Кеча узоқ йиллар Мирзакарим Норбеков саломатлик марказида машғулотлар олиб борган, сўнгги вақтларда ўз саломатлик масканида мустақил фаолиятини бошлаган Аҳмаджон Ҳасанов дарсида қатнашдим.

Невропатолог, врач-психолог Аҳмаджон ака шу вақтгача кўплаб инсонларни оғир касалликлардан тузатиб, чуқур тушкинликда ҳаёт йўлини йўқотганларга ёрдам қўлини чўзган, уларни муаммолар ботқоғидан олиб чиқа билган инсон.

Биласизми, саломатлик масканидаги муҳит мени ҳайратга солди. Машғулот бошида Аҳмаджон ака қатнашчилар ўзини қандай ҳис этаётгани, қандай натижага эришганини сўраб чиқди. Биринчи бўлиб 70 ёшлар атрофидаги онахонни ўртага таклиф қилди. Қанчалик эриш туюлмасин, унга сенлаб мурожаат қиларди: “Озода, ўрнингдан тур, қандай ўзгаришлар бор?” (Онахоннинг айтишича, эндигина 18 ёшга кирибди.)

Онахон енгил қадамлар билан ўртага келди. Ўтган 9 кун ичида қандли диабети бутунлай йўқолгани (!), бўғимлари оғримаётгани, кайфияти яхшилигини, ўтган куни уйда қўшиқ қўйиб, бола-чақа, неваралари билан ўйин-кулгу қилганини айтди. Исмини эслаб қололмаганим бир аёл (1984 йил туғилган экан) эса уч кун ичида бўйнидаги яра (эгзема бўлса керак) бутунлай тузалгани, эмизикли боласи тинч ухлашни бошлагани, кайфияти кўтаринки эканини айтди. Хуллас, бу ерга муаммоси йўқ одам келмайди, келганларнинг эса ҳаммаси (юз фоиз) саломатлиги, ҳаётида катта ўзгаришлар рўй бераётганини айтди. Яна бир йигитчани ота-онаси руҳий касалликлар шифохонасига ётқизмоқчи бўлган экан. Муаммо фақатгина йигитчанинг ўзида эмаслигини билган Аҳмаджон ака унинг онасига ҳам машғулотларга бепул қатнашишни таклиф қилибди. Курс бошланганида Аҳмаджон акага қандай қилиб кулиш мумкинлигини сўраган йигитча йиғилганларга латифа айтиб беришни бошлаганини сўзлаб берди.

Кейин ўша кунги мавзу: одатлар, характер ва ҳар хил ўй-хаёлларнинг саломатликка таъсири, қандай характерли одамлар қанақа касалликларга чалиниши ҳақида маълумотлар берилди. Ҳар бир маълумот ҳаётий мисол, далиллар билан изоҳланар, мустаҳкамланар экан.

Менга маскандаги муҳит ёқди. Машғулотлар давом этаётган бўлса ҳам ҳамма ўзини мутлақо эркин тутарди. Кимдир ўрнидан туриб, секин чиқиб келади, кимдир орқа томонга ўтиб бемалол керишади, яна бир одам эса бўш стулларга чўзилиб ухлаб ҳам қолаверади. Соат 12 бўлганида эса (машғулотлар 9 да бошланади) танаффус бериларкан. Ҳамма орқадаги стол атрофида ўтириб, тушлик учун олиб келган овқат, ширинликларини ўртага қўяркан. Шу ерда ҳамма биргаликда енгил тамадди қилиб оларкан. Мени ҳам таклиф қилишди. Тортиниб ўтирмадим.

Тушликдан кейин амалий машғулотлар бошланди. Ҳар хил жисмоний ва руҳий машқлар бажарилди. Кўз, ички аъзолар, руҳий машқлар. Охирида ҳар кимга уйда бажариши учун топшириқлар берилиб, машғулотга якун ясалди.

Аҳмаджон аканинг дарс ўтиш услуби ўзига хос. Ҳаётий мисолларни келтираётганда бутунлай ролга киришиб кетади. Ростдан йиғлаётган ёки чин дилдан кулаётганга ўхшайди. Орада хазил-ҳузул ҳам қилади. Турли ёш, турли муаммолар билан келган инсонлар тез орада ягона муҳитда бир хил кайфият, бир хил ҳолатдаги, яъни қувноқ, тетик ва соғлом кишиларга айланишига гувоҳ бўлар экансиз, Аҳмаджон аканинг умри беҳуда ўтмаётгани, ўнлаб, юзлаб, минглаб кишиларга умид ва ишонч улашаётганига амин бўласиз.

 

sanjarsaid