Қаерда тунаган маъқул: меҳмондами-меҳмонхонадами?

10 ой. аввал Мулоҳаза8

Охирги постимда шаҳарга борганлар кимнингдир уйида эмас, меҳмонхона ёки хостелларда тунаб қолгани маъқул, дегандим. Кутилмаганда кўпчилик фикримни ёқлаб чиқди. Ростдан ҳам шундайми?

Кореялик танишларим бор эди. Чолу кампир. Суҳбатларнинг бирида шу мавзу кўтарилди. “Кореяда ҳам катта шаҳарга иш билан келган одамлар бир халта гуруч кўтариб танишларининг уйига бораверарди. Ҳозир ундай эмас, бирор жойда учрашар, лекин тунаш учун меҳмонхонага борилади. Масалан, мен ҳам меҳмонхонада ўзимни эркин ҳис қиламан. Хонада бемалол ички кийимда юришим мумкин…” деганди чол.

Бу масалада аниқ тўхтамга келолмадим очиғи. Ислом ақидасига кўра, Аллоҳ ва охиратга иймон келтирган одам меҳмонини иззат қилиши керак. Меҳмон хонадонга ризқ-бараканинг келиши ва балою офатларнинг кўтарилишига сабабчи бўлади. Силаи раҳм, меҳр-оқибат, қариндош-уруғчилик деган нарсалар ҳам бор. Лекин, вазиятга бошқа томондан қарасак, ҳозир аввалгидай ички-ташқи ҳовлилар йўқ. Кўп қаватли, бир хона-икки хонали уйда хотин-бола-чақанинг юриши, ювиниши, кийим алмаштириши, ҳожатхонадан фойдаланиши бор. Меҳмон ҳам мезбоннинг, эр ёки хотинининг қош-қовоғи, кайфиятига қарашга мажбур. Тунда меҳмон ёки мезбон қаттиқ хуррак отиб ухлатмасачи? Меҳмон ҳам ювиниши, эҳтимол кийимларини ювиши керакдир. Мезбоннинг меҳмон кутишга шароити, имконияти бўлмаса, кутилмаган вазиятлар чиқиб қолсачи? Хуллас, эътирозлар анча-мунча йиғилиб қолибди. Ушбу фикрларни кеча ярим тунда қоралаб қўйгандим. Фейсбукда эълон қилинган постимда ҳам худди шу мазмунда изоҳ қолдирганлар бўлди. Демак, бу фақатгина менинг фикрим эмас.

Эҳтимол меҳмон бўлиш ва меҳмон кутиш одобларини қайта ўқиб чиқишимиз ёки уларни қайтадан ёзишимиз керакдир, нима дейсиз?

sanjarsaid