Тошкентда қандай қилиб арзонроққа тунаб қолиш мумкин?

4 й. аввал Жамият2,455

Яқинда бир иш билан Тошкентга бордим. 12 йил яшаган қадрдон шаҳрим. Дўстлар, қадрдонлар жуда сероб, Худога шукур. Оилали яқинларимни безовта қилмай бирор бўйдоқ дўстимникида қоларман, деган ўйда ишларимни хотиржамлик билан тамомлаб, шом пайти бирма-бир уларни йўқлай бошлайдим. Аксига олиб бирови телефонни кўтармайди, бири эса бошқа жойда эканини айтади. Хуллас, бирмунча вақт қўнғироқлашгандан кейин телефон қилишгаям хафсалам қолмади. Телефоним заряди тугаб қолганча бирор арзонроқ меҳмонхона топа қолай, деган қарорга келдим.

Ўзим арзон бўлса керак, деб ўйлаган меҳмонхоналар рақамини интернетдан топиб, телефон қилиб кўрдим. Икки-уч юлдузли меҳмонхоналарда бир кеча тунаш 70 минг сўмдан бошланар экан (Бу пулни тўлагандан кўра Жиззага бориб келақоламан). Кейин гуглга бошқа қидирув жумлаларини киритдим: “Арзон меҳмонхона Тошкент”. Бир кечага 20 минг сўмдан квартира ёки хостеллар чиқа бошлади. Пойтахтда шунча йил яшаб мотел, хостеллар борлигини билмаган эканман, қойил! Хуллас, биттасига қўнғироқ қилдим (+998 90 9571157). “Инжир хостел” экан номи. Юнусобод-17 мавзеси “Самара” тўйхонаси яқинида жойлашган. Излаб бордим. Катта кўчадан сал ичкарироқда, меҳмонхонадан кўра кўпроқ милиция таянч пунктига ўхшаб кетадиган бир қаватли бинода экан. 1Шароитлари, тинч жойда экани маъқул келди (20 минг сўмга бундан ортиғини тасаввур қилиш қийин). Бир оқшом шу ерда қолдим.2Шаҳарда бозорчилар кунига беш минг сўм бериб ётадиган квартиралар борлигини эшитганман. Бозорчилардан суриштириб топса бўларди арзонроқ вариантни ҳам. Лекин у ерда кимлар яшайди, шароитлари қандай, пул, буюмларингизнинг йўқолмаслигига кафолат борми-йўқ, аниқ айта олмайсиз.

Хостел ёки меҳмонхоналарнинг яна бир яхши томони шундаки, шаҳарга кеч келсангиз ҳам бировни безовта қилишдан хижолат бўлмайсиз, ярим оқшомда ҳам кириб бораверасиз. Буюмларингизни маъмуриятга топшириб, тинчгина хордиқ олаверасиз.

PS: Шу мавзуга оид бошқаларга ҳам ёрдами тегиши мумкин бўлган маълумот, тавсияларингизни изоҳ сифатида қолдирсангиз, илтимос.

sanjarsaid