“Камолот” ва камолотчилар

1 йил аввал Мулоҳаза22

Бир неча кун аввал Фейсбукда Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракат ҳақидаги танқидий фикрларини эълон қилиб, айрим тахминларим ва таклифларимни билдирган эдим. Пост қарама-қарши фикрларга сабаб бўлди. Ҳар ким ўз фикрини, таклифини билдирди. Мендан ўпка-гина қилган қадрдонларим, асосли танқид қилганлар ҳам бўлди. Вазият бир оз совиди, гина-кудуратлар унут ҳам бўлди. Аммо гапларимни ҳазм қила олмаган айрим камолотчилар менинг мутлақо бошқа мавзудаги постларимга ҳам “ҳужум” қила бошлашди. Пост остида ҳар ким ўз далилларини келтириб, ҳақлигини исботлашга, айрим ўринларда эса шахсиятимга тегадиган фикрларни қолдира бошлади. Бундан асабийлашдим очиғи. Кейин “Камолот”ни бутунлай ёпиб ташлаб, унинг ишини мустақил нодавлат нотижорат ташкилотларга юклаш керак, деган таклифни ўртага ташладим. “Жанг” қизиган вақти аксига олиб сафарда бўлиб, интернетга кира олмадим. Кетма-кет танишлар, дўстлар ва бошқалар Фейсбукдаги “қиёмат” ҳақида айта бошлагандан кейин кирсам…

fb

Хўп, мен хато фикр билдирибман, ташкилот ва унинг аъзоларини асоссиз айблаб, ноўрин гапларни айтибман, дейлик. Аммо буни англатиш, менга қарши фикр билдириш учун одам сал мулоҳаза юритса, вазиятга холис баҳо берса бўлмайдими? Нима учун фикрим учун шахсиятим ва оилам тилга олина бошланди? Нима, “Камолот” менинг гапим билан очилиб, танқидим билан ёпилиб қолармиди?! Ёки “Камолот” аъзолари ёки хайрихоҳларининг сўкиниш, таҳдид қилиш ва камситишдан иборат ҳимоясига муҳтожми?! Постимни халқ кўриб, муносабатини билдириб турибди, дўсту душман кузатаяпти! Бундай нохолис муносабат “Камолот”га қанчалар қимматга тушишини, камолотчиларга нисбатан қанчалик салбий таассуротлар уйғонишига, кейин эса барчаси – хўлу қуруқ баравар ёнишию, беш-ўнта фанатиклар касрига минглаб заҳматкашлар, фидойиларнинг меҳнати бир пул бўлишини “фаоллар” тасаввур қила оладими?! Бундай аъзолар билан “Камолот” қандай қилиб эзгу, бунёдкор ишларни амалга ошира олар экан?! Эътирози, қарши фикри бўлса, марҳамат – Интернет бор, “Камолот” измида бўлган қанча оммавий ахборот воситалари бор. Фойдалансин ўша минбарлардан! Ташкилот бир неча йиллардан буён ўтказаётган медиатренингда қатнашган юзлаб, минглаб ёш журналистлар, блогерлар қани? Улар айнан шундай пайтда ташкилот жонига аро кирмаса қачон ўз кучини намоён этади?! Нега улар фикримга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашмасдан шахсиятим, оиламга тош отаяпти?!

Мен – блогерман, мен – оддий фуқаро, жамиятнинг бир аъзоси, шу юртнинг бир бўлагиман. Мен ҳам фикр билдириш ҳуқуқига эгаман. Агар ноўрин гап айтган бўлсам, Қонун бор, суд бор мени айбдор деб ҳукм чиқарадиган. Аммо мени хоин ёки аламзадага чиқаришга камолотчиларнинг асоси ҳам, ҳаққи ҳам, ҳуқуқи ҳам йўқ!

PS: Бир неча кундан бери ўзим ишлаган корейс фирмаси директорининг сўзларини эсга олаяпман. Эндигина иш бошлаган фирма ишчилари билан мажлисда директор: Агар фирмада сиз бирор хато иш қилсангиз, мижоз сизни эмас, балки фирмани ёмонлайди, танқид қилади. Шунинг учун хато иш қилишдан эҳтиёт бўлинг, мижозлар билан яхши муомалада бўлинг. Ҳурматли камолотчилар, ортингизда жуда катта куч ва катта ҳимояга эга ташкилот турибди. Халқ эса сизнинг хатти-ҳаракатингиз, гап-сўзингизга қараб “Камолот”га баҳо беради. Қадамингизни ўйлаб босинг, йўқса айтилган, айтиладиган ва бундан кейин ҳам айтиладиган аччиқ гап-сўзларга чиданг!

PPS: Кимлардир пичоқ кўтариб мени қидириб юрган экан. Ҳатто телефон номерини ҳам берибди. Ўзимга соқчи ёлласаммикан?

sanjarsaid