Ажралишлар ҳақида

11 ой. аввал Мулоҳаза19

Яқинда Тошкент шаҳар ҳокими пойтахтда ажрашаётган эр-хотинлар рўйхати матбуотда эълон қилиниши бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилаётганини маълум қилди. Бу хабар интернетда акс-садо бериб, аксарият кўпчилик, шу жумладан менинг ҳам эътирозларимга сабаб бўлди. Ахир бу шахсий эркинлик, ҳуқуқларнинг поймол қилинишидан бошқа нарса эмас. Тўғри, Тошкентда қурилаётган ҳар уч оиланинг бири барбод бўлаётгани, ажрашган ҳар тўрт-беш аёлнинг биригина қайтадан оила қураётгани ҳақиқатдан ҳам ачинарли ҳолат ва бу рақамлар энди йилдан-йилга ортиб бораверади. Чунки воқеалар ривожи, одамларнинг аҳволи ва кайфияти шундан далолат бераяпти. Жамиятимизда ижтимоий масъулиятларни зиммасига олиб, эрлик, хотинлик ёки фарзандлик мажбуриятларини бажаришни истамайдиганлар кўпайиб бораяпти. Оиладаги қийинчиликлардан осонгина воз кечиб, Россияга қочиб кетаётган эркаклар бемаза қовуннинг уруғиданам кўпайди. Бошқа ҳолат ва вазиятлар ҳам кўпайгандан кўпайди. Давлат тепасидаги амалдорларнинг эса боши қотган, нима қилсак оилаларни сақлаб қоламиз, қандай чора кўриш керак?

Қизиқ, бундан юз йилча аввал ота-боболаримиз, момоларимизнинг турмушнинг ҳар қандай юкини елкасига ортиб, ўз оиласи учун жонини фидо қилишига, ажрашиш, хиёнат ёки кеч оила қуриш каби ҳолатларга рўйхуш бермаслигига қандай куч қаршилик қилган экан? Ахир у пайтларда қонун, давлат, маҳалла, участкавой, суд каби таъсирчан, қудратли институтлар ҳозиргидек мавқеда бўлмаган-ку. Ўша қонун, суд, маҳалла фаолларию мелисалар кириб бора олмайдиган эр-хотин ётоғи, улар аралашолмайдиган ўзаро муносабатлар, меҳр ва шафқат ришталари ниманинг эвазига мустаҳкам эдию, нега бугун улар мўртлашиб, тобора емирилиб бораяпти? Ниманидир назардан четда қолдираётгандек туюлмаяпмизми? Ўша “нимадир” юз йил эмас, ҳатто ўттиз йил муқаддам ҳам одамларни бирлаштирар, лоқайдлик, бепарволик, масъулиятсизлик каби иллатларни тан олмас эдику. Ўша “нимадир” одамлар ҳаётининг мазмуни, кучли ва ишончли таянчи, умид ва илинжи эди. Оилани ҳам, ота ва она, эр ва хотин, фарзандлар ўртасидаги муносабатларни ҳам у белгилаб, тартибга солиб турарди. У қалбларни бир-бирига боғлаб, илитар эди, оила қўрғонига раҳна солмоқчи бўлган ёвуз кучлардан ҳимоялар эди. Менимча, биринчи навбатда ўша “ниманидир” қайтариш, ўз ўрнига қўйиш керак. У жамиятдаги ҳар қандай муаммони ечишнинг самарали йўлларини кўрсатиб бера олади. Акс ҳолда вазият бундан ҳам ёмонлашиб бораверади. Бугун Тошкентда шу ҳол кузатилса, эртага бошқа вилоятларда ҳам рўй беради. Чунки вазият тўлиб, етилган, анча-мунча оилалар қоғозда бору амалда барбод бўлиб улгурган. Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори ҳам ана шундай сохта оилаларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Чунки у асл сабабларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга қаратилмаган. Оиласини эплолмаган ношудларни шармандалик қўрқитармиди?!

sanjarsaid