Эҳтиёт бўлинг – янгилик!

1 йил аввал Мулоҳаза31

Умрим ахборотлар ичида ўтаяпти. Ўқувчига бир янгилик бериш учун ўзим ўнини ўқиб чиқишим керак. Уларга шунчаки кўз югуртириб ўтаману, аммо онгости тафаккуримда минглаб керакли-кераксиз ахборотлар йиғилиб бораётганини ҳис этаман. Айниқса охирги кунлардаги керагидан ортиқ янгиликлар, ҳар хил гап-сўзлардан чарчадим. Ҳадеб хавотирланавериш, тез-тез телефон титкилаш, лентанинг минут, сония сайин янгиланмаганидан асабийлашиш, ҳеч гап бўлмаганда нимадир ёзиб, бўлишиш…

Сезаяпсизми, ахборотлашганимиз сайин қалбимиздаги ҳаловатимиз йўқолиб бораяпти. Аввал жарчилар, кейин журналистлар, бугун эса ҳамма ахборот тарқатувчи. Телеграмда болалаб кетган каналлар тинмай вижирлайди, ижтимоий тармоқлар гап-сўзга тўлди, янгиликлар сайтлари кечаю кундуз тиним билмайди. Миямиз эса шунча ахборотни ҳазм қилишга улгурмай, пақ этиб ёрилиб кетаман, деб турибди. Биздан минг, ўн минг километр узоқдаги одамнинг ташвишини ўзимизники қилиб, ҳар куни у учун қайғурадиган, лекин ёнгинамизда турган одамнинг дардига қулоқ тутмайдиган бўлдик. Меҳмонми, дўстимизми, оила аъзосими, фарқи йўқ, гўёки ўта муҳим иш қилаётгандек экранларга термулганимиз-термулган. Умримиз, ҳаётимиз, орзу-хавасларимиз виртуаллашаяпти, реал ҳаётдаги муаммоларга тоқат, сабр қила олмайдиган даражада нозиклашиб бораяпмиз. Бизни оддий гаплар овунтирмай қўйди. Чунки минглаб аккаунтлар, профилу статус, пост, блогпостларда улар ёзиб қўйилган – айтмасангиз ҳам ақлли гапларни биламиз. Аммо билган нарсамиздан юпана олмаяпмиз, бошқаларни ҳам овунтириш қўлимиздан келмай қолмоқда. Миямиз қандайдир кераксиз, мутлақо зарарли янгиликларни ҳазм қилиш билан банд турган пайтда на ўзимизни, на бошқаларни тарбиялашаг куч тополмаяпмиз. Уларга вақтимиз ҳам, тоқатимиз ҳам етмаяпти.

Билмасвой ҳақидаги мультфильмни кўрган бўлсангиз керак. Болаларни авраб узоқ оролга олиб бориб, арғимчоқлар бериб қўяди. Болалар югуриб-елиб улкан мурватни ҳаракатга келтиради. Биз ҳам ўша қулоқсиз болалардек кимларнингдир тегирмонини айлантираяпмиз. Охир-оқибат онгсиз, ўзи фикрлай олмайдиган, копи-пастдан у ёғини билмайдиган эшшакларга айланаяпмиз…

Ахборот – менинг иш қуролим, бозорга олиб чиқадиган маҳсулотим. Савдогар ҳеч қачон товарини ёмонлаймади, акс ҳолда бозори касод бўлади. Шундай бўлса-да виждон билан бир гапни айтай: янгиликлардан эҳтиёт бўлинг, меъёридан ортиқ қабул қилинган ахборот ҳаёт учун хавфли!

sanjarsaid