Қўшработ

4 й. аввал Жамият109

Лоиш билан Қўшработ ўртасидаги масофанинг яқинлиги (66 км) мени чалғитди. Уч-тўрт соат йўл босиб, кеч кирмасдан шаҳарга кириб бораман, деган ўйда салқин тушишини кутдим. Аммо ҳаммаси мен ўйлаганчалик эмас экан. Орадаги масофани бир оз қисқартираман, деган ўйда Лоиш-Иштихон йўли қолиб, Чавкар ва Ўтап қишлоқлари орқали Челак-Митан йўлига тушиб олмоқчи бўлдим. Харитада Оқдарёдан ўтадиган кўприк ва икки қишлоқ орасида йўл тасвирланмаган. Қишлоқ одамларнинг гапига кўра орада йўл ҳам, кўприк ҳам бор.6Оқдарё.

Хуллас, тош йўллардан ўтиб, одамлардан сўраб-суриштириб, бир амаллаб Митан йўлига чиқиб олдим. Катта йўлдан Митангача бўлган 20 км масофани бир соатларда босиб ўтдим. Йўл текис, машиналар кам эди. Митан шаҳарчасида эса телефонимни қувватлантириш учун йўл бўйидаги ошхоналарнинг бирига кириб, баҳонада компьютердаги ишларимни ҳам битириб олдим. Кун эса тобора ботиб борар, олдинда 30 чақиримлик йўл кутарди.

Барча ишларимни якунлагунимча қуёш ҳам ботди. Ўзимга ишонч юқори, велосипед чироғини ёқиб етволаман, деган ўйда Қўшработ томон отландим. Лекин ҳақиқий синовлар, машаққатлар олдинда экан. Йўл тобора баландлар, кун қораяр, аксига олиб қарши томондан шамол эсар эди. Йўл бўйи нечта қишлоқ чиққан бўлса, биттасида ҳам чироқ йўқ – олам зулматга чўмди. Ора-орада ўтиб қайтаётган автомобиллар ҳам асабни бузади: қарши томондагиси чироқнинг узоқни ёритадигани ёқиб кўзни қамаштирса, ортдан келаётганлар гўёки гаранг ёки маст одам велик ҳайдаб кетаётгандек тинмай сигнал чалиб ўтади. Баъзиларига қўлимни кўтариб, хушёрман, келаётганингни билиб турибман, дегандек ишора берсам, баъзиларига эътибор қаратмасликка ҳаракат қилдим. Йўлнинг ярмиларини чамаси босиб ўтганимдан кейин эса қишлоқлар ҳам орқада қолиб, янада баланд тепаликлар бошлади. Шу тепалик устига чиқсам, пастлик бошланади, деган ўйда олдинга интиламану, устига чиққанимда чучварани хом санаганим, ундан кейинда янаям баланд қирга кўтарилишим кераклигини кўраман. Ҳам тепага кўтарилиш, ҳам шамол қаршилигини енгиш, унинг устига, йўлдаги чуқурларни айланиб ўтиш сафарнинг ҳақиқий машаққатлари бошланганидан дарак берарди. Яхшиямки ой чиққан, велик чироғи етиб бормайдиган жойлар ғира-шира кўриниб туради. Бир томондан ваҳимали, бир томондан одамга қандайдир куч, завқ берадиган ҳолат. Тепага кўтарилиш қанчалик қийин бўлмасин, ичимдаги қандайдир қайсарлик, ўжарлик менга катта куч берди. Бутунлай ҳолдан тойган вақтларим великдан тушиб, уни етаклаганча йўлда давом этавердим.

Ниҳоят энг баланд тепаликка чиқдиму кўз ўнгимда чироқлари милтиллаб турган Қўшработ намоён бўлди. Цивилизация! Йўлга чиққанимдан бери энди чироқ нурлари, ҳақиқий одамлар яшайдиган манзилга етиб келдим (ортда қолган қишлоқлардаги сукунат ва зулмат уларда ҳеч ким яшамайдиган таассурот уйғотади гўё). Худога шукур ва ҳамдлар айтдим. Ўзимни Эверестни забт этган алпинистдек ҳис этдим. Ортдаги машаққат ва қийинчиликлар зумда ёдимдан кўтарилди. Шаҳаргача 3-4 километр қолган. Секин пастлашни бошладим. Бир пайт йўл четига “спарк” машинаси тўхтаб, ҳайдовчиси мендан Иштихон йўлини сўради. Ҳозиргина юриб келган йўлимни кўрсатиб, тўппа-тўғри юрсангиз, фалон чақиримдан кейин Иштиҳон келади, десам ишонмайди. Смартфонимдан харитани кўрсатиб, йўналишини чиздириб кўрсатсам ҳам ишонмайди. Шубҳалана бошладим, нега бу киши ўзини бошқача тутаяпти, эссиз, велигимда бирорта ҳимоялайдиган нарса олиб юрмаяпман-да… Бир пайт ҳайдовчи исмимни айтиб қолса денг! Митанда қўшработлик акахоним, рассом Аслиддин Мавлоновга қўнғироқ қилиб, икки соатларда ўша ерда бўламан, дегандим, ака ҳам кутиб-кутиб охири хавотир олганча мени қарши олиш учун йўлга чиққан экан. Кечги 10 дан ўтиб кетган, унинг устига шаҳаргача арзимаган йўл қолгани учун великни “Спарк”ка ортиб, қолган йўлни машинада босиб ўтишга рози бўлдим. Бир амаллаб велосипедни машинага ортиб (“спарк”каям велик ортса бўларкан J ), шаҳарга кираверишдаги намунали уйлардан бирида турадиган Аслиддин аканинг уйига кириб бордик.

Аслиддин ака билан ҳам кўп йиллардан бери виртуал дўстмиз. Ҳаётда бирор марта учрашмаган бўлсак ҳам, минг йиллик қадрдонлардек кўришиб, тунги 2 ларга қадар гурунглашибмиз. Эртанги куни ишларимни тугаллаб олгунимча тушга яқинлашиб қолди. Кейин Аслиддин ака билан Қўшработни айландим, у кишининг ишхонаси – тумандаги болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлдим. Бир гап билан айтганда, кун таассуротларга бой ўтди. Шаҳар менга жуда ёқди. Тоза ҳаво, гўзал манзара, самимий одамлар…2 3 4 5

Эртага Нуротага йўл олишим керак. Олдинда мени қарийб 100 километрлик йўл, янги саргузаштлар кутмоқда.

 

sanjarsaid