Самарқанд таассуротлари

1 йил аввал Жамият32

Ғаллаороллик мезбон: «Биз томонларнинг тўйини кўрмай кетмайсиз», деб эрта тонгда икки-уч қишлоқ нарига тўйга олиб боргани учун Самарқандга кун исиб бошлаган вақти йўлга чиқишга тўғри келди. Кечқурун велосипедимни Ғаллаоролга кираверишдаги машина ювиш жойида омонат қолдирган эдик. Йўлга чиқишдан аввал мезбонлар велосипедимни «карчер» қилиб беришди. Кеча зиёратгоҳга чиқиш вақтида чангга кўмилган экан, топ-тоза бўлиб қолди.1Ғаллаорол йўли ҳам Самарқанд вилоятига киргунича тиккалаб кетаркан. Аста-секин педал айлантириб, атрофни томоша қилиб кетавердим. Йўлнинг анчагина қисмида икки чет дарахтзор, асосан бодомзор. Бир жойда икки боланинг бодом тераётганини кўриб мен ҳам тўхтадим. Атайин пастроққа тушиб, уларни гапга солдим. Бодомларнинг деярли ҳаммаси аччиқ экан. У бошидан излаб-излаб шу ерда чучугини топишибди. Уларга қўшилиб мен бир-икки бодом териб, чақиб еб олдим. Болаларнинг пўстлоғи қуригани мазалироқ бўлади, деганича бор экан.2Бодом териш баҳона озроқ дам олгач, қаршимдаги асосий довон – баланд нуқта (виший точка)га кўтарилишни бошладим. Шу тепаликка чиқсам, у ёғи Самарқанд. Тепалик узоқдан қанчалик маҳобатли кўринмасин, уни босиб ўтиш ўйлаганимдек машаққатли эмас экан. Велосипедни энг паст тезлигида кўтарилиб олдим. Тепада зотдор итларни сотадиган йигитлар билан яна озроқ гурунглашдим.  Қаердан келаётганим, қаерга бораётганим, қанча тезликда юришим ва ҳоказоларга қизиқишди. Мен эса итлар, зотию нархлари ҳақида суриштирдим. 100 мингдан 300 долларгача бор, дейишди.4Юқори нуқтада Самарқанд вилояти ёзуви остидаги крандан сув чиқаркан. Муздек сувга чанқоғимни қондириб, идишни ҳам тўлдириб олдим. Булунғурдан Самарқандгача энди пастликка қараб кетади, педал айлантириш ҳам унча қийин бўлмади. Иссиқ сабабли тез-тез соя-салқин жойларда дам олиб, йўл бўйидаги қурилиши битмаган кафеда Самарқанд нони ва пепси билан тушлик қилиб (Булунғурдан Самарқандгача йўл бўйидаги бирорта ошхонада терминал ишламас экан), хуллас, аср вақти атрофида шаҳарга кириб бордим.

Ғаллаоролдан чиқмасимдан Тўлқин ака Юсупов қўнғироқ қилиб, қаерга етиб келганимни тинмай суриштириб турди. Шаҳарда деярли тўхтамасдан (велосипедим билан эсдаликка расм тушганимни ҳисобга олмасам) Тўлқин ака кутиб турган Амир Темур ҳайкали томонга ҳайдадим.11Қадрдонлар Самарқандда ҳам учрашиб, мириқиб суҳбатлашдик.  Кеч тушиб, шаҳар осмони қарайишни бошлаган маҳал хайрлашдик. Аканинг велосипедни бирор танишникида қолдириб, Жумага олиб кетай, деган таклифига рад жавобини беришга мажбур бўлиб, Хожа Аҳрор Валий зиёратгоҳи томон йўл олдим. Шу атрофда курсдошим, хонадошимнинг уйи бор, бошқаларни безовта қилмасдан, унинг уйида тунашга келишиб қўйган эдим.

Аксига олиб дўстимнинг оилавий тадбири бор экан, кечки тўққизларда бўшашини айтди. 8 яримларда уйи томонга бориб, интернетга кириб вақт ўтказар эканман, йўл чарчоғи сабаб бошим остига сумкамни қўйиб, ўриндиққа чўзилиб, мезбон бўлмишни кута бошладим. Бир соатлар чамаси вақт ўтди. Қоронғулик қуюқлашиб, масжиддан ҳуфтон намозига азон айтилди ҳамки, дўстим қўнғироқ қилмайди. Яна бир соатлар ўтди, ўткинчилардан бирининг олдимдан “Спокойни ночи”, деб кетиши эса хўрлигимни келтирворди. Тўрт йил университетда ўқиб, бир хонада талабаликнинг оғир-енгилини бирга кўрган дўстим маишатини ташлаб кела олмадия, деган хаёл келди. Шартта “гугл мапс”га кириб, энг яқин меҳмонхоналарни қидира бошладим. Бульварда бор экан, велик чироқларини ёқиб, ўша томонга отландим.

Меҳмонхонага жойлашганим яхши бўлган экан. Кийимларимни ювиб, ўзим ҳам енгилгина бўлиб олдим. Интернет “вип”. Дўстим эса 11 яримларда қаердасан, мен бўшадим, деб қўнғироқ қилди. Уни ёмон кўрсатиш ниятим йўқ, тўғри тушуниш керак. Мен уни ўзимга қанчалик яқин олишим билан унинг менга нисбатан фикрида тафовут бўлиши мумкин ва бу табиий. Ундан сира хафа бўлганим йўқ. Ўзим Самарқандга велосипедда бораётганимни эрталаб айтгандим, режаларини мен сабаб ўзгартиришга мажбур эмас.

Меҳмонхонадаги тун осуда ва тинч ўтди. Кийимлар ҳам эрталабгача қуриб қолибди. Энди нонушта қиламан, деб тургандим, самарқандлик Акмал ака Хушвақов қўнғироқ қилиб қолди. Режаларимни эшитиб, бирга нонушта қилайлик, деб қолди. Булварда учрашиб, яхши кабоб тайёрлайдиган жойга бордик. Акмал ака билан фақатгина виртуал таниш эдик, ҳаётда биринчи марта учрашиб турган бўлсак ҳам минг йиллик қадрдонлардек кўришиб, мириқиб суҳбатлашдик. Меҳмонхонада тунаганимни эшитиб Самарқандга келганимни эртароқ билмаганидан афсус қилиб қолди, уйлари ҳам Бульварга яқин жойда экан.10

Акмал ака билан хайрлашиб, меҳмонхонага қайтиб келдим. Тушгача вақтим бор, меҳмонхонада озгина ишларимни бажариб олдим. 12 га яқин хонани топшириб, яна Бульварга чиқдим. Лоишгача яқин, кун иссиғи қайтганда йўлга чиқсам ҳам бўлади. Хиёбондаги ўриндиқларнинг бирини банд қилиб, интернет “саёҳати” билан овора бўлиб тургандим, Шуҳрат ака Шокиржонов қўнғироқ қилиб қолдилар. Самарқандлик твиттерчилар тушликни бирга қилишни мўлжаллаган экан. Тез орада Шуҳрат ака ва Фарҳод етиб келиб, велосипедни “Кобалт”нинг орқасига юклаб, Самарқанд ошини тайёрлайдиган марказга йўл олдик. У ерда сафимизга Усмон ака Ибодов ҳам қўшилдилар. Биринчи марта ҳақиқий Самарқанд ошини татиб кўрдим – жуда мазали экан. Бошқа жойларнинг ошига бўлган энг юксак ҳурматимни сақлаб, уларга биринчи ўринни берган ҳолда зиғир ёғига қилинган Самарқанд ошига Гран-Прини ажратган бўлардим.13 Самтвипл аъзолари билан суҳбат 16 гача чўзилибди ўзиям. Ош марказида биздан бошқа ҳеч ким қолмади, ходимлари илтимос қилгандан кейин ўрнимиздан туриб, Бульварга қайтиб келдик. Мезбонлар билан хайрлашиб, Лоишга қараб йўл солдим.

Йўл-йўлакай Даҳбеддаги Маҳдуми Аъзам ва Челакдаги имом Бухорий зиёратгоҳларига кириб чиқдим.14 18Қуёш ботиб, шом вақти кираётганда Лоиш шаҳарчасига етиб бордим. Лоишда бир кеча холамнинг уйида меҳмон бўлдим. Очиғини айтсам, шу пайтгача холамникига келмагандим. Бизникида ёки бошқа қариндош-уруғларникида учрашиб юраверар, Тошкентдаги ҳаётим эса мени қариндошлар, силаи раҳмдан анча узоқлаштириб юборганди. Балки ростдан ҳам шароит, имкониятим бўлмагандир, эҳтимол баҳона, ўзимни ўзим алдаб юргандирман, билмайман, орадан неча йиллар ўтиб, бўлаларим катта бўлибди, холам серфарзанд – беш боласи бор, уларнинг айримларини эса мутлақо танимайман, бирортасининг исмини билмайман. Виждоним қийналиб юрардим. Аслида велосаёҳатга чиқишимга ҳам холамнинг уйига боришга бўлган кучли истак ҳам сабаб бўлган эди. Лоишга, холамникига боришимни билган онам аввал бошдан Лоиш яқинидаги Муллақўрғон қишлоғида дадамнинг жияни, катта аммамнинг қизи ҳам яшашини, у кишининг уйига ҳам ўтишимни айтганди. Кейинги куни тушга яқин у ерга ҳам бордим. Мени зўрға таниди, менимча, дадамга ўхшатгани учун таниди, исмимни биларкан. Бизда (Гараша хўжаларида) амманинг катта ёшли қизларини “ойи” деб чақиришади. Ойим билан ҳам анча вақт суҳбатлашдим. Мен тенги ўғли, қизлари билан танишдим. Ойим дадам, раҳматли бобом ва раҳматли энг катта аммам ҳақида мен билмаган кўп хотираларни сўзлаб берди. Ўтган қариндош-уруғларни ёдга олдик, айрим суҳбатларда кўнглим юмшаб, кўзимга ёш ҳам келди. Ҳа-а… Оқибат, силаи раҳм анча кўтарилибди, яна қайтадан топишган қариндошлар билан суҳбатдан қалбим равшан топди, руҳим енгиллашди, қандайдир мамнунлик ҳиссини туйдим. Ойим билан хайрлашар эканман, телефон рақамларни алмашдик, борди-келдини тиклашга ваъдалашдик.

Яна холамникига қайтдим. Унгача холам лавлаги баргидан пичак тайёрлаб қўйган экан. Биринчи марта лавлаги баргидан пичак тайёрланишини эшитиб, биринчи марта ундан татиб кўрдик. Балки ишонмассиз, аммо унинг мазасига гап йўқ экан. Пичак ейиш учун тез орада Лоишга яна келишни кўнглимга тугиб, бу истагимни холамга айтиб кечки салқинда Қўшработга йўл олдим.

sanjarsaid