Нақадар тотли сўз – эркинлик!

4 й. аввал Мулоҳаза100

Бир пайтлар ўзимдан кўнглим тўлмай, ҳеч қандай сабабсиз ишлаб турган жойимдан бўшашга қарор қилганимда мен хурмат қилган бир инсон қароримни маъқуллаган ҳолда “катта қушлар кенг осмонларда учиши керак, парвозингиз бехатар бўлсин”, дея далда берган эди. Каттароқ осмонда ҳам узоқ учолмадим, тор ва диққинафасдек кўринган қафасни тарк этиб, эркинлик ва озодлик мазасини тотиш учун фақатгина Ўзига тавваккал қилиб янги жойни ҳам тарк этдим. Ҳар куни эрта тонгда ризқини излаб осмонга парвоз қиладиган қушлардек мен ҳам насибамни изладим ва уни ҳар ердан топдим. Топган ва тотган насибам охир-оқибат бир ҳақиқатни англатди: эркинликда ризқ териш ҳам, уни ўзинг ва сенга боғлиқ инсонларга улашиш ҳам “қафас”даги кети узилмаслиги кафолатланган нон-туздан минг чандон лаззатли, гаштли ва тотли экан. “Қафас”да кунинг ўтаверар, қачондир ҳаммаси яхши бўлишига ишониб, умид қилиб яшайверар экансан. Унда сен кўзлаган “чўққилар” эгалланган, эгалари уни ҳеч ким билан улашишни истамас экан. “Қафас”да ўтирган ҳолингда кўз ўнгингда намоён бўлиб турган, бир қадам ташлашинг билан сенга дунёдаги энг тотли неъмат – ҳурлик ва эркинлик оламига кириб боришингни билиб турган ҳолда одимлашдан қўрқиб, ўз қобиғингга тобора мустаҳкамроқ сингиб, кириб бораверар экансан. Кун келиб қафасинг, ишончсизлик, мутелик, ношудлик кишанлари вужудингнинг бир қисмига айланиб, бахтни ҳам, шодликни ҳам, дунёнинг бор лаззату неъматларини унинг ичида билиб, чинакам ҳаётни эса кўролмасдан ўтиб кетар экансан. Қийинчиликлар, зулм устига чандон зулм кўрсанг ҳам таваккал қилишга, аслида жуда мўрт бўлган исканжаларни парчалаб ташлашга ҳаддинг сиғмас, бора-бора инсонийлик номингни оддийгина ҳайвонликка алмаштирар экансанки, буни на ўзинг англаб еткаркансан, на уни кимдир сенга эслатар экан. Йўқ, аксинча, сенга кишанларга меҳр бериш, мутелик ва тобелик ортида тинч, маромидаги ҳаёт борлигини, сен умр деб аталмиш денгизнинг қудратли тўлқинларию суронли довулларига дош беролмаслигингни такрор ва такрор эслатиб тураркан.

Аслида эса… Ҳаёт довуллари, тўлқинлари, тушишу кўтарилишлари билан қизиқ экан. Эркинликда сен ҳеч кимга қарам бўлмас экансан, курашлар, ҳаракатлар сени мард ва жасур, қўрқмас ва қайтмас, таваккалчи, синаб кўрувчи, ҳар йиқилганида қайтадан оёққа қалқиб, курашни яна давом эттирувчи қилиб тарбияларкан. Қанча интилсанг ризқ-насиба сени шунча кўп йўқлар, ортиғи билан қўлингга келиб қўнаверар экан. Ўрмалаган жон борки ризқини ўз зиммасига олган Зот эркинликда ҳам, қарамликда ҳам сени қўллаб туравераркан.

Эркинлик – нақадар тотли сўзсан!

sanjarsaid