«Бир ойда қандай қилиб 500 минг сўмга яшаш мумкин?»

4 й. аввал Мулоҳаза118

Ижтимоий тармоқлар орқали Тошкент овози (vot.uz) сайтидаги шу сарлавҳали материалга кўзим тушиб қолди. Қайсидир бойвачча бир ойда 500 минг сўм сарфлаб яшаш бўйича ўтказган тадқиқоти натижалари билан бўлишибди. Унинг ёзганларини ўқиб бир кулгим келган бўлса, бир жаҳлим чиқди. Қисқача айтганда ота-онаси билан яшайдиган талаба-журналист кунлик 16 минг сўм харажат билан қандай яшаш мумкинлиги бўйича ўзига ўхшаган арзандаларга тажриба улашган. Ҳар куни таксида борадиган ўқишига “қаҳрамонлик” кўрсатиб метро ва автобусда боришни йўлга қўйибди. Аммо материал давомида энг кўп мурожаат қилган масала – овқатланиш борасида анча нўноқлигини исботлаб қўйибди. Кунлик харажатларининг асосий қисмини еб-ичишга сарфлаган.

Биринчи кундаги харажатларга эътибор беринг: “Куннинг биринчи чорагида мен минерал сув, камтарона нонушта — кичик товуқли сэндвич, бир неча варақ ксерокопия, нам салфеткалар ва бош оғриғига қарши “Тримол”га сарфладим. Буларнинг барчасига бутун бошли 10 минг сўм сарфладим…”, – дейди ва куннинг қолган қисмида 6600 сўмни қандай сарфлаганини айтади. Бу харажатлар ичида шамоллашга қарши 3600 сўмлик нафтизим ҳам жой олган.

Иккинчи куни чегарадан чиқиб кетади ва 27 минг сўмлик харажат қилади (13 минг сўмга тушлик). Материални тўлиқ ўқиган одам билиши мумкинки, муаллиф ўз тажрибасини муваффақиятли якунлаганини айтади. Тўғри бу пулга бир ой яшаш мумкин. Фақатгина сиз талаба бўлсангиз, қарзларингиз бўлмаса ва ижарада яшамасангиз. Шунингдек, Сусамбилдаги каби уй ва машина олиш, чет элларга саёҳатга бориш орзусида бўлмасангиз. Зиқна, хасис, ўзиям емайдиган, бошқаларга ҳам улашмайдиганлар ҳам шу пулга шоҳлардек яшаши мумкин. Кейин… бу материални баъзи раҳбарлар ўқиб қолмасин, деган қўрқувим бор. Мана, 500 минггаям яшаса бўларканку, деб маошларни қисқартириб ташламасин тағин.

Мақола муаллифига ҳам баъзи таклифларим бор. Материал сарлавҳасини «Бадавлат ота-онаси билан яшайдиган талаба-журналист қандай қилиб бир ойда 500 минг сарфлаб яшаши мумкин», деб ўзгартирсин. Чунки бир ой деб ўн кунлик тажрибани мисол қилиб келтирган мақола шунча пулга яшаш бўйича эталон БЎЛОЛМАЙДИ! Кейинги сафар шу каби тажриба ўтказишдан олдин эса оддий тенгдошлари, оддий одамлар билан маслаҳатлашсин, ҳаётни ўргансин ва оддий одамларнинг устидан кулмайдиган даражада мақола ёзсин.

sanjarsaid