Яна Artel Style ҳақида

5 й. аввал Жамият73

2014 йилнинг декабрь ойида Артел планшетларидан бирини сотиб олганим, орадан бир ойча ўтиб эса унинг бузилиб қолгани ҳақида блогпостлар ёзган эдим. Иккинчи блогпост кутилмаганда резонанс бериб, мени ва планшетимни анча машҳур қилиб юборганди. Мени таниган ва планшет тарихидан хабардор бўлганлар “Бу ўшами?” деб сўраганида ғурур билан”Ҳа, ўша” деб жавоб берадиган бўлдим. Мана, орадан 9 ойдан зиёдроқ вақт ўтаяпти, мен ва планшетим доимо биргамиз. Планшетга нисбатан фикрим биринчи блогпостдаги каби қолади. Яъни, ижобий.

Билишимча, ҳозир бу планшет ишлаб чиқарилмаяпти. Аммо худди унинг техник хусусиятларини такрорлайдиган планшет “Малика”да 440 минг сўм атрофида сотилаяпти. Бу унинг сифати ва нархи ўртасида ажойиб мутаносиблик борлигини англатади. Нега дейсизми?

Юқорида айтганимдек, планшет 9 ойдан бери менинг хизматимни беминнат бажариб келаяпти. Шу вақтгача ҳали бирор марта ҳам панд бермади. У бир вақтнинг ўзида ҳам телефон, ҳам планшет вазифасини бажараяпти. Ундан дарс ўтишда ҳам фойдаландим, мақола, блогпост ва янгиликлар ёзишда ҳам. Қуввати 15 фоизга етиб, қизариб турганда ҳам максимал ишлатсам, икки-уч соат “миқ” этмай “туриб беради”. Бундан ортиқ яна нима керак менга?  🙂

Тўғри, озроқ камчиликлари ҳам йўқ эмас. Орқа корпусининг ранги ўчиб, хунуклашиб қолди. Озгина секинроқ ҳам ишлайди. Лекин булар менинг ундан максимал даражада фойдаланишимга тўсқинлик қила олмайди.

Сўзим охирида арзонроққа сифатли ва ишончли янги планшет олиш истагида бўлганларга унинг имкониятларини амалда синаб кўрган киши сифатида Артел маҳсулотларини тавсия қилган бўлардим. Ҳар қандай гажетда заводга тегишли носозлик бўлса, уларга берилган бир ойлик кафолат муддати ичида юзага чиқади. Уларни текинга созлаб беришларига мен кафолат бераман.  🙂

Қолаверса, бугунги мураккаб иқтисодий шароитда миллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳам фуқаролик, ҳам инсонийлик бурчимиз.

sanjarsaid